Эндрик Мадридда, ниҳоят!

Эндрик Мадридда, ниҳоят!

Бразилиялик вундеркинд - Эндрик Испания пойтахтида кўриниш берди

Ёзда расман «Реал» футболчисига айланадиган иқтидор илк марта Мадридга ташриф буюрди. Журналистлар ёш бразилияликни аэропортдаёқ «нишон»га олишди. Фотосуратларга қараб хулоса чиқарсак, Эндрикнинг Испания иқлимига кўникиши унча осон бўлмайди, чоғи.

Кўринишидан, Эндрик Мадридда бўлажак уйи билан танишишни бошлади. Ҳа, мослашиш вақти келди муддатидан олдин. Таққослаш учун айтсак, «Палмейрас» клуби базаси жойлашган Сан-Паулу шаҳрида декабрь ойи­даги ҳарорат анча ёқимли: +30. Мадридда эса айни вақт ҳаво нисбатан паст: чамаси +15 атрофида. Умуман, Бразилияда мавсум якунланди ва 17 ёшли ҳужумчи бундан фойдаланган ҳолда, бўлажак қўнимгоҳига ташриф буюрди. 

Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, ёш футболчи «Сантьяго Бернабеу»да бўлди, «Реал» базаси билан танишди. У шунингдек, Флорентино Перес билан учрашди ва «Вильярреал»га қарши ўйинни стадионда кузатди. Эндрикда Испания билан илк танишувдан кучли таассурот уйғонганини бемалол айтиш мумкин. Бинобарин, «Қироллик клуби» унинг келишини 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан безади.