«Барса»нинг ноёб топилмаси

«Барса»нинг ноёб топилмаси

Айни паллада Жоау Канселу «Барселона»нинг бош қаҳрамони бўлиб турибди.

«Порту»га қарши баҳс арафасида жамоа қалтис вазиятда қолганди: ўз майдонидаги беллашувда жиддий рақибни енгиш талаб этилар, акс ҳолда плей-офф босқичи масаласи мавҳумлигича қоларди. Қаторасига учинчи марта гуруҳдан чиқа олмаслик Хави учун кучли зарба бўлишига шубҳа йўқ.

Амалда ўйиннинг 30-дақиқасида ҳисобни очдилар, хавотир бежиз эмаслиги исботланди. Бироқ айни шу паллада Бальде йўқлиги сабабли чап қанот ҳимоячиси позициясида тўп сураётган Канселу катта саҳнага чиқди. Аввалига Жоау ажойиб аниқ зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди, 2-бўлимда эса Феликсни самарали узатма билан таъминлади - 2:1. «Барса» гуруҳдаги яққол пешқадамга айланди. Канселуни ижарага олингани клубнинг омади эканлигини ҳозирнинг ўзида тасдиқлаш мумкин, унинг тўлиқ харид қилиниши эса, «Барса» учун ёзги трансфер дарчасидаги биринчи даражали вазифа бўлади.

Жоау футболни барвақт тарк этишига  сал қолганди

2012 йилда Канселу «Бенфика»нинг асосий таркибидаги дебютини «Жил Висенте»га қарши ўртоқлик учрашувида португалиялик маҳаллий вундеркинд нишонлади. «Вундеркинд» ибораси анчадан бери футболчининг ноёб иқтидори белгиси бўлмай қолди. Лиссабон клуби, умуман, Португалия ҳар йили футбол оламига кўплаб мегаиқтидорларни тайёрлаб бермоқда. Боз устига, Жоау 2013 йил январида автоҳалокат туфайли фаолиятини якунлаши ҳам мумкин эди. Ярим тунда у отаси Жозени сафарга кузатиб, онаси Филомена ва укаси Жуан билан қайтаётганида машинаси йўлдан чиқиб кетди. Укаси ва ўзи енгил жароҳат олишди, лекин онаси вафот этганди. Оғир жудоликка чидай олмаган футболчининг кўнгли футболдан совиди, машғулотларга бормай қўйди, «Бенфика»да дебютини нишонлашга ҳам улгурмаганди. «Ўзимни муайян вазифани адо этадиган роботдек ҳис эта бошладим: ўйин - уйга қайтиш. Онамдан жудо бўлгач, футболни ёқтирмай қолдим. Фақат шунга мажбур эканлигим сабабли майдонга тушардим», - дейди Жоау.

Отасининг талаби билан Канселу фаолиятини давом эттирди, «Бенфика»да тўп суриш билан жудоликни унута олмади ва 20 ёшида «Валенсия»га йўл олди. Тўрт йилдан кейин эса «Интер» орқали «Ювентус»га ўтди. Лекин самарали ҳаракатларни амалга оширган бўлса ҳам, ўйини нафақат ўзи учун, балки мутахассислар учун ҳам талаб даражасида эмасди.

Таажжубки, жисмонан бақувват, рисоладагидек техника ва тезлик соҳиби «А» сериясида топа олмаган ўйинини АПЛда намойиш этди. Ҳа, энг кучли лигада!

Канселу АПЛда ўзига хос футболчига айланди

Аввалига футболчининг «Манчестер Сити»га ўтиши кўпчиликни ажаблантирди: нима учун Гвардиолага ўнг қанот ҳимоячиси керак бўлиб қолди ва нима учун «Юве» Жоауни Данилога алмаштирди?

Шубҳалар ўринли эканлиги тез орада исботланди. Дастлабки 5та ўйинда Канселу атиги 90 сония майдонда бўлди. Оз ўйин амалиётини Гвардиола Жоаунинг мавсумолди тайёргарлигида бўлмаганлиги билан изоҳлади. Бу ўринли аргумент: Пеп жамоасида янги ўйинчилар бир йиллик адаптациядан ўтадилар. Бироқ мураббий фахрий Уокерни захирада қолдириб бўлсада, Жоауни майдонга туширди.

Аста-секин Гвардиоланинг лойиҳаси бўй кўрсата бошлади: Канселу - чап қанот ҳимоячиси. Жоау янги позицияда илк бор «Вулверхэмптон»га қарши майдонга тушди, якуний 2та турда эса 180 дақиқа тўп сурди. Шу тариқа у доимий чап қанот ўйинчисига айланди.

Португалиялик иқтидор «шаҳарликлар»нинг сермаҳсул фаолиятида муҳим мурватлардан бири бўлди, ўтган мавсумдаги треблга ҳам ҳисса қўшди. Лекин жамоага улкан манфаат келтира олмади. Сабаби - мураббий билан тил топиша олмади. Жумладан, АПЛдаги 7та ўйинда 630 дақиқа ўрнига атиги 247 дақиқа тўп сургани келишмовчилик кўлами жиддийлигидан далолат. Шу боис, январда Канселу «Бавария»га «сургун» қилинди.

«Бавария»даги тўмтоқ иштирок ва  «Барселона»даги ренессанс

Мюнхенда ҳам Канселунинг ишлари юришмади. Чап қанотда Альфонсо Дэвис ҳукмрон, ўнгда эса Павар етакчи эди. Жоау ҳужумкор қанот ўйинчиси ёки қанот ҳимоячи ролларида тўп сурди. ЕЧЛнинг плей-офф босқичида деярли майдонга тушмади.

Хуллас, футболчини бу тарздаги иштирок қониқтирмади, клуб эса катта маош олишидан норози эди. Якунда футболчи Манчестерга қайтди, келишув ҳақида гап бўлмагани сабабли, томонлар янги иш жойи топишга киришдилар. Айни шу паллада ўнг қанот ҳимоячисига муштоқ бўлган, лекин молиявий инқирозга дуч келган «Барселона» пайдо бўлди. Жамоа Жоауни зудлик билан ижарага олди.

Хави худди Пеп каби уни ўнг қанотга белгилаш билан биргаликда, «Сити»даги эркинликларини ҳам қолдирди. Кези келганда Жоау марказга ўтади, баъзан Ромеу ёки Де Йонг билан дуэтда тўп суради. Қисқа вақт ичида дебютант бир қатор натижаларга эришди: ЕЧЛдаги «Порту»га қарши баҳсда биттадан ассист ва голни амалга оширди, ички чемпионатда 0:2 ҳисобидаги «Селта»га қарши беллашувни ҳам самарали узатма ва гол эвазига 3:2га айлантирди.

Афтидан, Канселу ҳозир жуда бахтиёр: «Мураббий менга эркинлик бермоқда, бундан беҳад мамнунман. Мен ўзимни қанотларда ҳам, марказда ҳам қушдек енгил ҳис этяпман. Бу мен орзу қилган клуб. У ҳақда барча ўртоқларим биладилар, «кумирларим» «Барса»да ўйнашган», - дейди Канселу.

Жоаунинг Каталониядаги фаолияти ўта муҳим босқич дейиш мумкин: «Бетис» дарвозасига йўллаган дебют голини у марҳума онасига бағишлади. Футболчининг ўзи эса Хави ҳамда клуб президенти Жоан Лапорта учун ўта қимматли ўйинчи. Ҳозир улар Канселунинг трансфери учун маблағ жамғаришмоқда. Бундай жавоҳирни қўлдан бой бериш - жиноят!

Содиқ СОБИР тайёрлади