Бу натижа ЕЛ саралаши учинчи босқичидан ўрин олган жавоб ўйинида рўй берди. Аслида ҳаммаси бошқача хотима топишга яқин эди, бироқ «Аякс» 89 дақиқада тажрибали Жордан Хендерсон хатосидан кейин гол қўйиб юборди ва мағлубиятни тан олди - 0:1. Шу тариқа икки ўйин натижаси бўйича ҳисоб тенглашди - 1:1.
Умуман, «Аякс» таҳликали сценарийга мутлақо қарши эди. Ҳар ҳолда, Амстердам жамоаси бутун вақт давомида нақ 21та зарба йўллади, «Панатинаикос» кипери Бартломей Дронговски 8 марта «сэйв» кўрсатди. Пенальтилар серия эса жуда чўзилди: 34та зарба ва якуний ҳисоб - 13:12. Серияда жумладан, дарвозабонлар ўртасида ҳам «дуэль» кузатилди.
Ўйинга 99-дақиқада қўшилган Брайан Бробби 2та уринишдан ҳам гол уролмади, лекин унинг бахтига «Аякс»нинг 40 ёшли дарвозабони Ремко Пасвеер узундан-узун «асаблар жанги»да 5 марта «сэйв» кўрсатиб, мезбонлар ғалабасини таъминлади. Эътиборли факт: серия давомида томонлар қаторасига 4та ва 7тадан гол уришди, бошқа ҳолатда эса кетма-кет 4та зарба самарасиз чиқди. Шу тариқа ғолибни аниқлаш учун 34та зарба керак бўлди.
Қизиғи, 15 август куни КЛ саралаши учинчи босқичидан ўрин олган «Висла» (Польша) - «Спартак» Тр. (Словакия) ўйини якунида ҳам мухлислар узун пенальтилар серияси гувоҳига айланишди. Бунисида томонлар жами 28та зарбани амалга оширишди ва польшаликлар 12:11 ҳисобида устун келишди.