Хусусан, футболчиларнинг турмуш ўртоқлари ва қаллиқларига бундестим базасига кириш мутлақо тақиқлаб қўйилди. Бироқ немисларнинг испанлар билан ўйинга яккаланган ҳолда, яъни изоляция шароитида тайёргарлик кўришгани амалда натижа келтирмади.
Евро-2024 мезбонини ярим финал йўлида ўта жиддий синов кутаётгани ўз-ўзидан маълум эди. Ҳар ҳолда, рақиб - Испания термаси олдинги баҳсларда ҳужумкор тактикаси билан эътирофга эришди. Хуллас, немислар турнир ҳисобидан биринчи жиддий рақибга қарши ўйинга ўта махфий тарзда тайёргарлик олиб бордилар. Бундестимнинг ёш бош мураббийи Юлиан Нагельсманн ҳатто принципга амал қилиб, ўз қоидаларига қарши бордилар. Bild нашри хабарида айтилишича, Германия термаси мураббийлар штаби олдинроқ футболчилар яқинларининг Херцогенаурахдаги база (жумладан, у ердаги меҳмонхонага ҳам)га киришларида ҳеч қандай салбий ҳолатни кўрмаган. Қолаверса, жамоа раҳбарларига ҳам бу қоида маъқул келган. Хусусан, Нагельсманннинг қаллиғи Лена Вюрценбергер, шунингдек, футболчилар рафиқалари мунтазам равишда жамоа жойлашган меҳмонхонада кўриниш беришган. Дейлик, Лиза Фюллькруг ва Алиса Андрих. Хусусан, Юлиан Нагельсманн Венгрия термасига қарши кечган гуруҳ босқичи ўйини якунида трибунага югуриб чиқиб, ҳамманинг кўз ўнгида маҳбубасини қучгани, ундан бўса олганида, кўпчилик бунга ҳайрат билан боққанди.
Бироқ Евро-2024 ҳал қилувчи паллага кирганида, бундестим мураббийлар штаби кутилмаганда, винтларни қаттиқ бурашни лозим топди. Шу тариқа футболчилар ҳамхоналари ва маҳбубалари олдига базага кириш масаласида тақиқ жорий этилди. Bild нашри изоҳида айтилишича, Нагельсманн бу тақиқни ҳеч нарса футболчиларни чорак финалга тайёргарликдан чалғитмаслиги ва бор эътиборни машғулотларга қаратишлари кераклиги билан асослаган. Қўшимча қилишича, гуруҳ босқичи якунлангач, «плей-офф» баҳсларига қадар Германия термаси ихтиёрида 6 кунлик бўшлиқ юзага келган ва футболчилар оила аъзолари билан етарлича кўришишганди. Хуллас, «плей-офф» босқичлари орасидаги танаффус қисқалиги эътиборга олиниб, шундай тақиқ кучга киритилганди. Бироқ бу чора иш бергани йўқ ва германиялик футболчилар муддатидан олдин бор вақт-ни бемалол ўз оилаларига бағишлашга йўл олишди...
Қўшимча қилиш керак, Нагельсманн гуруҳ босқичи давомида футбол агентларини Германия термаси базасига киришларини тақиқлаганди. Зеро, Европада трансферлар бозори очиқлигини назарда тутсак, агентлар бундестим футболчиларини турли клублар таклифлари билан чалғитишлари мумкин эди. Чорак финалдан кейин улар ҳам ўз мижозлари билан бемалол кўришиб, келажак режаларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлдилар.