Жиноят жазосиз қолмайди, айниқса Англияда...
Родриго Бентанкурнинг ҳазили ирқчиликка оид эди, АПЛдагилар бундай қилиқларни ёқтирмайдилар.
Баногоҳ - "Челси" АПЛда барчани ҳайратда қолдираётган "Ливерпул"дан кейин 2-ўринда келмоқда.
"Кўк"лардаги жадал тараққиёт ва юксак парвозни ҳеч ким ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Айниқса, жамоа сўнгги икки мавсумни нафақат АПЛ, балки Европа футболининг асосий англашилмовчилиги мақомида ўтказганини инобатга олганда. Ўшанда клуб мутасаддилари 1 млрд. фунтдан кўпроқ маблағ сарфлашгани, жамоа эса ҳеч нарсага эриша олмай, катта қийинчилик билан ЕКЛга илиниб олгани хусусида гап-сўзлар авжига чиққанди. Энди шу "Челси" шиддат билан ЕЧЛга ва премьер-лига чемпионлигига интилмоқда. Муваффақият сабаблари эса қуйидагича:
1. Ниҳоят, навқирон жамоага ўйнаш имконияти берилди
"Челси" АПЛнинг энг нав-қирон таркибли жамоаси. Футболчиларнинг ўртача ёши - 24га тенг. Бундай таркиб Ла Лигада ҳам, "А" серия ва Бундеслигада ҳам йўқ. Эътиборлиси, бунданда навқирон жамоа Францияда бор - бу "Страсбур". Янада қизиқ томони, бу жамоа ҳам "Челси"га ҳомийлик қилаётган консорциумга тегишли.
"Кўклар"нинг аввалги мавсумлардаги муаммолари футболчиларнинг бир-бирларига мослаша олмаганликлари туфайли юзага келганди. Жамоа биринчи даврада 25 очкони, иккинчи даврада 38 очко жамғаргани буни исботлайди. Ўйинчиларнинг кўпчилиги аввал асосий таркибга танлаб олинди, кейин ўзаро ҳамкорликда ўйнаш усули шаклланди. Коул Палмер ортидан бошқа етакчилар пайдо бўлишди, биринчи навбатда - Мойзес Кайседо. У аввал ҳам яхши ўйнарди, бироқ энди тўпни тортиб олиш ва узатмаларни илиб олиш бобида АПЛнинг энг яхши футболчиси.
Ўтган мавсумда "Челси" ҳимоя марказида Аксель Дисаси Бенуа Бадьяшил ишончли ўйин кўрсата олмадилар. Энди улар ўрнида Леви Колвилл ва Уэсли Фофана барқарор тўп суришмоқда. Асосий муаммо марказий ҳужумчи позициясида рўй берди. Ёзда жамоа Виктор Осимхенни харид қила олмагач, Николас Жексон билан кифояланишга мажбур бўлганди. Буни қарангки, ўтган мавсумда АПЛдаги энг паст кўрсаткичлардан бирини қайд этган ҳужумчи ҳозир кутилганидан яхшироқ сермаҳсуллик намойиш этмоқда. Ўйиндан гол уриш бўйича фақат Холанд ундан олдинда бормоқда.
2. Бош мураббий жамоани Палмернинг ўйинига мослаштирди
Ғалабалар серияси қайд этилган ўтган мавсум якунига кўра Маурисио Почеттинонинг истеъфога чиқарилиши шубҳали бўлиб кўринган, футболчиларни шок ҳолатига тушириб қўйганди. Бироқ энди ҳатто раҳбариятни танқид қилганлар ҳам жамоадаги ижобий ўзгаришни тан олишди. Натижалар бўйича ҳам, савия борасида ҳам, "Челси" энди "Коул Палмер" ФК эмасди.
Энцо Мареска шогирдларига қарата шундай хитоб қилганди: "Модомики, рақиблар Палмерни алоҳида таъқиб қилиш ниятида эканлар, биз ўзгача ечим топишимиз лозим". Тез орада барчамиз турли футболчилар ўйин тизгинини ўз зиммаларига олаётганларига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, ярим ҳимоячи ҳам тиғиз таъқибга мослашиб олди. "Борнмут"га қарши баҳсда рақиб ўйинчиси Льюис Кук Коулни қўриқлаётганини кўрган Мареска ҳужумни Жейдон Санчо орқали ташкил этганди. "Ньюкасл"га қарши ўйинда бошқа ечим қўл келди: мураббий қўққисдан Палмерни чап қанотга ўтказиб, Жоэлинтоннинг таъқибидан халос этганди.
Афтидан, жамоадаги интизомни ҳам ўрнига қўйгандек. Ўтган мавсумда Мадуэке, Жексон ва Палмер пенальти зарбасини ким амалга ошириши хусусида тортишиб қолишган, Николас тўпни жамоадошининг қўлидан узиб олганди. Ҳозир болаларга хос бемаъниликлар кўринмай қолди. Яқинда "Лестер"га қарши ўйинда Мадуэке бехосдан Палмернинг 2 метр узоқликдан бўш дарвозага йўллаган тўпини тўсиб қолиб, "Челси"ни голдан жудо қилди. Лекин ҳеч қандай шикоят, даъво бўлмади - аксинча, жамоадошлар табассум билан бир-бирларига қўл узатишди.
3. Жароҳатлар эпидемия-си кескин барҳам топди
Жароҳатлар доимо ва ҳаммада бўлган - бу кундалик ҳодиса. Айниқса, ўйинлар кўпайиб кетган ҳозирги даврда. Бироқ ўтган мавсумда "Челси"даги шикастланишлар жуда кўп бўлди, 23 нафар футболчи 55 марта жароҳат олганди.
Шу йилнинг октябрида бош мураббий жамоада бирорта шикастланган футболчи қолмаганлигини эълон қилганди. Тўғри, кейинчалик бир нечта жароҳат олганлар бўлди. Масалан, Жеймс, Фофана. Лекин улар жиддий эмас, футболчилар тез орада сафга қайтишди.
4. "Челси" еврокубокларда деярли куч сарфламайди
"Брайтон" ва "Ноттингем Форест"ни ҳисобга олмаганда, "кўклар" бошқа рақобатчиларга нисбатан муҳим устунликка эга. Яъни, еврокубок мусобақаларида куч йўқотмайди. ЕКЛда жамоа иккинчи таркиб (Бадьяшил, Дисаси...) билан иштирок этмоқда. Турнирнинг биринчи ярмида Палмер ҳатто қайдномага ҳам киритилган эмасди. Ана шу иккинчи таркиб 4та ўйинда 4та ғалабани расмийлаштириб, етакчилик қилмоқда, тўплар нисбати - 18:3. Энди "Челси"нинг жанговар кучлари АПЛ беллашувларига янада кучлироқ иштиёқ ва кўтаринки кайфият билан қайтадилар. Қолаверса, жамоа лига Кубоги турнирининг 1/8 финалида "Ньюкасл"га имкониятни бой берган, 0:2.
5. Рақобатчилардаги пасайиш ва инқироз
"Челси"нинг совриндорлар учлигида боришига бошқа жамоалардаги муаммолар ҳам қисман сабаб бўлди. Масалан, "Манчестер Сити" қаторасига 4та ўйинда мағлубиятга учради. Агар Гвардиола жамоаси одатий савияда тўп сурганида, "кўклар" ҳозир бир поғона пастроқда турган бўлишарди. Қизиғи, "шаҳарликлар" ўтган мавсумда худди ҳозирги "Челси" каби 13та ўйинда 25 очко тўплаганди.
Бу мавсумда ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш "кўклар" муваффақиятли якун бўларди. Эслатиб ўтамиз, жорий мавсумни 5-ўринда якунлаган АПЛ жамоаси нуфузли турнирнинг асосий босқичига йўл олади. Янги форматга биноан, қўшимча 2 йўлланма эса, еврокубок мусобақаларида юқори рейтингга эга бўлган 2 мамлакатга берилади. Бу борада Англия етакчилик қилмоқда, 7та жамоанинг кейинги босқичга чиқиш эҳтимоли жуда юқори. Фақат "Сити"нинг иштироки бироз хавотирли. Лекин бунинг учун ҳозирда 17-ўринда бораётган жамоа қолган беллашувларда 24-поғонадан пастга тушиб кетмаслиги талаб этилади.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади.
Родриго Бентанкурнинг ҳазили ирқчиликка оид эди, АПЛдагилар бундай қилиқларни ёқтирмайдилар.
Ўзбекистон Суперлигасида амалдаги регламент бўйича легионерлар лимити - "5+1". "Нефтчи"да бу йил фаолият олиб борган хорижликлар
Фаолиятининг асосий қисмини "Навбаҳор"да ўтказиб, мухлислар ёқимтойига айланиб улгурган дарвозабон Ўткир Юсупов давралар оралиғида Эроннинг "Фулад" жамоаси аъзосига айланганидан яхши хабардорсиз.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789