ЖЧ-2026 саралашини ўта тушунарсиз бошлаган «пентакампеонлар» охирги тур ўйинида Чили термасини зўрға мағлубиятга учратишди маҳаллий чемпионат вакиллари Игор Жезус ва Луис Энрике («Ботафого») урган голлар эвазига. Бразилия етакчиси эса шу учрашувдан сўнг кучли баёнот билан чиқди: «Миллий жамоада мамлакат чемпионатида фаолият юритаётган футболчилар ўйнасинлар, легионерлар керак эмас». Ажабо, ахир бразилиялик энг сара футболчилар Европада тўп суришади-ку...
Ҳа, Бразилия президенти Лула да Сильва миллий жамоада легионерларга жой йўқлигини очиқ-ошкора таъкидламоқда. «Хорижда ўйнаётган йигитлар Бразилия «А» серияси вакиларидан устун эмаслар. Ўзи анчадан буён мамлакатимиз миллий жамоасига маҳаллий лига футболчиларини кўпроқ жалб этиш кераклиги юзасидан баҳслашяпман. Мана, кеча Бразилия чемпионатида тўп сураётган икки футболчи гол урди. Қисқаси, юлдуз легионерлар эмас, маҳаллий футболчиларга имконият беришимиз керак. Чили термасига қарши ўйинни кўрдим. Фақат дарвозабон Эдерсон, «ПСЖ» ҳимоячиси Маркиньос ва Родригони танидим, яна Рафиньяни соч турмаги туфайли. Бошқа легионерларни умуман танимадим. Марҳамат, миллий жамоага Бразилия чемпионатида ўйнайдиган йигитларни қўйинг», — деди мамлакат раҳнамоси.
Лула да Сильва Бразилия футбол конфедерацияси раҳбари Эдналдо Родригес билан учрашувда ҳам миллий жамоани фақат маҳаллий лига вакилларидан шакллантириш ғоясини муҳокама қилганини яширмади. Унинг таъбири билан айтганда, айни пайт Европада Гарринча ёки Ромарио каби лидер футболчилар йўқ. Яъни бразилиялик кўплаб ёш футболчилардан ҳеч бири чин юлдуз эмас ҳали.