Элитанинг жиддий синови

Элитанинг жиддий синови

Сўнгги қишда амалга оширилган трансферлар орасида Бруно Гимараэснинг «Лион»дан «Ньюкасл»га ўтгани ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлганди...

«Ҳаккалар» янги соҳибларининг қарорлари кимларнидир ажаблантирган (балки улар мўмай даромад илинжида иссиқ ўрнини тарк этишга шай турган ёрқин юлдузни кутишгандир) бўлса, бошқаларни шу йигит учун 42 млн. евродан воз кечилгани ҳайрон қолдирганди. Ўз навбатида, шу мазмундаги барча саволларни дилдан ўтказганлар ҳам йўқ эмасди. Бироқ Geracao Hexa блогининг шинавандалари Брунонинг салоҳиятидан яхши хабардор эдилар. 2019 йилда у блог қаҳрамонларидан бири сифатида эътироф этилганди.

Гимараэснинг «Лион»даги фаолияти ўта шиддатли бошланганди. Шу қадар ёрқин дебютни деярли ҳеч ким кутмаганди. Дастлабки 5 учрашувни у шунчалик енгил, хотиржам, ўзига ишонган ҳолда, шу билан бирга, сермазмун, худди «кўҳна қитъа»да анчадан бери тўп сураётгандек ўтказганди: «Ювентус»га қарши ЕЧЛ нимчорак финалида, «Сент-Этьен» билан кечган дерби баҳсида яққол ажралиб турган, ҳатто «ПСЖ»дан қабул қилинган йирик мағлубиятли (1:5) ўйинда энг яхши футболчи сифатида эътироф этилганди. Бироқ бомбадек портлаш билан бошланган старт COVID-19 ва Лига 1даги мажбурий танаффус туфайли барбод бўлди.

Футболчи ўзининг 6-учрашувини нақ 5 ой кутишига тўғри келди. Бу вақт ичида «Лион»да кўп ўзгаришлар юз берди - бразилиялик жамоадошини қўллаб-қувватлаб турадиган Лукас Тузар «Герта»га ўтиб кетди, Максанс Какре ўйинидаги шиддатли ўсиш таъсирида Бруно таянч ярим ҳимоячиси позициясига чекинишга мажбур бўлди. Бу чизиқдаги чекланган эркинлик ва рақиб ҳужумларини бартараф этиш мажбурияти Брунонинг марказдаги самарали ҳаракатларини йўққа чиқарди. Натижада «Лион» пандемия танаффусидан кейинги 4та ўйиннинг 3тасини бой берди, Какре-Гимараэс жуфтлиги ҳамкорлиги зерикарли томошага айланди, «ПСЖ»га қарши Франция кубоги финали ва «Бавария»га қарши ЕЧЛ ярим финали мағлубият билан якунланди.

«Лион»даги датлабки тўлиқ мавсум Брунога оид кўплаб саволларга жавоб бериши тахмин қилинганди. Бироқ 2020/2021 йиллар мавсумини ярим ҳимоячи Руди Гарсия жамоасининг асосий таркиби ва захира ўриндиғи оралиғида ўтказди, ўз ўрнини гоҳ Какре, гоҳ Тиаго Мендесга бўшатишига тўғри келди. Боз устига, Пакета 3та позицияни банд этганди.

Тўғри, Гимараэс статистика бобида кўпчиликнинг эътиборини қозонган Камавингадан кам эмасди. Лекин бразилиялик мухлислар ундан янада юксакроқ савияни кутишганди. Петер Бошнинг бош мураббийликка тайинланиши Гимараэсга жуда қўл келди: энди Какре кўпроқ ҳимоя билан, бразилиялик касбдоши эса ҳужумкорлик билан шуғулланадиган бўлишди. Бу ўзгариш Брунога ўз ватандоши Пакета билан сермаҳсул дуэт яратиш имконини берди. Тез орада мухлислар янги жуфтликнинг «Парк-де-Пренс»даги «гала-концерт»ига гувоҳ бўлдилар, Бруно жонланиб, яқин келажакда жаҳон миқёсидаги юлдуз мақомига эришадиган иқтидор соҳибига хос ўйин кўрсата бошлади. «Лион»даги умумий пасайишнинг унга алоқаси йўқ, жамоа ўртамиёналар қаторига тушиб қолган бўлсада, Бруно Бошнинг универсал «олтилик-саккизлик» гибридига айланди. Яъни, экстра мақомидаги ярим ҳимоячи бажара оладиган барча юмушларни аъло даражада уддалайдиган бўлди.

Энг ишончли манбаларнинг статистик маълумотларида 24 ёшли иқтидор соҳиби Фернандиньо, Н`Голо Канте, Матео Ковачич ва Марко Верраттилар ёнидан жой олди. Бу яна шуни англатадики, Гимараэс Жоржиньо/Фабиньо услубларида тўп сурган ҳолда, аниқ узатмалар ва дриблинг санъатини пухта ўзлаштиргани билан ажралиб туради. FBRef маълумотига кўра, АПЛга ўтишига қадар Лига 1даги бирор футболчи рақиб жарима майдончасига йўлланган (150) ва прогрессив узатмалар (144) борасида Гимараэсга тенглаша олмаганди. Топ-чемпионатлар бешлигида фақат Трент Александер-Арнольд кўндаланг узатмалар бўйича мақтана олади.

Олдинги чизиқдаги самарали ҳаракатларидан ташқари, Бруно ҳимояда ҳам муайян юксак натижаларга эришди, тўпни рақибидан тортиб олиш бобида бирор футболчи уни енга олмаган. Узатмалар сони бўйича 2-ўринни эгаллаган Какредан 300тага кўпроқ узатмани амалга оширганди. Тўпни оёқларига елимлагандек олиб юрадиган (алдамчи ҳаракатларининг 78 фоизи самарали) ярим ҳимоячи энди Европада энг совуққон плеймейкер (аниқ узатмалари 90 фоизга яқин) сифатида танилмоқда. Шунингдек, у чидамлилик хусусиятини ошириш устида изланиб, январь ойида ўйиндаги ўртача босиб ўтилган масофа бўйича топ савиядаги ярим ҳимоячилар бешлигидан жой олди.

Очиғи, аввалига «Ньюкасл»­да Бруно бироз саросимага тушгандек бўлди. Ҳа, ўз соҳибларини алмаштирган «ҳаккалар» АПЛдаги мавқеларини мустаҳкамлаш ниятида таркибни кучайтиришни режалаштиргандилар. Бироқ элитадаги ўринни сақлаб қолиш зарурати муҳимроқ эди. Бошқа томондан, Гимараэс учун «Лион»ни қанчалик тез тарк этса, шунчалик яхши бўларди. Шунда у Титенинг эътиборини кўпроқ жалб этарди. Яъни, футболчи учун АПЛдаги янги лойиҳадан кўра, терма жамоадан жой олиш муҳимроқ эди. Сир эмаски, Тите штаби учун Франция чемпионатининг нуфузи АПЛники билан тенг эмас. Демак, Брунонинг Лига 1ни тарк этиши - тўғри қарор. У юқорироқ савиядаги лигада тўп суришга ҳақли эканлигини исботлади. Энди у, Фред ва Дуглас Луиз орасидан энг муносиб номзодни танлаб олиш «пентакампеонлар» бош мураббийининг вазифаси. Қолаверса, бу ёқда мундиал тобора яқинлашмоқда.

«Бруно ярим ҳимоя чизиғининг исталган позициясида - 8, 6-рақамлар остида ёки «жуфт-лашган олтилик» ролида ўйнаши мумкин. Бу унинг ижобий жиҳати», - деганди Хау. Ҳа, мураббий Брунони юксак қадрлашини инкор этмади, шу боис шошмаяпти. Янги шогирдининг ўйин амалиёти хусусида сўрасангиз, бунинг учун 40 млн.ли Жоэлинтонни захирага ўтқазиш кераклигини рўкач қилади. Қисқаси, мураббий фикрича, Гимараэсга захира ўриндиғи ҳам бебаҳо сабоқ берган.

Хайриятки, Тите Брунога саралаш босқичининг ҳал қилувчи баҳсларида ишонч билдирди, шогирди эса ажойиб ўйинлари билан ишончни оқлади. Шундан ке-йин Гимараэснинг шиддатли парвози бошланди. «Саутгемптон»га қарши бошланғич таркибда майдонга тушган Бруно товони билан гол уриб, ғалабани таъминлади. Кейин «Челси» ва «Эвертон»га қарши учрашувларда ҳам тўлиқ тўп сурди. Бу ўйинларда ҳам рисоладагидек ўйнаган бўлсада, жамоа кичик ҳисобларда имкониятни бой берди. Мураббий яна уни захирада қолдиргач, «ҳаккалар» «Тоттенхэм»дан йирик (1:5) мағлубиятни қабул қилишди. Натижада Хау Гимараэсга имконият беришни лозим топди ва жамоа қаторасига 4та ғалабага эришди, қаҳрамонимиз 3тадан гол ва самарали узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Қўшимчасига, 4 марта «учрашув юлдузи» унвонига лойиқ топилди. 

Лига 1нинг 61 учрашувида 3та тўп киритган Бруно АПЛдаги 13та ўйинда 4та голни амалга оширди. Агар Пакетанинг ҳам ёзда «Ньюкасл»га ўтиши ҳақиқатга айланса, таркиб янада кучайиши мумкин. Лекин кейин нима бўлишини вақт кўрсатади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади