АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Бельгиялик Эден Азар вақтида дунё футболининг энг истеъдодли ярим ҳимоячиларидан бири сифатида катта саҳнага кўтарилган эди.
Бироқ у ҳамма кутган даражага чиқолмади, боз устига, фаолиятини анча эрта - 32 ёшидаёқ тугатиб қўя қолди. «Лилль» билан Францияда ёрқин ўйин ортидан чемпионлик, «Челси»да фантастик 7 мавсум, Бельгия миллий жамоаси сафида Россия мундиали бронза медали ва «Реал»да чинакам азоб - бу Эденнинг футболдаги йўлига лўнда тавсиф. 2022 йил якунига келиб, мухлислар ҳаттоки, футбол оламида Азар ҳам борлигини унутиб қўйишди. Уни фақат ортиқча вазни ва чексиз жароҳатлари ҳақидаги ҳазиллар билан эсга олиш одатга айланди. Мана, Азарнинг ўзи ҳам L`Equipe нашри (Франция)га берган интервьюсида ниҳоят, футболга муносабати, овқатланиш тартибига риоя қилмагани, шунингдек, Испанияда нега талаб даражасида ўйнолмагани юзасидан очиқ-ошкора гапирди.
- Эден, сизни такаббур йигитдек тасаввур қилишади...
- Афсус, бундан баттарига ҳам муносибман... Машғулотга келардим ва ҳаттоки, бутсам боғичини ҳам тўғриламасдим. Хуллас, атрофимдагиларга шунчаки, мақтанчоқ эмаслигимни кўрсатиб қўйишни истардим: «Марҳамат, менга тўп беринглар ва томоша қилинглар». Улар тўп узатишгани ҳамоно бир-икки ҳаракат билан гол урардим. Кейин йигитлар қотиб қолишарди: «Қойил...!» Футболда энг муҳими шу эмасми? Сиз кучлисиз, ғалаба қозонасиз, бонусларни таъминлайсиз ва ҳамма бахтиёр. Ҳа, майдонда эътиборсиз бўлганим, ҳеч нарсани писанд қилмаганим бор гап, лекин унинг ташқарисида ҳамманинг ҳурматини жойига қўярдим. Дейлик, кийиниш хонасида ҳеч қачон жанжал кўтармаганман, ҳар бир клубдошим билан кулишиб гаплашганман. Лекин иқтидорни авайлаш масаласида... Ваҳоланки, мураббийлар ва жамоадошларим менга кўп марта танбеҳ беришган: «Эден, эҳтиёт бўл, ахир ҳали ёшсан...». Бироқ бундай гапларни қулоғим эшитмасди...
- Футболдаги юришингиз давомида айнан нимадан кўпроқ ҳайратлангансиз?
- Мухлислар ва футболчилар ўртасидаги алоқадан. Футболда туйғулар жуда тез ўзгаради. Ғалабалар ортидан совринлар ютасиз ва ҳамма сизни яхши кўради. Мухлислар юзига қараб ҳам, уларнинг нақадар бахтли эканликлари ва сизни ардоқлашларини кўрасиз. Кейин ҳаммаси бирдан ўзгариб қолади. Тўғри, ҳозиргача Марсель ва Париж кўчаларида одамлар менга луқма ташлашади: «Эден, ўша «Лилль» сен билан идеал кўриниш олганди!» Ҳатто Лондонда «Арсенал» мухлисларидан худди шундай мақтов эшитишим мумкин: «Азар, очиғи, ўйинларингни томоша қилиш чинакам роҳат эди...». Ҳа, одамлар футболни жуда яхши кўрадилар, аммо назарларидан қолмаслик учун мудом яхши ўйнашингиз талаб этилади.
- Қизиқ, ўзингизга қайси финтингиз кўпроқ завқ бағишларди?
- Тўпни рақиб оёқлари орасидан ўтказиш. Ўйиним мутлақо қовушмаслиги мумкин эди, лекин агар тўпни бир марта рақибим оёқлари орасидан ўтказсам, шунинг ўзи кифоя қиларди. Ҳатто 0:3 ҳисобида ютқазаётганимизда ҳам, шу трюкни бажаришга уринаверардим, чунки мен учун бошқаси аҳамиятсиз эди. Лекин ўз ўрнида таъкидлашим жоизки, ҳеч қачон бу финт билан кимнидир камситишни ўйлаган эмасман. Шунчаки, ўзимга завқ улашиш учун ҳаракат қилардим. Мана, ҳозир фарзандларимга мағрур юзланаман: «YouTube тармоғида отангиз қандай финтлар ишлатганини бир кўринг». Умуман, менда тортишиш маркази кучлироқ бўлган ва шунинг учун ҳеч ким тўпни оёғимдан олиб қололмасди.
- Футбол ҳаётида бирор марта «ёмон болалар» билан тўқнаш келганмисиз?
- Эҳтимол, АПЛда тўқнашгандирман, лекин улар қўпол ҳаракатланишса ҳам, ўйинга ҳурмат билан қарашарди. Испанияда ҳам футболчилар анча агрессив, яна қўполликка мойилроқ. Улар ўзларини устингизга ташлаган ҳолатда ҳам, жилмайиб қўйишади: «Узр, атайин йиқилмадим».
- Футболча стресс нима? Бу ҳолат сизга танишми?
- Ўйинолди ҳаяжонга боғлиқ стресснинг зарари йўқ. Руҳий стресс эса - азоб. Бунга кўп марта дуч келганман, хусусан, фаолиятимнинг охирги қисмида, яъни майдонда кам кўриниш бера бошлаганимда. Ўша вақт кучли стресс остида юрардим. Чунки мудом кўпроқ ўйнаш ва ўзимни кўрсатиш ҳақида ўйлардим. Тўғри, ўша ҳолат стрессмиди ёки бошқа нарса - буни билмайман.
- Футбол сиз учун ишмиди ёки эрмак?
- Футболга ҳамиша оддий ўйиндек қараганман. Албатта, ўйинни охирига етказиб қўйишга ҳаракат қилдим. Футбол мен учун ўйин мақомини йўқотганидан кейин эса, дарҳол тўхташни лозим топдим. Ваҳоланки, футбол бу мен учун профессионал иш ва тирикчилик манбаи эканлигини яхши билардим, фақат бу ҳақда бош қодиришни хоҳламаганман, шунчаки. Демак, футболга хобби ва эрмак сифатида ёндашганим рост. Айнан шунинг учун фаолиятимни эртароқ тугатдим.
- Овқатланиш тартиби ва парҳез ҳақида нима дейсиз?
- Бунга асло бепарво қарардим, лекин ҳар куни «Макдональдс»га киришим ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз. Шунинг баробарида тан оламан, парҳезни муҳим жиҳат ўрнида кўрмаганман. Тушунинг, мен ҳам оддий инсонман ва дўстларим даврасида овқатланиш, еб-ичишни хуш кўраман. Яширмайман, баъзан ўйин арафасида уйда овқатланиб, 1 шиша шароб ичганча дам олардим. Чунки диетага бемаъни тақиқ сифатида ёндашганман.
- «Реал» билан шартнома тузасан ва мавсум бошида 5 кг. ортиқча вазн билан келасан. Бу катта хатоми?
- «Челси»да фаолиятим давомидаги энг зўр мавсумлардан бирини якунлагач, ўзимга пичирладим: «Бўлди, энди «Реал» ихтиёрига бораман, Демак, бу мен учун охирги таътилдир эҳтимол...» Шу хаёл билан тартибни буздим, кейин ҳар ёзда бўлгани каби энергиямни қайта ишга туширдим. Англияда 7 йил ўзимни ҳамма нарсага бағишладим, ҳатто «Рождество»да танаффуссиз. Шунинг учун 3-4 ҳафталик таътилга чиққач, мени кимдир безовта қилишини истамадим. Барбекю, ичимлик ва ҳоказо... «Реал»га борганимда эса ҳаммаси кескин ёмонлашди ва шу билан тугади.
- Сизга энг катта эркинлик берган мураббийни айта оласизми?
- Муайян мураббийни тилга олишим қийин, чунки кўпчилик анча-мунча эркинликка рухсат берганди. Лекин бу яхши ўйнашим учун бонус эди. Тартиб масаласида мени чинакамига безовта қилган ягона мураббий - бу Конте. У жаҳон футболидаги энг кучли мутахассислардан бири, шубҳасиз. Энг яхши мавсумни айнан Конте қўл остида ўтказгандирман, аммо унинг машғулотларига асло кўниколмаганим ҳам бор гап. Моуриньога келсак, айниқса, ҳамкорлигимизнинг 3-йили унча яхши кечмади, шунга қарамай, уни яхши кўрардим.
- Соф истеъдод нуқтаи назаридан қайсидир футболчини ўзингиздан устун қўйганмисиз?
- Индивидуал равишда олсак, эҳтимол, фақат Мессини ўзимдан яхши билгандирман. Ахир у тарихдаги энг буюк футболчи. Ҳозиргача Леодан тўпни олиб қўйиш шунчаки, амри-маҳол. Криштиану ҳам буюкроқ, албатта. Лекин соф истеъдод нуқтаи назаридан қарасак, у мендан яхши эмас, очиғи. Неймар? Эҳтимол у ҳам яхшироқдир. Тушунарлики, «Реал»да энг кучли йигитлар жамланишган. Хусусан, мартаба нуқтаи назаридан Бензема ва Модрич алоҳида ажралиб туришарди.
- Қайси вақтда ўзингизни энг кучли футболчи сифатида ҳис қилгансиз?
- Менимча, Моуриньо қўл остида чемпионликка эришган мавсум (2014/2015) энг юқори чўққига чиққандим. Яна Конте (2016/2017) ва Сарри (2018/2019) бошқарувида ҳам руҳиятим жуда баланд эди. Афсуски, энг яхши спорт формада бўлганимда, Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқолмадим. «Челси»ни худди Дрогба каби узоққа олиб боролмаганимдан афсусланаман. Боз устига, кетишим билан жамоа ЧЛ тахтига кўтарилди. Демак, Бельгия термаси Евро-2024да чемпион бўлади! Шундай ёзиб қўйинг. Ахир жамоадан кетдим-ку...
- «Реал»га ўтиш хатомиди?
- Ҳозир шундай хулоса чиқариш осон, лекин болалигимдан Зидан ўйинлари шайдоси бўлганман. Айнан у туфайли «Реал»ни яхши кўрардим. «Бернабеу», оппоқ футболка - бундан юз ўгиролмасдим, барибир. Афсуски, амалда бу клубга мос келмадим. Лекин «Реал»да ўйнаш чин орзум эди. Шундай экан, Мадридга бормасдан фаолиятимни тугатолмасдим, барибир...
Эден Азар 7 январь куни 33 ёшга тўлди. Бельгиялик ёрқин дриблингчи ҳамиша футболдан роҳатланишни тўхтатиши билан бутсаларини михга илишини таъкидлаб келарди: «Йўқ, пул учун ўйнай олмайман. Агар ўйин завқ бермаса, дарҳол тўхтатаман»! У худди шундай қилди. Йигит сўзидан қайтмайди!
МУҲАММАДХОН тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789