ФУТБОЛ АТРОФИДА: Сардинияча креатив ёндашув

ФУТБОЛ АТРОФИДА: Сардинияча креатив ёндашув

Клаудио Раньери бошқарувидаги «Кальяри» ҳозирда «А» серияда қолиш йўлида «жон олиб, жон бермоқда», гўё.

Таркибида бизнинг Элдор Шомуродов ўйнаётган Сардиния клуби шунинг баробарида ижтимоий ҳаёт воқеликларига бефарқ эмас асло. Мана, жамоа матбуот хизмати турнир жадвалидаги қалтисликка қарамай, «А» серия 36-туридан ўрин олган «Милан»га қарши сафар ўйини қайдномасини одатдагидан бошқача эълон қилди. Бу - оналарга нисбатан ҳурматнинг чиройли ифодаси ёхуд алоҳида сана шарафига ўта креатив ёндашув!

Хуллас, «Кальяри» матбуот хизмати 12 май - «Халқаро оналар куни» муносабати билан ўйин қайдномасига киритилган ҳар бир футболчининг фамилияси билан бирга онасининг исмини ҳам келтирди. Одатда қайдномада футболчиларнинг исм-фамилияси баён этилиши ҳаммага маълум. Ўзгача рўйхатда жамоамиз миллий жамоамиз сардорининг фамилияси ва волидаси исмини кўриш мумкин - Шомуродов Зулфизар. 

Энг асосийси, «Кальяри» футболчилари муҳташам «Сан Сиро» стадионига оналар ҳурмати учун махсус тайёрланган формада тушишди. Яъни жамоа либослари орқасига одатдагидек футболчиларники эмас, балки уларнинг оналари фамилияси ёки исми ёзилди. Дейлик, Шомуродов «Зулфизар» ёзуви туширилган формада ўйнади. Ҳа, меҳмонлар ортга 1:5 ҳисобидаги мағлубият билан қайтишди, лекин оналарни ажойиб тарзда тараннум этишди. Қойил!