Эрик тен Хаг: «Футболдаги дўстлик бизнесдан каттароқ»

Эрик тен Хаг: «Футболдаги дўстлик бизнесдан каттароқ»

«МЮ» раҳбарияти Эрик тен Хаг билан келишувга эришишигача сира тинчигани йўқ. Мутахассис энди июнь ойидан эътиборан «қизил иблислар» билан иш бошлайди.

«МЮ» раҳбарияти Эрик тен Хаг билан келишувга эришишигача сира тинчигани йўқ. Мутахассис энди июнь ойидан эътиборан «қизил иблислар» билан иш бошлайди. Албатта, унинг АПЛдаги фаолияти қандай чиқиши барчани бирдек қизиқтиради. Trouw нашри эса вақтдан озгина илгаралаб, нидерландиялик мураббийни суҳбатга чорлади.

- «Аякс» билан амалда шартномангиз бор эди. Жамоадан нега айнан ҳозир кетишга қарор қилдингиз?

- Бу мавсум аллақачон бонуслар даврига айланди. «Аякс» билан яна муваффақият қозониш ва қишни ЧЛда ўтказишни хоҳлагандим. Чунончи, жамоа бошқарувини қўлга олганимда, «Аякс» «евроклуб»га айланиши кераклигини айтгандим. Мана, худди шундай бўлди ҳам. 

- Фаолиятингиз давомида қачондир ҳафсаласизликка ҳам тушганмисиз?

- Ҳа, бундай ҳолатлар юзага келади баъзан. Муҳими, табиатан кечиримлиман, кимгадир кек сақламайман, гарчи ҳаммасини ёдда тутсамда.

- Одамларни шахсий мойиллигингиз туфайли ҳимоя қиласиз, лекин баъзида бу зарарингизга ишлаши мумкин.

- Одатда шогирдларимни ошкора қўллаб-қувватлайман. Лекин жамоада кимдир чегарадан ўтиб кетса, бошқача ёндашаман, албатта. Ҳар ҳолда, футбол - спортнинг элит тури. Умуман, жамоада ҳамма бир-бирига ишониши керак, акс ҳолда, натижа чиқмайди. Майли, ҳимоявий позициям ўзимга қарши қаратилса ҳам, жамоага наф келтирса, бас. Зеро, менежерман, демакки, етакчи роли зиммамда. 

- Дейлик, суиқасдда айбланаётган Промесни ҳам ҳимоя қилдингиз...

- Ҳа, шундай. Одам хато қилади. Аммо бу уни бутунлай ҳисобдан чиқариб ташлашни англатмайди.

- Аёллар билан можародан кейин «Аякс» спорт директори лавозимидан кетган Марк Овермарс ҳам дўс­тингиз бўлиб қолаверадими?

- Ҳамон алоқадамиз. Дўстлик бизнес ҳамкорликдан каттароқ. Ҳаётда барчасини мувозанатда сақлаш муҳим. Яна одамларга нисбатан кечиримли бўлиш ҳам. Ахир инсонлар бир-бирларини отишлари эмас, аксинча, ёрдам қўлини чўзишлари керак. 

- Жамоага ёндашувингиз ва «тотал шахс» тамойили билан Луи ван Галга ўхшайсиз...

- Луи мен учун худди Ринус Михелс ва Йохан Кройфф каби - катта намуна. Булар «Аякс»га энг катта таъсир ўтказган шахслардир. Қолаверса, уларнинг буюклиги фақат клуб билан чегаранмайди. Зеро, бутун дунё футболига катта наф келтиришган.

- Мана, шу мураббийларга тегишли кўплаб рекордларни янгиладингиз. Шундай экан, яқин келажакда улар қаторига чиқа оласизми?

- Қийин, чунки бунинг учун евромайдонда совринлар ютиш керак. Қолаверса, Кройфф бутунлай бошқа даража эди. Унинг амалга оширган ишлари бебаҳо.

- Британия таблоидлари бир неча ҳафтадан бери ҳаётингизни чуқур ўрганмоқда. Бу қўрқинчли эмасми?

- Яширадиган ҳеч нарса йўқ, демак, бунга аҳамият беришим шарт эмас. Ҳаммасини ўқиш зарарингизга ишлайди. Зеро, баъзида тўғрисини ёзишади, гоҳида аксини.

- «Аякс»да орттирган энг муҳим тажрибангиз...

- Жараённи тўлиқ бошқариш. Бундай тажрибани «Гоу Эхед Иглз» ёки «Утрехт»да тўплай олмайсиз, чунки уларда ҳаммаси анча тор доирада. «Аякс» эса катта маълумотлар оқимига эга. Фақат уларни тўғри қабул қилиш ва тақсимлаш керак. Амс­тердам клубида вақтни бош­қариш ҳам жуда муҳим.

- Криштиану Роналду каби юлдузлар билан қандай ишлашни биласизми?

- Ўйлайманки, ҳа. Лекин ўзлигимни йўқотмаслигим керак. Демоқчиманки, мураббийлик қарашларимни ўзгартирмайман. Ҳа, ҳар доим мавжуд футболчилар қандай ўйин қуришингизни белгилаб беришади. Лекин талабларни аниқлаш ва қоидалар ўрнатиш менинг ихтиёримда. Қисқаси, аниқ вазифалар топшираман, агар кимдир талабга мос келмаса, мақомидан қатъий назар, унга бор гап айтилади. Бу борада ҳеч кимга ён бермайман.

- «Аякс» трансферларида сезиларли овозга эга эдингиз. «МЮ»да ҳам шундай бўладими?

- Шубҳасиз. Қандай ишлашимни айтиб, олдиндан талаблар қўяман. Агар улар бажарилмаса, таклифни қабул қилмайман. Йўқ, жамоада ягона ҳукмдор бўлишни хоҳламайман, фақат ҳамкорлик тарафдориман. Асосий шартларимдан бири - трансферлар бў­йича овоз бериш ҳуқуқи.

- Совринлар ўз йўлига, сиздан «Аякс»га нима мерос қолди?

- Шубҳасиз, ажойиб йилларни бирга ўтказдик. Ўйлайманки, «Аякс» қўл остимда ҳар доим чиройли футболга интилди, шу гўзаллик ичида яшади. Клубда ғалаба қозониш менталитети бор. Мураббий учун тактика муҳим, аммо менталитет ҳам зарур, албатта. Эҳтимол, айни шу масалада катта таъсирим қолаётгандир...

МУҲАММАДХОН тайёрлади