Ракурс: «Рейнжерс»: қизиқарли тарих

Ракурс: «Рейнжерс»: қизиқарли тарих

Энди бемалол таъкидлаш мумкин: Шотландия футболининг икки байроқдоридан бири - «Рейнжерс» орада букилган қаддини тўлиқ тиклади.

Ҳар ҳолда, глазголиклар кечаги таназзулни унутиб, яна еврокубокка чангал солмоқдалар. Ваҳоланки, бу жамоа бундан 10 йилча олдин банкрот ҳолатида Шотландия Иккинчи лигаси (учинчи рақамли дивизион)га тушириб юборилганди. Бугун эса у Европа Лигаси финалида!

10 йиллик қойилмақом тарих! «Рейнжерс» шу декада оралиғида банкротликдан еврокубок финалигача бўлган йўлни барқарор босиб ўтди. Бир нафасда. Дейлик, глазголиклар Шотландия элит лигаси - Премьер-лига ортида турувчи Чемпионшипга қайтиш учун атиги 2 мавсум сарфлашди. Яъни 2012 йили қуйига бадарға қилинган жамоа қаторасига 2 мавсум юқорига кўтарилишни пайсалга солмади. Кейин бир тин олдию, 2016 йили Чемпионшипда ғолиб чиқиб, кучлилар сафига кўтарилди. 2021 йилга келиб, жамоа охирги 10 йил бадалига илк марта чемпионликни нишонлади. Яна мағлубиятга учрамаган ҳолда! Ўша мавсум жамоани машҳур Стивен Жеррард бош­қарганини ҳам эслатиш керак. 

Мана, «Рейнжерс» жорий мавсум евроаренада ҳам ўйнашни унутмаганини тўлиқ исботлаб, Европа Лигаси финалига йўл очди. Агар шотландияликлар Севилья финалида «Айнтрахт»дан ҳам устун келишсами, охирги 10 йиллик клуб тарихига эртакнамо давр сифатида ёзилади.