Эмиль Смит-Роу: «Энфилд»да ўз овозингизни ҳам эшитолмайсиз»

Эмиль Смит-Роу: «Энфилд»да ўз овозингизни ҳам эшитолмайсиз»

Англия футболининг умидли  ҳужумкор ярим ҳимоячиси Эмиль Смит-Роу Amazon томонидан суратга олинаётган «Арсенал»: ҳаммаси ёки ҳеч нарса» номли ҳужжатли фильми баҳона актёрлик маҳоратини ҳам синаб кўрди.

Картина бошида «канонирлар» устози Микель Артета ёш футболчини кузатганча, уни «уятчан» ва «бироз ношуд» шогирд сифатида таърифлайди. Клуб академияси тарбияланувчиси саналган 10-рақамли йигит охир-оқибат, ўз қобиғидан чиқади ва «Шимолий Лондон дербиси»га қаратилган иккинчи лавҳада «Тоттенхэм» дарвозасини нишонга олади...

FourFourTwo журналисти эса янги мавсум юлдузи бўлиши кутилаётган Смит-Роу билан шахсан гаплашиб, унинг аслида қанчалик уятчан эканлигини аниқлаш, шунингдек, «тақачилар»га мухлислик қиладиган отаси ёнида ўзини қандай сезишини билиш учун «Арсенал» маш­ғулотлар базасида меҳмон бўлди.

- Микель Артетанинг ҳужжатли фильм бошидаги сўзлари: «Эмиль илк учрашувда жуда уятчан йигитдек таассурот қолдирди». Бу гапга қўшиласизми?

- Ҳа, болалигимда анча уятчан эдим. Ҳар ҳолда, шунинг таъсири билингандир... Аммо шундан буён узоқ йўлни босиб ўтдим.

- Умуман, Микель Артета ўйининингиз яхшиланишига нечоғли ёрдам берди?

- Артета клубга келиши билан ижара келишуви асосида «Хаддерсфилд»га кетганман. Ўшанда мураббий офисига чақириб, далда бергани ёдимда: «Бошқа жамоага бориб, асосий таркиб учун тажриба орт­тиришинг, чинакам мард йигит бўлиб қайтишингга ишонаман». Эҳтимол, жим турганимни уятчанликка йўйгандир, лекин «Арсенал»га қайтганимда ўз салоҳиятимга нисбатан ишонч анча ортганди. Ҳар ҳолда, Артета ҳам буни сезиб, ғоят мамнунлигини яширмади: «Баракалла, узоқ йўлни мардонавор босиб ўтдинг». Мураббийнинг ўзига хос сифатларига келсак, асосийси - ёш футболчилар билан ишлашни яхши билади. Дейлик, биз билан кўп гаплашади, йўл-йўриқлар кўрсатади, шахсий ишларимизга ҳам бефарқ қарамайди. Ишонинг, бундай муносабат ҳар қандай ёш  футболчи учун жуда муҳим.

- Ҳужжатли фильмнинг биринчи қисмида айтилганидек, «Арсенал» таркиб бў­йича анча ёш жамоа, мураббий ҳам шундай. Бу сизларга қандайдир қўшимча босим юкламаяптими?

- Ўз мисолимда айтаман: фақат ўйин ҳақида ўйлайман, босимни хаёлимга келтирмасликка ҳаракат қиламан. Ҳа, бизда таркиб ҳам, мураббий ҳам ёш, лекин тўғриси, яйраб шуғулланиш асносида тобора ўсяпмиз, гуллаб-яшнаяпмиз. Дейлик, аввалги мавсумга баҳо берсак, масофани яхши босиб ўтдик. Асосийси, жамоадаги ёшлардан бириман ва атрофимда ёрдам беришга шай йигитлар кўп.

- Академия юлдузи сифатида янги футболчиларга «Арсенал»да ўйнаш нима эканлигини англатишга масъул бўлсангиз керак...

- Эҳтимол. Лекин йигитларга «Арсенал» ҳақида маълумот бериш шарт эмас - жамоа сафига қўшилган ҳар бир футболчи бу либосни кийиш нимани англатишини яхши билади. Умуман, ҳар жойда шундай: футболчи ўз клуби тарихини, унинг ҳаётида ёрқин из қолдирган юлдузларни яхши билиши шарт. Албатта, ҳар доим янгиларга илк кунларда жамоага имкон қадар тезроқ кўникишлари масаласида ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Чунончи, биз моҳиятан бир оиламиз ва бир-биримиздан ёрдамни аямаслигимиз керак. Қувонтирадиган томони, ҳозир майдон ташқарисида ҳам ўзаро дўстмиз.

- Ҳужжатли сериалда «Тоттенхэм»нинг ашаддий мухлиси саналган отангиз қўл остида улғайганингиз ҳам баён этилган...

- Чиндан ҳам, отам «шпорлар»нинг мухлиси, лекин ўртамиздаги зиддият асосан ёшлигимда кузатилган. Ҳар ҳолда, у ҳозир анча бўшашиб қолди... Ростини айтсам, охир-оқибат, отамни ҳақиқатга тик боқишга ундадим. Оилада мендан ташқари, укаларим ҳам «Арсенал»га меҳр қўйишган, шунинг учун ёшлигимиздан бу мавзуда роса тортишардик, кулишардик. Ҳовлида ўйнаганимизда, отам ўзини «Тоттенхэм» футболчисидек тутарди, биз эса «канонирлар» бўлиб олардик. Ўшандаёқ отам мисолида «Тоттенхэм»ни енгишга уринардик, ҳозир ҳам шу қараш ўзгарган эмас. Тўғри, эндиликда ҳаммаси кулгули туюлади. Аслида бу унча ноқулай эмас. Масалан, 2021 йилнинг сентябрь ойида «тўпчилар» «Тоттенхэм»дан устун келишганини бутун оиламиз билан стадионда кузатганмиз. Шунингдек, ўшанда биз билан бирга ўтирган 4-5 нафар дўстимдан иккиси «Тоттенхэм»га мухлислик қилганди. Муҳими, улар гарчи «шпорлар»ни қўллаб-қувватлашсада, мен учун ҳар доим хурсанд бўлишади. «Тоттенхэм» дарвозасига гол урганимда, бу жамоага кўнгил берган дўстларим ҳам, яқинларим ҳам уни алоҳида нишонлашган. Тўғри, отам «Арсенал»ни тан олишни истамайди, лекин мен учун қувонишга мажбур!

- Исмингизни қўшиққа солишларига қандай қарайсиз?

- Ўзгача туйғу. Таърифлашга ожизман. Сен улғайгач, «Арсенал»да ўйнашни орзу қиласан, лекин мухлислар исмингни қўшиқ қилиб куйлашларини хаё­лингга ҳам келтирмайсан. Қолаверса, ўзимга аталган қўшиқни илк марта эшитганимда, охир-оқибат, шу даражада оммалашишини кутмагандим. Шунчаки, фантастика! Кейинчалик қўшиқни ҳар жойда эшита бошладик, йигитлар кийиниш хонасида шунга мос равишда рақс тутишга одатланишди. Барчамиз академиядан асосий жамоага бирга ўтганимизни ҳисобга олсак, бу жуда таъсирли, албатта.

- Сўнгги бир йил ичида чинакамига «портладингиз». Ҳозир ҳаммаси ҳақиқат эканлигини англаш учун ўзингизни бир-бир чимчиламаяпсизми?

- Ҳа, барчаси жуда тез ривожланди: қўшиқлар, ҳиссиётли лаҳзалар... Ўйлайманки, бунинг ортида катта ишонч бор. Умуман, ҳозиргача мен билан рўй берган воқеаларга бирдан ишониш қийин, бу ҳақиқат чегарасидан сал йироқдек. Лекин футболда шундай экан: гоҳида атрофингда воқеалар ҳалқаси жуда тез айланади, ўйин ортидан ўйин келади ва нималар бўлаётганини англашинг қийин. Муҳими, бир учрашувда гол урганингдан кейин диққатни кейингисига қаратишни ўрганишинг шарт. Буларни шу ёз, дўстларим ва яқинларим даврасида ўтган мавсум таассуротлари ҳақида гаплашганимизда пайқадим. Яъни шундагина нималар бўлаётганини қисман тушуниб етдим.

- АПЛда сизни айнан нима кўпроқ ажаблантирди?

- Шунчаки, ўйинлар шиддатида Чемпионшипникига нисбатан кескин фарқ бор. Тан олиш керак, Чемпионшип ҳам жуда кескин лига, барча клублар кучли, аммо АПЛда шиддат ўта юқори, барибир. Мен учун «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» клубларига қарши ўйинлар энг қийинлари бўлди. Кайл Уокердан ўтиб кетолмайсиз, Трент Александер-Арнольд қийнаб қўяди... Стадионлар, айниқса, «Энфилд»даги муҳитни кўриб, ақлдан озишингиз ҳеч гап эмас, мухлислар шу қадар шовқин кўтаришадики, ҳаттоки, ўз овозингизни ҳам эшитолмайсиз...

МУҲАММАДХОН тайёрлади