Бинобарин, 2 йилча олдин ҳам АПЛ турнир жадвалининг хавфли зонасида ўралашиб юрган Бирмингем клуби бугун янги форматдаги ЕЧЛ карвонбошиси! Унаи Эмери жамоасининг асосий еврокубоклар даврасидаги 3та ўйинда гол қўйиб юбормаган ҳолда 100 фоизли натижа қайд этгани эътиборга молик.
«Астон Вилла» жумладан, 3-турда «Болонья»ни 2:0 ҳисобида доғда қолдирди. Унаи Эмери тузган қувноқ жамоа бунга қадар турнирда «Янг Бойз» (3:0) ва «Бавария» (1:0)дан устун келганди. Хуллас, «Вилла» ЧЛда ҳали бирорта гол қўйиб юбормади. Ваҳоланки, АПЛда ҳам ёмон таассурот қолдирмаётган жамоа 2-турда важоҳатли «Бавария»га қарши майдонга тушган эди. Айтиш керак, «Астон Вилла» 2 йилча олдин АПЛ жадвалида хавфли зонага анча яқинлашиб қолганди. 2022 йилнинг октябрь ойи охирида эса жамоа бошқаруви Унаи Эмерига топширилди. Испаниялик мутахассис келиши билан эса «МЮ» 3:1 ҳисобида доғда қолдирилди ва жамоанинг натижалари секин-аста яхши томонга ўзгарди.
Тўғри, ЧЛнинг айни жадвали ҳали ҳеч нимани англатмайди. Чунки ўйинларнинг катта қисми олдинда. Ҳар ҳолда, «Астон Вилла» ва 9-ўриндаги «Арсенал»ни айни пайт атиги 2 очко ажратиб турибди. Лекин 3та ўйиндан сўнг 6:0 кўринишидаги голлар нисбати билан 9 очко - бу нимадандир далолат, албатта.
Факт. Янгиланган ЧЛ турнир жадвалини АПЛ триоси бошқариб турибди - «Астон Вилла», «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити». Жумладан, «шаҳарликлар»да голлар нисбати 9:0га тенг, фақат битта 0:0 туфайли очколари сони 7та. «Қизиллар» жамоаси эса худди «Вилла» каби 100 фоизлик натижага эга.
А.абдувалихўжаев тайёрлади