Тўғри, «пентакампеонлар» 3-турда Колумбия термаси билан баҳсда муроса кўчасини танлаш (1:1) эвазига «плей-офф»га йўл олишди. Вингер Рафинья томонидан урилган голга ҳимоячи Даниэль Муньос жавоб қайтарди «Краснодар» ҳужумчиси Жон Кордоба узатмасидан сўнг. Қисқаси, Бразилия термаси «D» гуруҳида 1-ўринни эгаллаш имкониятини қўлдан чиқарди ва бошини балога урди...
2-ўринга оддий изоҳ
Доривал Жуниор бошқарувидаги Бразилия миллий жамоасининг 5 очко билан квартетда иккинчи бўлгани ва чорак финалда Уругвай термасига дуч келгани кучли реакция келтириб чиқарди, албатта. «Ҳа, гуруҳ жадвалида ўзимиз хоҳлаган ўринга жойлашмадик, лекин чемпион бўлишни истаган жамоа рақиб танламайди, - деди Рафинья колумбияликлар билан баҳсдан кейин. - Нима бўлишидан қатъий назар, кейинги ўйинга тайёр бўлишимиз керак. Ғалаба қозонишни истаяпмизми, бор кучимиз билан ҳаракатланишимиз шарт. Уругвай термаси? Ҳа, бу жамоа ҳозир жуда яхши спорт формасида. Бўлажак рақиб мураббийини яхши биламан. Уругвайликлар тактик ва жисмоний жиҳатдан пухта ҳозирлик кўришган. Аммо Бразилия термаси ҳам ривожланмоқда. Хуллас, қайси жамоа рақиб бўлишидан қатъий назар, ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишимиз шарт».
Матбуот муносабати
Бразилия ОАВда эса жамоанинг Америка кубоги-2024 гуруҳ босқичидаги иштирокига танқидий муносабат билдирилди. Журналистларга айниқса, бугунги етакчи Винисиус Жуниорнинг дисквалификацияга учрагани ёқмади. Чунончи, «Реал»нинг 23 ёшли вингери Колумбия термасига қарши баҳсда турнирдаги иккинчи сариқ карточкасини олди ва уругвайликлар билан ўйинда қатнашиш ҳуқуқини йўқотди. Умуман, бразилиялик журналистлар «селесао»нинг ўйин сифати ва натижаларидан норозилар.
ESPN: «Бразилия футболи учун ёмон натижа»
- Доривал Жуниор жамоаси учун ёмон натижа. Бу ҳар қандай ҳолатда «D» гуруҳида 1-ўринни эгаллаш ва Лас-Вегасга қайтмасликни истаган Бразилия футбол конфедерацияси режаларига мутлақо зид. Гап шундаки, бразилияликлар 29 июнь куни Парагвай термасини айнан Лас-Вегасдаги «Аллигант» стадионида енгишди (4:1). Бироқ ESPN маълумотига кўра, «пентакампеонлар» сайёҳлик маркази теварагида жойлашган меҳмонхона танланганидан қониқишмаган. Яъни Бразилия термаси машҳур Лас-Вегас-Стрипга яқинроқ ҳудуддан қўним топишни истаган. Бундан ташқари, «селеcао» делегациясига машғулотлар майдони сифати ҳам ёқмаган.
«Болаларча ҳаракат»: Винисиус танқид остида
Винисиус Жуниорнинг 7-дақиқадаёқ Колумбия термаси ярим ҳимоячиси Хамес Родригесга нисбатан ўринсиз қўполлик ишлатгани бразилиялик журналистларда кучли эътироз уйғотди. «Винисиус 7-дақиқадаёқ Жеймсни туртиб юбориб, аҳмоқона карточка олмаслиги керак эди. Болаларча ҳаракат. Футболчи сариқ карточка лимити ёқасида турганини англаши ва дисквалификацияга учрамаслик учун ўзини назорат қилиши керак эмасми?», - деб ёзди жумладан, шарҳловчи Витор Серхио Родригес ижтимоий тармоқларда. Телебошловчи Луиз Фелипе Фрейтас эса бразилиялик ҳужумчининг хатти-ҳаракатини аҳмоқлик сифатида баҳолади: «Винини оқлаб бўлмайди - аҳмоқона ҳаракат. Ҳа, ўйин кескин бошланди, аммо Винисиус шунчаки, ҳакам барчасини назорат қила олишини текшириб кўрган айбдорга айланди...». Журналист Фелипе Ролим ҳам шунга ўхшаш муносабат билдирди вазиятга: «Ҳакам ўта суст ишлади, лекин Винининг карточкаси соф болаларча ҳаракат оқибати, барибир».
O Globo: «Бразилия
термасига ўз ўйини ва ҳакамлик зарар етказди»
- Жамоага нафақат ҳакамлик, балки ўз ўйини ҳам зарар келтирди. Парагвай термаси устидан қозонилган ғалаба умид уйғотганди, аммо колумбияликлар билан қарама-қаршилик Бразилия термаси ўйинида кўтарилиш кутганлар учун «совуқ душ» бўлди. Чорак финалда Уругвай термасига тўқнашишни ҳеч ким кутмаганди. Боз устига, Винисиус четга чиқди. Колумбияликлар гуруҳда 1-ўринни олиш учун дурангга ёпишиб олиш заруратидан Бразилия термасининг ҳар қандай ҳужумини қуритдилар. Винисиус ва унинг шериклари 1:1дан кейин ҳеч қандай каромат кўрсата олишмади.
«Аргентинача VAR»:
мухлислар муносабати
Учрашувнинг 43-дақиқасида Винисиус рақиб билан курашда Колумбия термаси жарима майдони ичида йиқилди, бироқ бош ҳакам Хесус Валенсуэла пенальти белгиламади. Бразилия терма жамоаси мухлислари интернетда асосан айни шу вазиятни муҳокама қилишга тушишди:
- Уят, КОНМЕБОЛ. Агар Бразилия термаси иштирокидаги ўйинда видеотакрорни аргентиналик ҳакам кўрса, унда пенальтидан умид йўқ.
- Соф пенальти. Муҳим ўйинда ўта бемаъни ҳакамлик.
- Тоза пенальти. Шунчаки, бемаънилик.
Хуллас, битта ўйин якунида ҳаммага «насиба» етди - жамоа ва Винисиусга, мураббий ва ҳакамга, КОНМЕБОЛга ҳам, албатта. «Пентакампеонлар»нинг Уругвай термасига ютқазиб, турнирдан чиқиб кетишгани энди Бразилияда қандай «тўполон» келтириб чиқаришини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.