Феде кўрсатув давомида Карло Анчелотти билан муносабатлари ҳақида гапириш асносида майдонда позициясини ўзгартиришига арзийдиган асос ҳамиша топилишини алоҳида таъкидлади.
Анчелоттига нисбатан «ғазаб»
- Мадридда шунчаки, майдонга тушиш учун ҳар қандай позицияда ўйнашни чинакамига қадрлашни ўргандим. Карло Анчелотти қўл остидаги илк даврда унга шундай ғазаб билан қарардимки, асти қўяверасиз... Аниқроғи, «Нега энди позициямни ўзгартиришим керак?» қабилида ўйлардим. Кейинроқ мураббийнинг талабини қадрлаш, майдонда ҳар томондан етуклик сари интилишга одатландим. Қисқаси, агар мураббий сиздан бошқа позицияни мустаҳкамлашга ҳисса қў-шишни сўраса, буни қадрлашингиз, тушунишингиз ва жамоа учун максимал даражада фойда келтириш устида ишлашингиз керак. Анчелоттининг сўзларига кўра, «Мадрид» сафига қўшилиш осон эмас ва футболчи бундай имкониятдан ҳар қанақасига фойдаланиши шарт.
Тони Крооснинг кетиши...
- Оиламда Кроосга ҳамиша катта ҳурмат билан қарашади. Тони - катта профессионал. Унинг ёнида ҳаммасини бирлаликда ҳис қилдик. Кроос ҳар куни, айниқса, ишлар унча яхши кетмаётган пайт ҳам йигитлар кўнглини кўтариш учун муносиб сўзлар топарди. Бундай футболчи майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам - ноёб шахс. Тонининг асосий хислати? У доимо бутун жамоага хотиржамлик бағишларди.
Ғолиблик менталитети
- Ҳаттоки, ғалаба онлари ҳам, ўйинимга боғлиқ қайсидир жиҳатдан тўлиқ қониқмайман. Мана, энг муҳим лаҳзалардан бири - Америка кубоги арафасида турибмиз. Бу турнирда шоҳсупага кўтарилиш - мен учун катта мақсад. Менталитетим оддий - ҳамиша ғалабадан завқланишни истайман. «Реал»да ўйнасангиз, сизда катта мусобақаларда бош совринга эришиш орзуси ўз-ўзидан туғилади. Тўғри, вақт ўтиши билан бу осон эмаслигини тушунасиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ғалабага ташналик, янада кўпроғига интилиш иштиёқи кучаяди, холос. Мухлислар ҳам сизни мудом ишга шундай ёндашишга ундашади.
Уругвай термаси имконияти
- Шубҳасиз, бизда қандай футболчилар ва жамоа борлигини, ғалабага ташна эканлигимизни яхши биламиз. Албатта, янги тарих ёзишни хоҳлаймиз, лекин бу жуда-жуда қийин. Баъзида ҳаммаси осондек туюлади, лекин ундай эмас. Қисқаси, босқичма-босқич боришимиз керак: қаттиқ ишлашимиз, жамоа сифатида такомиллашишда давом этишимиз талаб этилади. Яна Америка кубогини аллақачон қўлга киритган футболчилар, хусусан, Луис Суарес тажрибасидан максимал даражада фойдаланишимиз муҳим.
МУҲАММАДХОН тайёрлади