Миржалол Қосимов билан турли масалалар юзасидан суҳбат

Миржалол Қосимов билан турли масалалар юзасидан суҳбат

АГМК натижаси, Суперлига суръати ва унинг МТЖ ўйинига таъсири

АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов яқинда ПФЛ матбуот хизматига интервью бериб, якунига етган мавсум таассуротлари билан ўртоқлашди. Олмалиқ клуби устози қисқа суҳбат давомида бир қатор қизиқарли саволларга бафуржа жавоб қайтарди.

- Кўпчилик АГМКнинг яна кучли учликка киришини кутганди. Хўш, 2022 йилги якуний натижани қандай қабул қилдингиз?

- Ҳа, ўзимиз ҳам совринли ўриндан жой олишни ўйлагандик. Ҳозирча икки хулоса бор. Биринчиси - мавсумни яхши бошлай олмадик. Яъни аввалига Бекободда мағлубиятга учрадик, кейин адашмасам, «Локомотив»га ҳам ютқаздик. Шунга қарамай, олдимизга қўйилган мақсаддан оғишмадик. Унга мувофиқ, ОЧЛ квотаси тегадиган жойга илинишимиз лозим эди. Бир томондан, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритдик, бош­қа тарафдан, суст старт олдик, чемпионат давомида барқарор футбол кўрсатолмадик. Иккинчи хулоса - 4та ўйинда 4та қизил карточка олдик. Бу эса 12 очко йўқотилишига олиб келди. Мавсум учун 4та «қизил» - жуда кўп, албатта. Йигитлар қаердадир хатога йўл қўйишди, натижада кераксиз жойда қизил карточкалар олинди. Ушбу ҳолатлар табиийки, натижага ўз таъсирини кўрсатди. Агар шу ўйинларда жамоамиз футболчилари четлатилмаганларида, 100 фоиз бўлмаса-да, 70 фоизлик натижа қайд этган ҳолда, балки охиригача чемпионлик учун курашармидик..?

- Умуман, жамоангиз якунланган чемпионат давомида 2023 йил учун ҳам қадам ташладими ёки бу масалага энди киришилади?

- 2023 йилга тайёргарлик жараёнини мавсум-2021даёқ бошлаганмиз. Дейлик, 2022 йили ОЧЛда иштирок этишни таъминлашимиз зарур эди. Мана, янги мавсумда ҳам халқаро турнирда қатнашамиз. Тўғри, барчасини «плей-офф» босқичидан бошлаймиз. Лекин бу ҳам ўзига яраша натижа, албата. Мақсад - ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш, Олмалиққа Осиё футболи нафасини олиб кириш. Зеро, аввало, мухлислар учун ўйнаймиз. Ҳа, бизда мухлислар армияси Қарши ёки Намангандаги каби катта эмасдир, аммо олмалиқликлар ҳам шундай нуфузли мусобақани кўришга лойиқлар, менимча.

- Сўнгги йиллар билан солиштирганда, бу йилги мавсум нималари билан ажралиб турди?

- Биринчи даврани олсак, пешқадам ҳар турда ўзгариб турди. Масалан, олдинлари «Пахтакор» бирдан етакчига айланиб оларди ва охиригача ҳолат ўзгармасди, жамоа чемпионликни анча эрта ҳал қиларди. Охирги мавсум эса АГМК, «Пахтакор», «Навбаҳор», «Сўғдиёна», «Насаф» ўрин алмашиб турди. Финиш маррасида 3та жамоада чемпионлик учун имконият сақланиб турди. Қуйида ҳам қайси клубларнинг чиқиб кетиши номаълум қолди, «Динамо»дан ташқари, албатта. Чемпио­натимизда бунақаси анча олдин рўй берганди. Ўшанда «Бунёдкор»да ишлагандим ва охирги тур шу каби кескин тус олган. Адашмасам, якунда «Бунёдкор» чемпионликка эришганди. Эсимда, Жиззахда ўтган сўнгги ўйинда 2:0 ҳисобини қайд этгандик. Бизга «Насаф» ва «Локомотив» рақобат туғдирган бўлса, «Пахтакор» йўқ эди. Мана, 10 йилдан кейин яна шундай вазият юзага келди ва барчани ҳаяжонда ушлаб турди. «Насаф» жуда яхши имконият ҳосил қилди, бироқ 25-турда «Нефтчи»га ютқазиб, чемпионликни қўлдан чиқарди. Умуман, мавсум қизиқарли ўтди, чемпионлик пойгаси эса алоҳида эътиборга молик. 

- Чемпионат суръати ҳақида қандай фикрдасиз? У секинлашаётгандек туюлмаяптими?

- Чемпионат - қизиқарли ва курашларга бой. Ўзимиздан келиб чиқиб айтсам, 4та қизил карточкани бекорга олганимиз йўқ. Кураш даражаси ортгани сайин карточкалар сони ҳам кўпайиб бораверади. Суръат ҳам жойида. Фақат битта гап - VAR. Бу тизимни ишлатишга тайёр эмасмиз. Зеро, VAR мукаммал ишлаши учун турли ракурсдан тасвирга оладиган камералар зарур. Очиғи, 3та камера - бу VAR учун жуда оз. Камида 8та камера бўлиши керак, менимча. Шунинг­дек, VAR тезкор қарор чиқариши керак. Баъзида хулоса чиқариш жараёни 5 дақиқага чўзилиб кетди. Шу ҳам футбол суръати ва жозибаси пасайишига олиб келмоқда. Ўйлашимча, бунга ҳали тўлиқ тайёр эмасмиз. Майли, замон талаби шу, аммо ҳар ишга 100 фоиз тайёр ҳолда қўл урилса, яхши бўларди. 

- Миллий чемпионатнинг терма жамоага таъсири ҳақида нима дея оласиз?

- Чемпионатда интрига, кутилмаган натижалар кузатилса, бу терма жамоага ижобий таъсир қилади. Суперлига қанча кучайса, термага шунча кўп фойдаси тегади. Чемпионат - фундамент. Унинг ўсиши нафақат миллий, балки олимпия жамоасига ҳам наф келтиради. 

- Мавсум давомида қайси клуб АГМК учун энг ноқулай рақиб бўлди? Энг мураккаб ўйинлар қайси жамоаларга қарши кечди?

- Бирор ўйинимиз осон кечгани йўқ. Энг ноқулай рақиб сифатида эса «Пахтакор»ни тилга олсам бўлади. Бунда фақат охирги мавсумни назарда тутмаяпман. Ушбу клубга қарши ўйинларда ҳамиша қийналамиз. «Пахтакор» билан баҳсларда ҳали ғалаба қозонганимиз ҳам йўқ. Шундай экан, энг ноқулайи - «шерлар». «Насаф» ҳам ўзига яраша мураккаб рақиб. Аммо қаршиликлар билан ўйнаш завқ бағишлайди. Тўғри, тўп назоратига таянадиган жамоаларга қарши туриш қийинроқ, барибир.  Бироқ иккинчи томондан, бундай футболнинг алоҳида жозибаси бор. Ҳа, мавсум давомида 4:0 ва 6:0 ҳисобларини қайд этдик. Лекин шунда ҳам оғирлик сезилди, фақат вазиятлардан унумли фойдаланиш эвазига натижани йириклаштирдик. Ваҳоланки, ўша баҳсларда рақибларда ҳам етарлича имкониятлар юзага келганди. Шунчаки, омад бизга кулиб боқди, холос...

- ПФЛ ўйин вақтини сунъий равишда «ўлдириш»­га интиладиган футболчилар ва клубларга қарши чора кўриш механизмини ишлаб чиқмоқда. Бунга муносабатингиз... 

- Футбол - спектакль. Ўйин пайти тўғри хулоса чиқариш мушкул. Футболчи вақтни чиндан ҳам, чўзмоқдами ёки жароҳат олган - буни аниқлаб бўлмайди. Ҳа, баъзида футболчилар гол ургандан сўнг ҳийла ишлатишга тушишади, айниқса, охирги дақиқаларда. Бу энди бутун дун­ё­да бор. Умуман, вақт чўзиш, айёрлик ишлатишга доим қарши чиққанман, шогирдларимга ҳам шуни уқтириб келаман. Футболчилар шашка ўйнамаётганларини тушунишлари, барчасига чидашлари керак. Ўзлари шу йўлни танлашган ва сабр қилишга мажбурлар. 

- 2023 йилги мавсумдан нималар кутяпсиз? Жамоангиз олдига қандай вазифалар қўйилган?

- Олдимизга ҳар доим юқори мақсадларни қўямиз. «Осилсанг, баланд дорга осил» мақолига мос равишда чемпионлик учун курашамиз. Шунинг баробарида чиройли футбол тарафдориман. Футболчилик даврида шундай эдим, ҳозир ҳам бу қараш ўзгармаган. Суперлига ва Ўзбекистон кубогида зафар қучишимиз керак. Қолаверса, ОЧЛ «плей-офф» босқичидан муваффақиятли ўтиб, гуруҳ раундида муносиб иштирок этишни режалаштирганмиз. Қисқаси, ўзбек футболи даражасини юқори кўтаришни истаймиз. Федерация томонидан катта ишлар олиб борилмоқда. Майдонлар ҳолати, ёритиш тизими устида меҳнат қилинмоқда. Шунингдек, ўйинлар ҳам одамлар ишдан чиқиб, бемалол ҳордиқ чиқариб кетадиган вақтга тўғрилан­япти. Бунинг учун биз ҳам қўлдан келганича ҳаракат қиламиз. Бир мухлис кўнглидан жой ола билсак - бизнинг ютуғимиз шу.