У яқинда уйланди, лекин асал ойи ўрнига Евро-2024 учрашувларини томоша қилишни афзал кўрди.
- Нико Еврода тўп сурмоқда, хурсандмисиз?
- Бўлмасамчи! Ахир биз бир оиламиз. Укам чорловга лойиқ топилди, мен эса унинг ашаддий мухлисиман (кулади).
Италияга қарши беллашув. Нико Уильямс чап қанотда ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Завқланиб кетган Иньяки шундай ёзди:
«Кенжатой, кинонинг ўзи. Бу ақлга сиғмайди».
Нико матбуот вакилларига қарата шундай деди: «Бу йигит муғомбирлик қилмоқда. У аллақачон мени ерга тушириб қўйди, танбеҳ берди. Биласизми, хушомадни ёқтирмайман. Мен камтарин инсонман».
Нико - етук инсон, худди ўз тарихи каби. Узр, камтарин йигит.
Ака-уканинг отаси «Челси» стадионида ишлаган, онаси қўнғироқ қилиши ва ўйиндаги баҳслар учун танбеҳ бериши мумкин
Кенжа Уильямс 2002 йил июлида Памплонада туғилган. У ганалик Феликс ва Мариянинг иккинчи фарзанди. Ўша даврда мамлакат иқтисодий инқироз жараёни таъсирида бўлиб, кишилар оч-наҳор кун кўришаётганди. Мураккаб вазиятга тушиб қолган жуфтлик «Саҳрои Кабир»ни кесиб ўтиб, Мелильяга етиб олди соқчилар қўлига тушди. Кейин Уильямсларга омад кулиб боқди: адвокат Ганага тегишли ҳужжатларни йиртиб ташлаш ва ўзларини Либериядаги урушдан келган қочоқлар, деб таништиришларини буюрди. Маҳаллий маъмурлар уларни қочоқлар сифатида қайд этиб, Бильбаога жўнатишди. У ерда ҳомиладор Мария ва Феликсга маҳаллий руҳоний Иньяки Мардонес бошпана берди.
Тез орада Уильямслар фарзандли бўлишди ва чақалоққа руҳонийга ҳурмат сифатида Иньяки исмини беришди. Тўнғич ўғил ота-онаси қандай қийинчиликларни бошдан кечиришганини яхши билади: «Барча воқеалардан хабардорлигим менга қўшимча куч бағишлайди. Укам билан сув ича олишим, мактабга боришим ва оч қолмаслигимиз учун улар саҳрони кесиб ўтишди ва осуда ҳаётга эришишди».
Нико Испанияда, оиласи эл қатори тирикчилик ўтказаётган даврда улғайган бўлсада, вазиятни яхши ҳис этиб турарди: «Ота-онамдан қанчалик миннатдор эканлигимни сўз билан ифодалаш қийин. Улар биз учун тоғни талқон қилишди. Ҳозир оиламиз ҳеч нарсага муҳтож эмас. Акам иккимиз шундай шароитни яратишимиз шарт эди. Бизнинг ютуқларимиз - ота-онамнинг ютуқлари».
Уильямслар муаммолари шу билан тугамади. Мария иккинчи марта ҳомиладор бўлганида, оила руҳоний уйини тарк этишига тўғри келди. Памплонадан уй олинганда, маблағ тагчиллиги юзага келди. Бильбаода иш йўқлиги боис, Феликс Лондонга йўл олди ва «Челси» стадионида турникетчи мақомида ишлай бошлади. Ўша пайтда Иньяки футболдаги илк қадамларини қўя бошлаган, болалар тарбияси Марияга қолганди.
Март ойидаги қизғин мунозара: «Алавес»га қарши ўйиндан кейин Нико ва Иньяки жанжаллашиб қолишди, камера қаршисида ака укасига танбеҳ берди. Чунки Нико тўпни жамоадошларига кам узатганди. Ўйинни томоша қилган онаси уларга қўнғироқ қилиб, бемаъни тортишув учун қаттиқ койиди.
«У мухлислар кўз ўнгида бундай қилмаслигимиз кераклиги, биз профессионаллар эканлигимизни таъкидлади. Биз баҳсни кийиниш хонасида давом эттирдик ва тезда унутдик. Лекин онамнинг Ганадан қўнғироқ қилгани... Очиғи, мен яна ўзимни ёш боладек ҳис этдим», - дейди Нико кулимсираб.
Акаси рухсат бермагани учун «Астон Вилла»га ўтмади
Феликс Лондонга жўнаш арафасида Иньякидан Никога кўз-қулоқ бўлиб туришни илтимос қилди. Тўнғич ўғил отанинг илтимосини қабул қилди, «Атлетик»даги машғулотларини тўхтатмаган бўлсада, машғулотдан кейин уйига ошиқарди. Чунки онаси шидан қайтгунга қадар укаси қараб турадиган бошқа ҳеч ким йўқ эди. Иньяки ҳеч қачон нолиган эмас. Баъзан Никони машғулотга олиб кетарди.
«Атлетик» билан шартнома имзолашга қадар Иньяки укасини ёлғиз қолдирмади. Унинг саъй-ҳаракати эвазига Нико 10 ёшда кўрикдан ўтди, лекин ижобий баҳога эриша олмади. Кенжа Уильямс акаси каби ўйнашни орзу қиларди, онаси эса ўқишини истарди. Бироқ тақдирга тан берган Мария «Осасуна» академиясига йўл олди. Якунда Никони қабул қилишди, бир йилдан кейин эса «Атлетик» қандай қилиб шундай иқтидорни қўлдан чиқарганига ҳайрон қолган мухлислар бош қашлаб қолишди.
«Иньяки - Никонинг қаҳрамони, асосий намунаси эди. Улар оғир болаликнинг гувоҳи бўлишди. Иньяки укаси олдидаги масъулиятни яхши тушунади. У худди онаси каби Никонинг супер қаҳрамонига айланди. У укаси бошқа жамоада юрган даврни оғир ўтказди, лекин укаси қайтгач, енгил тин олди. Қадрдонларинг учун тўп сурганда, бор кучингни сарфласанг ҳам, чарчамайсан», - деганди «Атлетик» спорт директори Микель Гонсалес ака-ука футболчилар ҳақида.
2013 йилда Феликс Лондондан қайтди, Иньяки асосий таркибдан жой олди, молиявий муаммолар деярли қолмади. Ака-укалар камроқ кўришадиган бўлсаларда, алоқа узилгани йўқ. «Доимо аҳил эканлигимиз билан фахрланиб, ўртоқларимга мақтаниб юрардим. Иньяки менга ҳаёт эшигини очди. Унинг намунаси менга ва Бильбаога бахт излаб келган кўплаб хорижликларга катта ёрдам беради. Акам - менинг жаҳоним», - дейди Нико «Атлетик»даги даврини эслаб.
Нико ҳам улғайди, лекин Иньяки энг яқин дўсти, акаси ва маслаҳтчиси бўлиб қолганди. Масалан, ўтган йил ёзида «Астон Вилла» унга харидор бўлиб, Мадридга шахсан Унаи Эмери келганди. Мураббий унинг клубдаги келажагини тасвирлаган, футболчи эса унинг самимийлигига қойил қолганди. Лекин Иньяки таклифга қарши чиқди, агар «Атлетик»дан кетмоқчи бўлса, фақат «Реал» ёки «Барселона»га ўтишини айтди.
Нико Вальверде ёрдамида очилди
Кенжа Уильямс Марселино даврида дебютини нишонлаган бўлсада, айнан Эрнесто Вальверде вингерни топ даражасига олиб чиқди. Биринчидан, Нико «Атлетик»нинг асосий таркибидан доимий жой олди. Иккинчидан, ўнг қанотни акасига қолдириб, ўзи чап қанотга ўтди. Натижада кенг эркинликка эга бўлди. «У тез орада афсонага айланиши мумкин бўлган фантастик ўйинчи. Муҳими, мураббийда ўз шогирдига нисбатан ишонч бўлиши керак. Мен Никога ишонаман. Агарда, у дангасалик қилса, ёнида акаси бор - укасини менданда яхшироқ тарбиялай олади», - дейди мураббий.
Ёрқин дриблёрга айланган Нико ҳозир Испанияда фақат Винисиус билан тенглаша олмайди. Жорий мавсумда у 11та самарали узатмани расмийлаштирди, уларнинг аксариятини ўнг қанотдан кириб келадиган Иньякига оширди. «Биз бир-биримизни идеал даражада тушунамиз. Доимо унинг қаерда эканлигини сезиб тураман» дейди Нико.
«Нико ҳар икки қанотда самарали тўп сура олади. Тезкор, зарбалари ҳам талаб даражасида. Айниқса, яккама,якка беллашувларда уни тўхтатиб қолишнинг иложи йўқ. У ҳар қандай клубни кучайтира оладиган ажойиб жангчи» деганди Хави. Нико - «Барселона» ва «Челси»нинг орзуси.
Тодд Боули Никони отаси «Стэмфорд Бриж»да ишлаган пайтидан бери яхши билади. «Барса»нинг фанатлари эса ҳалигача Лапортага қичқиришдан тўхтамайдилар: «Бизга Никони олиб келинг!»
«Мен кетаманми? Кечирасиз, яқинда «Атлетик» билан шартномам муддатини узайтирдим. Бунақа саволларни эшитганда ажабланаман. Ахир кўз ўнгингизда «Атлетик» шарафини ҳимоя қилаётганимни кўриб турибсизку».
Ҳа, лекин Уильямслар кенжатойи айни паллада Евро-2024 турнирининг ёрқин юлдузчаларидан бири. Бир ўзи Италияни тиз чўктирди, уни захирага олишганида, шўрлик Жованни Ди Лоренцо ҳушини деярли йўқотиб қўйди.
Содиқ СОБИР тайёрлади