Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
«Милан»нинг афсонавий мураббийи Арриго Сакки яқинда ҳаётдан кўз юмган Сильвио Берлускони билан ҳамкорликда қандай юксак марраларни забт этганини яхши эслайди.
La Gazzetta dello Sport нашри журналистлари шуни эътиборга олган ҳолда, нафақадаги мутахассисни суҳбатга чорлаб, ундан асосан марҳум функционер билан боғлиқ хотиралари ҳақида сўрашди.
-1987 йилнинг баҳори. Сильвио Берлускони сизни ўз лойиҳаси ва таклифига қандай ишонтиргани эсингиздами?
- О, ўша даврни унутиш мумкинми? Сильвио бир уринишда мендан розилик олганди ҳисоб.
- Қизиқ, илк келишув тафсилотларини баён эта оласизми?
- Берлускони билан болаликдаги танишим, умумий дўстимиз Этторе Роньони воситачилигида учрашгандим. Тўғриси, ўша дўстим Сильвио мени учрашувга чақирганини айтганида, унга нима кераклигини билмасдим. Яъни ўзаро ҳамкорликка чорлаши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Шунчаки, беихтиёр ўйладим: «Эҳтимолки, «Парма»даги бирор шогирдимга қизиқиб қолган ва у ҳақда маълумот сўраса керак».
- Амалда эса...
- Аниқ эсимда, Сильвио билан душанба куни Аркордаги виллада кўришиш борасида келишдик. Бироқ ўша куни учрашув қолдирилди, чунки Берлускони Санкт-Морицда эди ва кучли қор туфайли унинг вертолётда учишига рухсат беришмаган. Шунда Роньони учрашувни бир ҳафтага кечиктиришни илтимос қилди. Мен эса ҳаммасини жума кунигача режалаштириши кераклигини айтдим. Чунки ўша вақт мени ишга чорлаётган «Фиорентина»га тезроқ жавоб беришим талаб этилаётганди.
- Хўш, кейин қачон учрашдинглар?
- Сешанба куни айнан Аркорда. Галлиани ҳам ўша ерда эди. Кечқурун соат 20:00дан нақ тун ярмигача гаплашдик. Берлускони ўз лойиҳасини батафсил тушунтирди, бундан ғайратим ошиб-тошиб кетди гўё. Қисқаси, ўша учрашувдаёқ таклифига розилик билдирдим. Тўғри, Пармага қайтишда қандайдир шубҳалар йўқ эмасди. Чунки «Фиорентина»да ишлашга мойил эканлигимни кўрсатишга улгурган ва клубга нисбатан ноўрин муносабатда бўлолмасдим. Барчасини ўйлаб, эрталаб Роньонига қўнғироқ қилдим ва муаммони тушунтирдим. У эса гапимни эшитишни ҳам истамади: «Тўхта, Берлускони ҳар қанақасига сендан розилик олади, барибир. Қўй, яхшиси, Аркорга қайтишимиз керак, шартнома тайёр ахир». Кейин иккимиз бордик, аммо Берлускони кўринмади. Қолаверса, бўм-бўш шартнома остига имзо чекдим ва бу катта ишонч учун миннатдорчилик рамзи эканлигини таъкидладим. Бинобарин, «Милан» учун мутлақо нотаниш мураббий эдим. Оддий ифода этганда, Берлускони менга мислсиз ажойиб имконият тақдим этганди. Тўғри, «Парма»дагидан камроқ пул олишимни билгандим, лекин бунга аҳамият бермадим.
- Берлускони сиздан аввало, айнан нимани талаб қиларди?
- Чиройли ўйин ва чиройли ғалабани. Лекин тартиб айнан шундай: биринчи навбатда, ўйин, кейин тўғридан-тўғри натижа. Унинг хулосаси ҳеч ўзгармасди: ўйин чиройли чиқиши, жамоа шу аснода муваффақиятларга муносиб бўлиши шарт эди.
- Табиийки, бошида ҳаммаси силлиқ кечмаган. Берлускони бу борада нечоғли ёрдам берган?
- Очиғи, фаолиятим давомида бирор клубда президентнинг бош мураббийни бундай қўллаб-қувватлашини кўрган эмасман. Галлиани ҳам ҳамиша ёнимда турарди, бирор муаммога бефарқ қарамасди. Адриано ҳар куни қўнғироқ қилиб, футболчилар ҳолати, ҳис-туйғулари, машғулотлар ҳақида ахборот оларди. Сильвио эса жамоанинг фаол аъзоси сифатида кўриниш берарди. Ўйлайманки, йигитлар ҳам буни яққол ҳис қилишган.
- Сизни юқори доирада «жаноб ҳеч ким» - қишлоқдан келган ва умуман футбол ўйнамаган шахс сифатида кутиб олишгани тайин. Берлусконида ҳам қандайдир шубҳа бормиди?
- Йўқ! Ҳеч қачон ва ҳеч қандай! Ҳар ҳолда, ҳамиша унинг юксак ишончини яққол сезганман. У «Парма»нинг Италия кубогида «Милан»га қарши кўрсатган ўйинини алоҳида қадрлашини билардим. Сильвио «Сан Сиро»да ҳам шундай футболни йўлга қўйишимни хоҳлади, фарқи шуки, анча юқори даражали йигитлар билан. Ҳа, бошида етук футболчилар ва клуб атрофидаги одамларни иш услубимга ишонтиришда анча қийналдим. Зеро, ҳамма бошқача ишлашга кўникиб қолганди. Боз устига, натижа ҳам бирданига келмади ва бунинг ортидан танқидлар кўпайди.
- Айтишларича, Берлускони аслида Анчелоттини сотиб олишни истамаган экан. Шу ростми?
- Ҳа, у Карлеттонинг жисмоний ҳолатига шубҳа билан қараганди. Ҳаттоки, очиқ-ойдин эътироз билдирди: «Тушун, тиззаси 20 фоиз ишлайдиган футболчини ололмаймиз». Шунда қатъий туриб олдим: «Жаноб президент, агар унинг боши ишламаганида, мен ҳам ташвишланардим. Кафолат бераман, агар Анчелотти трансферига пул ажратсангиз, скудеттони ютамиз!» Охир-оқибат, Сильвио трансферга кўнди ва якунда чемпионликка эришдик.
,- Айтингчи, Берлускони сизга бошланғич таркиб танлаш масаласида бирор марта қандайдир тавсия берганми?
- Асло. Қолаверса, ҳеч қачон бошланғич таркиб ҳақида сўрамаган ҳам. Қисқаси, «Милан»да ҳар доим тўлиқ эркинликни ҳис қилганман.
- Сизни огоҳ этмасдан шартнома муддатини узайтириш ҳолати-чи? Бунақасини эслайсизми?
- Биринчи йили шундай ҳолат кузатилгани рост. Ўша вақт асосан 1 йиллик келишув асосида ишлашга одатлангандим. «Милан»да эса дастлабки 6 ойдаёқ роса чарчадим, Берлускони ҳам оғир даврни бошдан кечираётганимни тушунди. Эсимда, якшанба куни Трап бошқарувидаги «Интер»га қарши дерби ўйини бўлди. Эртасига Сильвио журналистлар қаршисига чиқиб, баралла гапирди: «Тамом, Арриго Сакки кейинги йил ҳам бош мураббий лавозимида қолади». Ишонинг, бу борада менга бир оғиз ҳам гапирган эмасди. Фикримча, Берлускони оммага қаратилган бу сигнал билан аввало, менга ишонч бағишлаш ва кескинликни енгишимга ёрдам беришни ўйлаган.
- Ортга назар ташласак, Берлускони бир футболчи - аргентиналик Клаудио Борги трансфери масаласида сизга босим ўтказган...
- Сильвио бу треквартистни «Ювентус» ва «Аргентинос Хуниорс» ўртасидаги Қитъалараро кубок финалидаги ўйини туфайли ёқтириб қолганди. Кейин трансфер масаласида кўп ўйлаб ўтирмади. Бироқ илк машғулотдаёқ Борги бизнинг ўйин услубимизга мос келмаслигини англадим ва Галлиани ёрдамида Берлусконини унга пул тикмаслик, ўрнига Райкаардни сотиб олишга ишонтирдим. Аслида Сильвио ўша фантазиячи ўйинини кўриб, ақлдан озганди. Муҳими, унга футболчи нафақат енгил ҳаракатланиши, балки бутун жамоа учун ишлаши кераклигини тушунтирганимда, фикримни инобатга олди.
- Чемпионлар кубоги, Қитъалараро кубок. Юқори нуқта.
- Берлускони лойиҳаси ниҳоят, самара кўрсатди ва қандайдир енгил тортдим. Ушбу натижалар билан Сильвиога юксак ишонч учун муносиб жавоб бердим. Ахир у Миланга кичик Фузиньянодан келган номаълум мураббийга тўлиқ ишонганди. Тўғриси, бошқа киши ўша вақт менга ўхшаган одамни «Милан»га чорлашда журъат тополмасди.
- 1991 йили эса йўлларингиз айро тушди.
- Аслида Сильвио ҳамкорликни давом эттиришни истади, аммо «Милан» билан хайрлашиш вақти етганини тушундим. Муҳими, қалбан ҳеч қачон «Милан»дан юз ўгирмаганман, клубга нисбатан муҳаббатим чексиз. Қолаверса, Берлускони билан муносабатларимиз яна узоқ вақт давом этди. Терма жамоани бошқара туриб, қисқа муддат «Милан»га қайтганимда ҳам. Ўзи ўша қадам хато бўлди, чунки футболда икки ишни аралаштириш яхши ғоя эмас. Умуман, ҳар доим алоқани сақладик, асосан футбол ҳақида кўп гаплашардик. Дейлик, Берлускони «Монца» лойиҳасига киришганида ҳам мендан маслаҳат сўради ва олди. Асосий фикр битта - Сильвио сахий, эҳтиросли ва ғайратли инсон эди...
ФАКТЛАР
«Милан» 2016 йили Берлускони давридаги охирги совринни ютди - Италия суперкубоги (бу ҳозирга қадар «россонерлар» учун охирги суперкубок бўлиб қолмоқда). Яна бир йилдан кейин Италия собиқ бош вазири клубни сотди.
2022 йили Сильвио Берлусконининг доимий «ўнг қўли» Адриано Галлиано билан бирга йўлга қўйган янги лойиҳаси - «Монца» «А» серияга кўтарилди. Бу жамоа «А» сериядаги илк мавсумдаёқ 52 очко тўплади ва Италия чемпионати элитасига ўрнашиб олди. Лекин «Монца» энди Сильвиосиз олға юришга маҳкум...
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789