Тушунарлики, юқори техник салоҳияти ва креатив ечимлари билан ажралиб турадиган ижрочилар ҳар бир жамоада топилади. Диққатга сазовор томони, таниқли сайт экспертлари шундай футболчилар қаторига ЦСКА ҳужум ҳаракатига ўзгача чирой бағишлаётган Аббос Файзуллаевни ҳам киритишди.
Аниқроқ айтсак, soccer.ru сайти талқини бўйича тузилган РПЛнинг энг креатив футболчилари рейтинги (топ-7)да ҳамюртимиз 2-ўринга қўйилди. «Хвича Кварацхелияни «Рубин» футболкасида кўрганлар ўша вақтдаёқ Грузиядан келган техник ҳаракатлар устаси РПЛда узоқ муддат қолмаслигини билишганди. Ўзбекистонлик футболчи масаласида ҳам худди шу прогнозни илгари суриш мумкин - ЦСКАнинг қанот ҳужумчиси атиги 20 ёшда ва тез орада кучли лигага кетади! Воқеаларнинг шундай ривожланиши унинг янада ўсиши учун энг тўғри йўлдир. Бинобарин, осиёлик вундеркинд Россия чемпионатида енгилгина энг жанговар даражага кўтарилди. Дейлик, Аббос Файзуллаев «Локомотив»га қарши кечган 24-тур ўйинида ЦСКАнинг 3та голида ҳам иштирок этди, рақиб дарвозаси томон 4 марта зарба йўллашдан ташқари, жамоадошларини 4 бора хавфли вазиятга чиқарди. Бугун жаҳон футболида асосий эътибор ҳужумга қаратилаётган ва кескин ҳаракатланадиган ижрочи алоҳида қадрланаётган паллада худди Лионель Месси каби кичик жуссали Аббос Файзуллаевнинг камтарона жисмоний кўрсаткичлари скаутларни асло хавотирга солмайди.
Умуман, техник салоҳияти юқори бундай футболчига нуфузли клублар ҳамиша эҳтиёж сезади. Тўғри, ЦСКА топилмасининг қизиқиш билдиргани айтилаётган «Бавария» сари йўл олишига ҳали бироз эрта. Ҳужумкор ижрочиларга жой топиб берадиган «Байер» каби клублар варианти эса бошқа гап. Айниқса, ёзда Флориан Вирцнинг «доришунослар» билан хайрлашиши эҳтимоли ошиб бораётганини ҳисобга олсак, бунинг имкони йўқ эмас. Бу борада яхши тажриба ҳам бор: аввалига айнан Леверкузен клубида тобланган осиёлик Сон Хюн Мин ҳозир АПЛ афсоналаридан бири ҳисобланади» - бу soccer.ru сайти таҳлилчилари томонидан ҳамюртимиз номзодига берилган изоҳ.
РПЛ-2023/2024: ЭНГ КРЕАТИВ 7 НАФАР ФУТБОЛЧИ
1. Максим Глушенков («Локомотив», Россия) - 22та ўйин, 6та гол, 11та ассист
2. Аббос Файзуллаев (ЦСКА, Ўзбекистон) - 17та ўйин, 3та гол, 8та ассист
3. Эдуард Сперцян («Краснодар», Арманистон) - 22та ўйин, 9та гол, 6та ассист
4. Клаудиньо («Зенит», Бразилия) - 23та ўйин, 3та гол, 6та ассист
5. Мартин Крамарич («Сочи», Словения) - 20та ўйин, 5та гол, 5та ассист
6. Бенхамин Гарре («Крилья Советов», Аргентина) - 15та ўйин, 8та гол, 3та ассист
7. Жоао Бителло («Динамо», Бразилия) - 16та ўйин, 5та гол, 2та ассист
Айтганча, Аббос Файзуллаев Россия кубоги юқори сават ярим финалидан ўрин олган ЦСКА - «Балтика» ўйини (2:0)нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Ваҳоланки, ҳамюртимиз юқори сават финалига йўл очган мазкур баҳсда 69-дақиқагача тўп сурди. Эслатма, у ЦСКА ғалабасида катта ўрин тутган иккинчи гол муаллифига айланди. Ҳамюртимиз «Балтика» билан ўйиндан сўнг «Матч ТВ» телеканалига қисқача интервью ҳам берди: «Мухлисларга бизни охиригача қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат. Улар бизга куч бағишлашди ва бу майдондаги ҳаракатларимизда ҳам билинди. «Балтика»ни яхшилаб ўрганган эдик. Кейинги раундда «Зенит» ёки «Спартак»нинг рақиб бўлиши муҳим эмас. Ахир бу босқичга фақат энг кучли жамоалар чиқади. Ўйлайманки, олдинда бизни ажойиб қарама-қаршилик кутмоқда. Ўзимга келсак, ҳали ҳам шаклланиш жараёнидаман. Ўйлайманки, янада яхшироқ ўйнай оламан ва бундай совринларни ҳали кўп оламан». Дарвоқе, Аббос кубок баҳсидан кейин ЦСКА футболчиларини яна бир бора ош билан сийлади.
Soccer.ru сайти шунинг баробарида Аббос Файзуллаевни ЦСКАга ҳам натижа, ҳам моддий томондан катта манфаат келтириши мумкин бўлган умидли футболчилар қаторида ҳам зикр этди.
ЦСКА умидлари
Аббос Файзуллаев (20 ёш), вингер
Тамерлан Мусаев (22 ёш), ҳужумчи
Илья Агапов (23 ёш), хавбек
Келвен (23 ёш), латераль
Максим Мухин (22 ёш), хавбек
Игорь Дивеев (24 ёш), хавбек
Виктор Мендес (24 ёш), ярим ҳимоячи
Иван Обляков (25 ёш), хавбек
Фёдор Чалов (25 ёш), ҳужумчи
Championat.com сайти эса РПЛ 24-турида энг яхши ўйин кўрсатган 5 нафар ёш футболчи қаторида Файзуллаевни 1-ўринга қўйди:
1. Аббос Файзуллаев (20 ёш, ЦСКА)
2. Данила Козлов (19 ёш, «Балтика»)
3. Алекс Фернандес (21 ёш, «Балтика»)
4. Кирилл Кравцов (21 ёш, «Сочи»)
5. Ярослав Михайлов (20 ёш, «Оренбург»)
Ҳамюртимизга берилган таъриф: «Қишда Ўзбекистон термаси сафида Осиё кубогида иштирок этган Аббос Файзуллаев чемпионатнинг баҳорги қисмига бироз суст киришди. Жумладан, «Крилья Советов» билан баҳсда бошланғич таркибда тушмади, захирадан қўшилди, «Сочи»га қарши ўйинда эса умуман қатнашмади. Муҳими, ўзбек легионери асосий таркибдаги жойини қайтариб олиши билан дарров натижа келтирди. «Факел»га қарши баҳсда гол урган Файзуллаев «Локомотив» билан муҳим ўйинда Тамерлан Мусаевга ассисттентлик қилди. Умуман, ЦСКАнинг 3та голида ҳам бевосита иштирок этган Аббосда узатмалар аниқлиги 77 фоиз бўлди».
Манба: soccer.ru (sports.uz)