Андреа Пирло: «Мураббийликда сабр ҳам жуда зарур»

Андреа Пирло: «Мураббийликда сабр ҳам жуда зарур»

Жаҳон футболи тарихидан муносиб жой олган Италия миллий жамоа­си ва «Ювентус» афсонаси Андре Пирло ҳозирда Туркия чемпионатида мураббийлик бўйича олдинга қадам ташлаш ҳаракатида

 Вақтида майдон ва ўйинни нозик ҳис қилиши ортидан «маэстро» лақабини олган собиқ ярим ҳимоячи «Фотиҳ Қорагюмрюк» клубини чакки бошқармаяпти. Ҳар ҳолда, таркибида ҳамюртимиз Отабек Шукуров тўп сураётган камтарин жамоада ўйин чизмаси бор, натижа ҳам йўқ эмас. Daily Mail нашри журналистлари яқинда Пирло билан Туркия, маҳаллий Суперлига ва ҳозирги клуби ҳақида суҳбатлашишди. «Маэстро» интервью давомида шунингдек, Антонио Конте ва Карло Анчелотти фаолиятига  алоҳида тўхталди, мураббийлик оғир касб эканлигига қарамай, бугунги ишидан завқланаётганини алоҳида таъкидлади.

- Суҳбат бошида дардли мавзуни эслашга мажбурмиз: Туркияда рўй берган даҳшатли зилзила кўпчилик қатори сизни ҳам ларзага солгани ўз-ўзидан тушунарли. Матбуотда табиий офатдан жабрланган инсонларга бевосита ёрдам қўлини чўзганингиз ҳақида хабарлар тарқалди. Шу хусусда батафсил гапириб берсангиз...

- Зилзилани эслаш ҳам оғир. Шундай кўнгилсиз офат юз берганидан афсусдаман, албатта ва турк халқига ҳамдард­ман. Мана, кўпчилик фожеага бефарқ қарагани йўқ, имкон доирасида зилзила оқибатларини бартараф этишда жонбозлик кўрсатди. Албатта, бундай ҳолатда бирлашиш керак. Чунки катта кўламли фожеаларда қўллаб-қувватлов ва ёрдам жуда муҳим. Зилзилада яқинларини йўқотганларга қийинлигини жуда яхши тушунаман, лекин одатий ҳаётга қайтиш керак, барибир. Бу борада турклар иродаларига қойил қолдим. Фурсатдан фойдаланиб, табиий офатдан азият чекканларни яна бир марта маҳкам қучиб қоламан. Биз сизлар биланмиз!

- Энди футболга кўчайлик. «Фотиҳ Қорагюмрюк» қандай клуб, Туркия чемпионати ҳақида нима дея оласиз?

Ўз олдимга ҳамиша катта мақсадлар қўйишга одатланганман. Табиатим шунақа. Дейлик, футболчилик фаолияти давомида ҳамиша катта совринлар ютишга интилганман. Мураббийликда ҳам асло ўзгармадим. Туркия Суперлигасига эса ривожланиш, янги соҳадаги ишимга асос солиш учун юзландим. «Фотиҳ Қорагюмрюк»ка келсак, клубнинг амбициялари меникига тўлиқ мос. Туркия Суперлигасига эса ортиқча тўхталиш шарт эмас. Бу ерда тетик футбол ва қайноқ муҳит ҳукмрон. 

- Туркиядаги яшаш шароитига ўрганиб олдингизми, яқин келажакдаги режаларингиз қандай?

- Туркия - яшаш учун ажо­йиб мамлакат. Ҳаммаси замонавий. Тўғри, бошида маҳаллий шароитларга мослашишда анча қийналганим рост. Ахир бу ердаги ҳаёт тарзи Италиядагидан кескин фарқланади. Муҳими, ҳозир барчасига кўникиб улгурдим ва қандайдир муаммо йўқ. Оддий айтганда, менда ҳаммаси жойи­да. Режалар? Такрорлайман, мураббийликда ҳам катта марраларни забт этишни кўзлаяпман. Мақсад - тажриба ошириш, қайсидир топ-жамоа назарига тушиш ва уни Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба сари етаклаш. Агар амбициянгиз паст бўлса, унда ишга киришмаганингиз маъқул.

- Хўш, турк футболи мактабидан нечоғли қониқяпсиз, бу ерда тўпланган тажриба сизни юксак марралар сари етаклай оладими?

Бу ерга келганимда, менда маълум даражада шахсий футбол фалсафаси ва мураббийлик йўналиши бўйича муайян тушунча шаклланиб улгурганди. Фақат барчасини амалда қўллаш, натижасини кўриш талаб этиларди. Шу маънода айтсам, ўрганиш жараёни чакки кетмаяпти. Миямдагиларни ўзгачароқ турк футболида синаб кўраётганим келажакда роса қўл келишига ишонаман. Бинобарин, футбол бобида маълум қолипга тушиб қолиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Мураббий захирасида хилма-хил вариантлар бўлиши зарур. Бунинг учун эса хилма-хил ўйинларни кўриш, таҳлил қилиб бориш ва баъзи қийинчиликларни енгиб ўтиш керак. Акс ҳолда, дастлабки жиддий синовдаёқ муаммога йўлиқасиз.

- Ўз мисолингизда айтинг, футболда орттирилган обрў мураббийлик ишини нечоғли енгиллаштиради? Умуман, икки соҳадан қай бири осонроқ? 

Футболчилик фаолиятим давомида ҳаммаси бошқачароқ эди, эҳтимолки, осонроқ ҳам. Қолаверса, футболчи фақат қандай ўйнаш ҳақида ўйлайди. Мураббийлик фаолияти эса анча кенг қамровли, сен ҳаммасини тушунишинг ва назорат остига олишинг шарт. Турли менталитет ва характерга эга 20-25 нафар йигит билан ишлаш, алоқа ўрнатишни ўйланг. Қисқаси, мураббийлик роли анча мураккаб - бу мутлақо бошқа иш.

- Мураббийликда энг муҳими нима - тажрибами, билимми ёки...?

- Билимсиз ҳеч қаерга боролмаслигингиз тайин, шунингдек, тажриба катта аҳамиятга эга. Лекин менимча, сабр ҳам зарур. Жамоангдан нималар талаб қилиш мумкинлигини тўғри баҳолашинг учун билим керак. Таркибда жамланган турли ўйин услуби ва характерга эга йигитлар билан тўғри алоқа ўрнатиш эса катта сабр талаб қилади. Агар жамоанг кўнглига йўл топа олсанг ва шогирдлар билан муносабатда мувозанатни ушласанг, ишинг ўз-ўзидан енгиллашади. Қисқаси, қўполлик ёки қайсарлик наф келтирмайди, ҳаммасига сабр билан ёндашиш керак.

- Қизиқ, мураббий сифатида жамоа ичида қандайдир қоидаларни ҳам жорий этдингизми?

- Ҳаммасига реал кўз билан қарайман. Ҳали ёш мутахассисман ва ишлашим, изланишим, ҳар куни мукаммаллик сари қадам ташлашим муҳим. Ҳа, мураббий ролида 3-4та қоида ўрнатганман. Футболчилар айниқса, ўйин олдидан телефон ишлатмасликлари, учрашувларга кечикмасликлари керак. Кеч қолдингми, тамом, ўйнамайсан! Майдонга тушдингми, 100 фоиз куч билан ишла. 

- Қайси мураббийларга ҳавас билан қарайсиз? 

- Дейлик, Антонио Контега. Ундан жуда кўп нарсалар ўргандим. Ҳозирга қадар алоқамиз сақланиб қолган. Конте фаолиятимда мен кўрган энг яхши мураббийлардан бири, шубҳасиз. Унинг ғолиблик менталитети таҳсинга лойиқ. Карло Анчелотти эса ўта хотиржамлиги билан ҳайратга соларди. У йигитлар билан яхши муносабат ўрнатишни билади. Ҳамиша ҳаммасини 1та сўз билан ифода этишини ҳам алоҳида айтиш керак. Бу жуда муҳим хислат. Зеро, катта жамоа мураббийи қачон гапириш ва қайси маҳал сукут сақлашни билиши шарт.

Факт. Андреа Пирло суҳбат давомида яна бир маълумотни ошкор қилди. Маурисио Почеттино «ПСЖ» бошқарувини қўлга олганидан кейин уни ўз штабида кўришни истаган экан. «Маэстро» эса ўша паллада мустақил ишлаш ишқида «Ювентус» таклифини қабул қилган.

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.