«Бунёдкор»да ислоҳотлар ўтказиш ва трансформация қилиш бўйича топшириқлар берилди

«Бунёдкор»да ислоҳотлар ўтказиш ва трансформация қилиш бўйича топшириқлар берилди

Тошкентнинг «Бунёдкор» футбол клубида сўнгги даврда қатор янги лойиҳаларга қўл урилаётгани ҳақида турли оммавий ахборот воситаларида аввал хабар бериб ўтилган эди.

Куни кеча «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси, «Бунёдкор» футбол клуби президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси аъзоси Меҳриддин Абдуллаев «Бунёдкор»нинг фаолиятини янада ривожлантириш борасида масъул мутахассисларга навбатдаги топшириқларни берди.

Йиғилишда футбол клуби президенти aйниқса «Бунёдкор»нинг бугунги кундаги ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини танқид остига олди:

«Академия фаолияти юзасидан ўтказилган таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, тез кунларда «Бунёдкор» футбол академиясида туб ислоҳотлар амалга ошириш жараёнини бошлаш керак. Футболчиларни тарбиялаш бўйича янги, бугунги кун талабига тўлиқ жавоб берадиган, европача футбол андозаларига мос мақсадли дастур ишлаб чиқиш зарур. Бундан асосий мақсад – бу орқали академия ҳамда клубнинг фаолиятини трансформация қилиш, яъни мавжуд тизим, шарт-шароитлар ва олдинги ривожланиш дастурини қайтатдан янгилаш, муҳитни яхшилаш», —  деди клуб президенти.

Малакали мураббийлар, скаут, селекционер ва шу каби бошқа замонавий кадрлар билан таъминланиш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олишдан иборат бўлган селекция тизими, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлик ҳолати, уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш методологияси, ёшлар орасида адолатли ва соғлом рақобат яратиш, футбол инфратузилмаси ва академиянинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда мавзуга оид бошқа масалаларда сезиларли камчиликлар кузатилаётганлиги таъкидланди. Уларни имкон қадар қисқа фурсат ичида тўлиқ бартараф этиб, ривожланишда юқори ўсиш ва самара кўрсатиш, асосий жамоага маҳоратли ва иқтидорли футболчиларни тайёрлаб бериш кўрсаткичини, яъни академиянинг фойдали иш коэффициентини кескин ошириш «Бунёдкор» академиясига масъуллар учун яқин келажакдаги энг долзарб вазифалар эканлигига катта урғу берилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Бунёдкор» футбол клуби президенти томонидан ташкилий масала кўрилди ҳамда 27 июнь куни «Бунёдкор» футбол академиясига янги директор тайинланди. Ушбу лавозимга юртимиз футболидаги кўзга кўринган вакиллардан бўлмиш Азизбек Ҳайдаров лойиқ топилди. Ўз вақтида «қалдирғочлар» сафида узоқ йиллар давомида тўп тепган Ҳайдаров эндиликда «Бунёдкор» ФКда маҳоратли футболчиларни тайёрлаш тизимида фаолият олиб боради.

Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида эса «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси»нинг фаолиятига оид танқидий мажлис ўтказилган эди.
Дирекция «Бунёдкор» стадионидаги иншоотларни яхши ҳолатда сақлаб турган ҳамда мусобақалар ва ўйинлар учун керакли хоналар ва бошқа жойларни етарли ҳолатда таъминлай олаётган бўлса-да, футбол ўйнаш учун энг долзарб бўлган жиҳат – майдонни, мана бир неча мавсумларки, кўнгилдагидай даражада тайёрлай олмаётганлигини танқид қилинган эди.

Бош ҳомий «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан дирекциянинг фаолияти учун барча шароитлар яратиб берилаётганлигига қарамасдан, асосий масала – майдон ва чим ҳолатининг яхши эмаслиги кўпчиликнинг, айниқса, футбол жамоатчилигининг эътирозларига сабаб бўлаётгани айтилиб, буни яқиндагина ўтказилган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги ўйинлари ҳам яққол кўрсатганлиги билдирилганди.
Натижада, 24 июнь куни «Бунёдкор» стадионига ҳам янги директор тайинланди. Бу лавозимни шу кунгача «Насаф» жамоасининг уй аренаси – Қаршидаги «Марказий» стадионда директор бўлиб ишлаб келган Шерзод Ҳақбердиев эгаллади.

«Бунёдкор» ФК президенти Ш.Ҳақбердиев олдига, биринчи навбатда, майдон чимининг ҳолатини бутунлай ҳамда талабга жавоб берадиган қилиб яхшилаш вазифасини қўйди. Шунингдек, «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси»нинг бошқа йўналишдаги фаолияти ҳам таҳлил қилиб чиқилиб, зарур хулосалар юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши белгиланди.