Тил алоқа воситаси экан, сўз инсоннинг даража ва камолини, илм ҳамда фазлини ўлчаб кўрсатадиган тарозисидир. Узоқ йиллар она юртига келмасдан Парижда яшаган фарзанддан муштипар онасига хабар келтирган киши билан суҳбат давомида «Ўғлим сиз билан қайси тилда гаплашди?» деган саволига франcузча деган жавобни олган она «мени бундай болам йўқ» деб терс ўгирилиб олиши ҳақидаги Расул Ҳамзатов ижодига мансуб воқеа тил масаласи миллат учун қай даражада жиддий эканлигини яққол намоён қилади.
Mиллий тилимизга бўлган диққат-эътибор нафақат бугунги кунда, шу билан бирга, тарихнинг барча даврларида ҳам долзарб аҳамият касб этиб келган.
Она тилимиз турли даврларда ўз бошидан ниҳоятда қийин синовларни ўтказганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай «нозик» даврларда ҳам ўз она тилининг қадри учун курашган миллат қаҳрамонлари ва уларнинг фаолиятлари ҳақида бугунги авлод билиши лозим бўлган маълумотларни етказиш барчамиз учун муҳим вазифа ҳисобланади. Мустабид тузум руслаштиришга ва миллийликни чопишга бор эътиборини қаратган мураккаб замонларда ҳам «Ўзбегим» дея олган Эркин Воҳидов, она тилидаги гўзал шеърлари билан ўзбек шеърияти тирик эканлигига халқни ишонтира олган Абдулла Орипов каби миллат фарзандларининг ижодларини мавжуд тузумга ўзига ҳос исён сифатида баҳоласак, тилимиз учун тубсиз жарлик устида мустаҳкам кўприк вазифасини ўтаб берди.
Мен бугун мана шундай миллатнинг асл фарзандларидан бири марҳум Ахбор Имомхўжаев (1936 - 2022) ҳақида айрим субъектив фикр-мулоҳазаларимни билдиришга жазм этдим.
Сир эмаски халқимизнинг футбол ўйинига бўлган муҳаббати ва эътибори юқори даражада. Мухлислар ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб стадионларни тўлдириб ўз суюклиларини қўллаб-қувватлашган. Ўтган аср 60- йилларидан бошлаб телевидение ва радио орқали футбол шарҳлари эфирга узатила бошланганди.
Аксар Республикаларда футбол шарҳлари фақатгина рус тилида олиб борилган бўлса, биздаги футбол шарҳлари ўзбек ва рус тилларида эфирга узатилган. «Диққат қилинг, «Пахтакор» стадионидан гапирамиз» деган ўша машҳур овоз 1960 йилда илк бор янграган. Кейинчалик бу жумла футбол муҳлислари учун шу даражада яқин бўлиб кетдики, унинг янграши билан футбол мухлислари бошқача ҳароратни ҳис эта бошлаганлар. Ўша даврларда футбол учрашувларининг маълум қисми рус тилида маълум қисми ўзбек тилида олиб борилган.
Ёши улуғ футбол мухлисларининг эслашларича Ахбор Имомхўжаев шарҳлаётган паллада рақиб дарвозасига тўп киритилиши ва гол завқи соф ўзбек тилида таърифланиши мухлислар учун икки ҳисса завқ бағишлаган. Голдан ташқари вазиятларда ҳам «дарвозабон тўпни эркин зарба билан ўйинга киритади», «тўп майдонни тарк этди», «хавфли вазият», «зарба», «захирадаги ўйинчи» сингари соф ўзбекча жумлаларни кўчада тўп тепаётган ўша давр болаларидан ҳам эшитиш мумкин эди. Шунингдек, Ахбор Имомхўжаев ўз навбатида футболга оид бўлган соф ўзбек тилидаги бир нечта китобларга ҳам муаллифлик қилади. Одатда футболга оид бўлган китоблар кам учрасада, борлари ҳам асосан рус тилида ёзилган. Аҳбор Имомҳўжаев томонидан «Футбол қувончим, дардим фахрим», «Мафтунингман футбол», «Ўзбегимнинг Миржалоли», «Аср футболидаги асл қадрдонларим» китоблари тез фурсатларда халқ орасида оммалашди. Айни пайтда мазкур китоблар футболсевар китобхонлар билан биргаликда мазкур соҳада илмий-тадқиқот олиб бораётган изланувчилар учун ҳам муҳим манбаа вазифасини ўтаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин.
Ахбор Имомхўжаев ўз даврида спорт, хусусан, ўзбек футболи шарҳловчилик мактабига асос солган.
Мазкур мактабдан кейинчалик Давлат Турдалиев (марҳум), Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, Азим Алимов, Мурод Ризаев, Хайрулла Ҳамидов, Зафар Имомхўжаев, Элдор Мустафоев сингари журналистлар авлоди етишиб чиққан.
Бугунги кунда сиз ва биз тинглаётган она тилимиздаги футбол шарҳлари айнан мана шу мактаб вакиллари томонидан амалга оширилмоқда.
Она тилимиз ривожи ҳамма соҳада юксалишини чин дилдан истаймиз. Зеро, Ахбор Имомхўжаев айтганларидек «Ажойиб футбол учрашувлари учун соғ-саломат бўлинг».
Она тилимизга давлат тили мақоми берилганлигининг 35 йиллик тўйи барчамизга муборак бўлсин.
Акмал ТЎРАҚУЛОВ, Фалсафа фанлари бўйича доктор