Боулидан яна рекорд кутамизми?

Боулидан яна рекорд кутамизми?

Қишда, яъни охирги трансферлар мавсумида Тодд Боули миллионлари билан қувватга тўлган «Челси» бозорда ўзини буткул эркин қўйиб юборгани ҳақида кўп ва хўп ёзилди-гапирилди

 Аслида қишда фақат Лондон клуби эмас, балки бутун АПЛ ўзидан кетди қайсидир маънода.

Диққат қилинг, АПЛ тарихидаги 10та энг қимматбаҳо трансфердан 3таси айнан охирги мавсумга тўғри келмоқда. Ойна ёпилиши арафасида «Бенфика»дан «Челси»га ўтган Энцо Фернандес эса 1-ўринда олдин айтилганидек. Яъни америкалик Тодд Боули бир уринишда АПЛ тарихидаги энг қимматбаҳо харидни амалга оширди. Эҳтимол, бу ҳали бошланишидир. Ҳар ҳолда, одатда ёзги савдолар анча баракали бўлади. Демак, «Челси»дан ёздаёқ ўзига тегишли АПЛ рекордини янгилашини кутиш мумкин.

*** Рейтингда 1, 5 ва 10-ўринга жойлашган футболчилар - охирги мавсум дебютантлари. Оддий айтганда, янги топ-10нинг деярли учдан бир қисми ҳозирги мавсум маҳсулидир.

*** Энг қимматбаҳо 10та хариднинг ярми «Манчестер Юнайтед» бўйнида. Эслатма, манкунианлар 2016 йилнинг ёзида Поль Погба хариди билан рекорд ўрнатишганди. Тўғри, улар шундан буён бирор трансферга 100 млн. евродан кўп ажратишмади. 

*** Энг қимматбаҳо 10та хариднинг барчаси Англия футболидаги азалий «кучли олтилик»ка тегишли эмас. Дейлик, «Арсенал» тарихига энг қимматбаҳо футболчи сифатида кирган Пепе (80 млн. евро) умумий рўйхатнинг 11-14-қаторларида. «Тоттен­хэм»ни ўз трансферига 60 млн. евро ажратишга мажбурлаган Танги Ндомбеле эса атиги 32-35-ўринлар оралиғида.