Ҳа, «шаҳарликлар»нинг бир маромли зафарона юришлари ва Гвардиола услубига хос ғалабалар силсиласи билан боғлиқ тахминлар яна ўзини оқламади. Жамоанинг ўйин услуби бўйича - супер. Маблағ ҳам, мураббий ҳам ҳар қандай жамоа ҳавас қиладиган даражада. Фақат «Сити»да ҳамон ЧЛ ғолиби мақоми ва «шалпангқулоқ» соврин йўқ! Бошқа ҳаммаси бор! Бироқ ҳаммаси бир бўлиб ҳам ЧЛ ғолиблиги рутбасини босолмас экан-да! Шу соврин йўлида бор имконлар ишга солинаётган, шароитлар муҳайё қилинаётган бўлса-да, жамоа нима сабабдан олий мақсадига эришолмаяпти? Бу савол футбол дунёсини ўйлантирмоқда ва унинг жавоби кўпчиликни қизиқтирмоқда. Ҳар ким ўзича мушоҳада қилади ва ўзича ҳақ. Жумладан, биз ҳам!
Хўш, «Манчестер Сити» нима учун бу мавсум ҳам ЧЛ ғолиблигидан қуруқ қолди? Фикримизча, саволнинг жавоби жуда жўн. Бошқача айтганда, жавобни яна бир савол орқали изламоқ даркор - «Реал» ва «Ливерпуль» ниманинг эвазига ЧЛ финалига чиқди? Ахир иккиси ҳам 99 фоиз даражада «Манчестер Сити» билан бир хил. Финалчилар фақат бир жиҳат бўйича «Сити»дан устунлар. Яъни «Реал»да ҳужум чизиғи лидери Карим Бензема бор, Винисиус Жуниор ҳамиша унга ҳамдам, ҳамқадам! «Ливерпуль» ҳужум ҳаракатида эса Муҳаммад Салоҳ - сурурбахш сарбон, тиришқоқ Садио Мане ҳар қандай вазиятда уни қўллаб-қувватлашга тайёр! «Манчестер Cити» ҳужуми ҳақида сўз борса, аввало, Раҳим Стерлинг ва Габриэль Жезус кўз олдимизга келишади. Айтинг, бу иккисини тўпурар сифатида «Реал» ва «Ливерпул»нинг ёвқур форвардларига қиёслаш мумкинми ҳозирги вазиятда? Айни ҳолатда бундай қиёс ноўрин ва номатлубдир.
Ҳа, Висенте Дель Боске Испания термаси билан яққол ҳужумчиларсиз ҳам ғалабалар қозонган, совринларга эришган. Қисқа муддатли турнирлар ва терма жамоалар фаолиятида бундай ёндашув гоҳ-гоҳ фойда бериши рост. Лекин ҳужум гўзаллигисиз футбол ўз моҳиятини йўқотади. Футбол дунёсини ҳамиша гигант ҳужумчилар алғов-далғов қилишгани бежиз эмас. Пеле ва Гарринча, Эдуард Стрельцов ва Олег Блохин, Диего Марадона ва Роналдо, Лионель Месси ва Криштиану Роналду, Геннадий Красницкий ва Биродар Aбдураимов... Бу афсоналарсиз футболни тасаввур қилиш мумкинми?! Йўқ, албатта! Лев Яшин, Франц Беккенбауэр, Бобби Чарльтон, Мишель Платини, Лотар Маттеус, Aлександр Чивадзе, Миржалол Қосимов каби улуғ ижочилар бизни кечирсинлар! Уларни шарафлаш асносида ҳужум чизиғи ҳамиша футбол дунёсининг авангарди бўлиб қолишини таъкидлаймиз. Қарангки, шу авангард куч «Манчестер Сити»да юқори салоҳиятли футболчилар билан таъминланмаган! Бу - Гвардиоланинг қайсарлиги, камчилиги! ЧЛ кубогини ютишга қодир жамоаси айни шу камчилиги ортидан олий орзусига етолмади яна.
Муаммо шундайки, жамоа ЧЛ ярим финалига етгунига қадар ўзини яққол сездирмади, Гвардиолани ўйлантирмади. Шунинг учун буни гоҳо муаммо сифатида келтиришга ҳам тил бормайди. Бироқ ЧЛ ярим финалида чинакам муаммодек кўзга ташланди. Жамоа мухлислари учун оғриқли жиҳат шуки, муаммо бош мураббийга ҳам, уларга ҳам аввалдан маълум эди. Таъкидлаганимиздек, AПЛдаги бардавом ғалабалар ва ЧЛ ярим финалига қадар қайд этилган ижобий натижалар «Сити» муҳитини чалғитди. Ҳатто футбол дунёси «шаҳарлик» шу услуб билан ЧЛда ғалаба нашидасини суришларига ишонди. Амалда эса... «Реал»нинг ЧЛ чорак финал ва ярим финал ўйинларида «Челси» ҳамда «Сити»га қарши ҳаракатлари шуни кўрсатдики, шижоатсиз ҳужум ҳужум эмас. Ҳал қилувчи сўнгги паллада шижоат ва ҳужум бир муштга айланади ва унинг зарбаси ўйин тақдирига нуқта қўяди. Қисқаси, «Манчестер Cити»да шу шижоат ва ҳужум уйғунлиги етишмади. Мазкур уйғунлик жорий мавсум Карим Бензема тимсолида мужассам. Бу борада унга яна бир мусулмон иқтидор Муҳаммад Салоҳгина рақобат туғдириши мумкин. Мисрлик ҳужумчи элит рақобатга нечоғли тайёрлигини 28 май куни Париж оқшомида кузатамиз насиб этса. Лекин факт шуки, Карим Бензема ва Муҳаммад Салоҳ каби ҳужум яловбардорлари мусулмон футбол дунёсини қувонтирмоқда, завққа тўлдирмоқда.
Ҳужум шижоат билан тириклиги хусусида баралла сўзлаяпмиз. Бироқ шижоат ҳар доим ҳам ҳужумни қўллаб-қувватлай олмайди ва жамоани зафар манзили сари элтмайди! Кўрдикки, Унаи Эмери раҳбарлигидаги «Вильярреал» ЧЛ ярим финалида «Ливерпул»ни енгиш мақсадида барча имкониятларини ишга солди. Яъни Ла Лиганинг ўртамиёна жамоасида шижоат тўлиб-тошди ва шу билан чегараланди. Бундан ортиғига жамоанинг кучи етмади, етмасди ҳам. Юрген Клопп - сенсациялар шовқини остида қолишга кўнмайдиган мураббий. У ярим финал жавоб учрашуви биринчи бўлими якунлангач, кийиниш хонасига югурганида нималар ҳақида ўйлагани бизга қоронғу. Маълуми шуки, «Ливерпуль» танаффусдан сўнг майдонга бошқа жамоа бўлиб қайтди. Оддий ифода этганда, шижоатга тўла мезбонларни юксак салоҳият ва немисча тафаккур енгди. Бу ҳол Эмери ва «Вильярреал» учун аламли, албатта. Чунки бундай жамоалар ҳар доим ҳам ЧЛ ярим финалига чиқавермайди. Футболнинг олий ҳақиқатлари ҳеч вақт ўртамиёналик, раҳм-шафқат оғушидаги ғалабаларни ёқтирмайди. Гоҳ-гоҳ юз берадиган бу каби ҳолатлар футбол тараққиёти учун хизмат қилиши даргумон. «Женоа» Италияда «Ювентус»ни, «Брайтон» Англияда «МЮ»ни енгган бўлса, бу ғалабалар уларнинг мухлислари учунгина ёқимли. «Ювентус» ёки «МЮ» каби жамоалар депсинишидан футбол дунёси ҳар вақт бир қалқиб тушади, хавотирланади. ОAВ ҳам шу маънода маълум воқеаларга ҳиссиётлар билан тўлиб-тошган муносабатини билдиришдан ўзини тиёлмайди. Лекин аниғи шуки, ҳиссиётлар ва муносабатлар ҳамиша ишончли келажак сари йўналтирилади.
Эсланг, ўтган сафар бир ўйин мисолида «Олимпик»ни қизғин қўллаб-қувватлагандик. Бу кўтаринкилик маълум муддатдан сўнг сўнажак ҳиссиётлар қули ҳисобланмасди. Зеро, «Олимпик» - аввалги ва келгуси натижаларидан қатъий назар, Темур Кападзе қарашларини майдонда дадил намойиш этаётган жамоа. Унда ўзига хос маром борлиги аллақачон ўз исботини топди ва шу ритм издан чиқмаслиги, йўқолиб кетмаслигига ишончимиз комил! Футбол гурзиси яна Гвардиола бошини тўқмоқлади, умид қиламизки, бу гурзи «Олимпик» ва унинг тимсолидаги олимпия терма жамоамиз бошига тушмайди!
Муҳаммад ВАЛИ