Эътироф: Эмери «Вилла»си – даҳшат!

Эътироф: Эмери «Вилла»си – даҳшат!

«Астон Вилла» клуби Унаи Эмери бошқарувида барчани даҳшат ва ҳайратга солишдан тўхтамаяпти.

Бирменгем жамоаси АПЛ 31-турида ЧЛ йўлланмаси йўлида «жон олиб, жон бераётган» «Ньюкасл» шиддатини ҳам чиройли тарзда жиловлади - 3:0 ҳисоби бунга далолат. Диққат қилинг, испаниялик мутахассис иш бошлашига қадар АПЛ турнир жадвалида «илиниб» турган (16-ўрин) «Астон Вилла» ҳозир 6-поғонада. Чиндан ҳам, катта юксалиш!

Рақамларда айтсак, «Астон Вилла» Унаи Эмери бошқарувида АПЛ доирасидаги 18та ўйинда 38 очко тўплади. Таққослаш учун келтирсак, «Арсенал»ни қувишда давом этаётган «Манчестер Сити» ҳам бу оралиқда шунча очко ишлади (тўғри, 18 эмас, 17та ўйинда). Пешқадам «Арсенал» эса бу даврдаги 19та ўйинда 43 очко олди. Қисқаси, Эмери жамоада иш бошлаган 2022 йилнинг октябрь ойи охиридан кейинги ўйинлар юзасидан жадвал тузилса, «Астон Вилла» 3-ўринда бўлади. Қойилмисиз? Бу айнан Эмери эффектидир.