ФУНКЦИОНЕРЛАР: Жели – «Жирона»нинг сенсацион соҳиби

ФУНКЦИОНЕРЛАР: Жели – «Жирона»нинг сенсацион соҳиби

Навбатдаги қаҳрамонимиз ўз вақтида «Атлетико» билан олтин дублга эришган, «Алавес» сафида УЕФА Кубогининг финалида майдонга тушган,...

…«Альбасете» инқилобида иштирок этган, ҳозирда эса «Жирона»нинг ҳайратомуз фаолиятини завқ билан кузатаётган мутахассис ҳақида.

Жирона яқинидаги Сальт шаҳарчасида улғайган Дельфи Жели икки ҳафтада бир марта отаси билан «Барса»нинг уй учрашувларига борар, жамоа ярим ҳимоячиси Бернд Шустер ўйинларини ёқтириб қолганди. Марадонанинг яқин дўсти бўлган Шустер Диего «Наполи»га кетганидан кейин ўз фаолиятидаги энг ёрқин мавсумни ўтказган ва 19та гол урганди. «Барса» эса 11 йиллик танаффусдан сўнг чемпионликка эришганди.

80-йиллар охирида Дельфи Шустерга қизиқмай қўйди. Биринчидан, Бернд «Барса» раҳбарияти билан келиша олмай қолди ва «Реал»га ўтиб кетди. Аслида, у «Юве»га ўтмоқчи эди, лекин Туринда немис мактаби йўқлиги боис, уч нафар фарзандлари ўқишдан четда қолишларини истамади. Иккинчидан, Жели анча улғайиб, таниқли футболчи бўлиб улгурганди.

13 ёшидан бери «Жирона»да тўп сурган Дельфи 1988|89 йиллар мавсумида 28та гол уриб, «Барса» ўринбосарлари сафига ўтди. Йохан Кройфф эса тез орада асосий таркиб йиғинларига жалб этди. Жели ўртоқлик учрашувларида жамоа тўпурарига айланди.

Тўғри, бу натижаси асосий таркибда Чики Бегиристайн ёки Хулио Салинас ўрнини эгаллаш учун камлик қилди ва Дельфи 1989|90 йиллар мавсумини Гвардиоланинг иккинчи жамоасида давом эттирди. Ниҳоят, 1990 йил январида уни «Овьедо»га қарши баҳсда майдонга туширди. Бироқ Жели 3та қулай имкониятдан фойдалана олмай, 71-дақиқада захирага олинди. 0:0 ҳисобида якунланган ана шу ўйин асосий жамоада ягона бўлиб қолди. Клуб Христо Стоичковни харид қилгач, у Бенито Флоронинг «Альбасете»сига ўтиб кетди.

«Альбесете»нинг Желидан аввалги ҳолати: Примерада умуман ўйнамаган, лекин Сегундадаги ёрқин ўйинлари учун мураббийни «Реал»га таклиф этишганди

Флорони испаниялик Арриго Сакки дейишарди. У саломатлиги туфайли футболчиликни барвақт якунлаган, лекин «Альбасете»да мураббийлик мақомидаги ёрқин ўйинлари билан грандлар эътиборини тортганди. 1990|91 йиллар мавсумида у «Мадрид»дан чорлов олди. Кейин 2 йил ичида «Альбесете»ни 3-лигадан элитага олиб чиқди. Ярим асрлик тарихида илк бор Ла Лигага чиққан жамоа 1992 йил февралида етакчи бешликка кўтарилди, унинг футболчиси Дельфи Жели эса «қизил Фурия» сафидан жой олди. Шундан кейин Бенито Флоро Испаниянинг энг малакали мураббийи мақомида «Реал»га йўл олди. Флородан кейин «Альбесете» «Атлетико»дан енгилиб (1:4), УЕФА Кубоги турнири йўлланмасидан четда қолган бўлсада, мухлислар уни испан футболидаги инқилоби учун севиб қолишганди. Лекин унинг «Реали» 2-дивизион вакили «Лерида»га имкониятни бой бергач, 1994 йил баҳорида уни Висенте Дель Боскега алмаштиришди.

Жели «Альбасете»да: руҳшуносни афсунгар дерди, 4-ўринга кўтарилди, «Реал»га ўтишига сал қолганди

1991 йил ноябрида Дельфи биринчи марта «Барса»га қарши ўйнади. Ўша ўйин 1:1 ҳисобидаги жанговар дуранг билан ниҳоясига етган, шарҳловчи Рикардо Гутьеррес Желига юксак баҳо берганди: «Қанотдан уюштирган рейдлари билан у рақиб ҳимоясини консерва қутисидек мажақлаб ташлади». Ўйиндан кейин Кройфф уни терма жамоа мураббийи Висенте Миерага тавсия этганди: «Дельфидан ажойиб қанот ҳимоячиси чиқади. Чунки у аввал ҳужум чизиғида тўп сурган».

Кройффнинг тавсиясини инобатга олган Миера 1992 йил фералида Валенсиядаги МДҲ терма жамоасига қарши баҳсда майдонга туширди. 2 ойдан кейин футболчи «Депортиво»га қарши майдонга тушиб, 3:0 ҳисобидаги ғалабага улуш қўшди - унинг самарали узатмасини боливиялик Марко Эчеверри голга айлантирди, «Альбасете» 4-ўринга кўтарилди. Лекин сўнгги турлардаги омадсизлик туфайли, мавсумни 7-ўринда якунлади. Ҳатто таниқли руҳшунос ҳам жамоа руҳиятини тиклай олмади. Ваҳоланки, 1991 йил кузида жамоа 15та ўйинни мағлубиятсиз ўтказганди. 

Кейинчалик Бенито Желини «Реал»га олиб кетмоқчи бўлди. Бироқ футболчининг «Барса»га тегишли эканлиги бунга имкон бермади. 1993 йил январида Дельфи Испания терма жамоасида сўнгги, 4-учрашувини ўтказди, 1994 йил майида Кройфф жамоаси охирги чемпионлигини нишонлади, «Альбасете» эса 13-ўриндан жой олди. «Барса» раҳбарияти уни «Атлетико»га тавсия этди. Ниҳоят, августда Дельфи «матрасчилар» сафига ўтди.

«Атлетико» Жели билан ҳамкорликда: 2 йилда Ла Лигадаги 14-ўриндан ЕЧЛ финалигача

Агар Рауль «Реал»даги дебют голини бошқа жамоа дарвозасига урганида, масхарабозликни тўлиқ ижро этмаган бўларди - 1994 йил ноябрида у «Атлетико» янчиб ташлади. Яъни, Мичелга пенальти ишлади, Саморанони ассист билан таъминлади ва Лаудрупнинг узатмасини голга айлантирди.

Жели Раулга қанотда дуч келган ва вингер сифатида ўтказиб юборилган голларда айбдор эмасди. Тўғри, дербидаги мағлубият «Атлетико»ни 19-ўринга тушириб юборди. Бунгача Хиль 7 йилда 18та мураббийни алмаштирган бўлсада, жамоа 2та Кубокни қўлга киритган ва 1994 йилгача етакчи тўртликда юрганди.

1995 йил февралида келган Альфио Басиле «матрасчилар»ни Сегундага тушиб кетишдан сақлаб қолди. Лекин Хиль билан келиша олмай, тез орада жамоани тарк этди. Унинг ўрнини «Реал»дан истеъфога чиқарилган ва «Овьедо» билан 2 марта собиқ жамоасини жазолаган сербиялик Радомир Антич эгаллади.

«Менга «Валенсия»дан ўта манфаатли таклиф тушганди. Бироқ мен дунёдаги энг мураккаб клуб - «Атлетико»ни танладим. Мен шунчаки, ҳар қандай жамоа билан муваффақиятга эриша олишимни исботлашни истайман. Дастлабки йиғинда турли жамоалардан келган 33 нафар футболчини кўрдим. Уларнинг кўпчилигидан воз кечишга тўғри келди. Улар ўрнини арзон ва текинга келадиган ўйинчилар билан тўлдирамиз. Мен «Овьедо»дан Просинечки ва Йокановични таклиф этдим. Бироқ улар «Атлетико»га ўтишни истамадилар - Просинечки «Барселона»га, Йоканович «Тенерифе»га кетди», - деганди Антич. Кейинроқ мураббий 80-йилларда «Партизан»да ҳамкорлик қилган «Паниониос» плеймейкери Милинко Пантични эслаб қолди ва Мадридга чорлади. 

«Грециядаги сермаҳсул (17}20) мавсумдан кейин Франция ва Бельгия клубларидан таклифлар бўлганди. Айни ўша паллада Антич мендан ўйинларим ёзуви туширилган кассетани сўради. Аввалига, ўйинларимни ҳеч ким тасвирга туширмаганини айтдим, кейин ТВдаги танишимдан ёрдам сўрадим. У 4 йиллик ўйинларим лавҳаларини тайёрлаб берди. Кассетани олган Антич 2 кундан ке­йин қўнғироқ қилди: «Мадридга етиб кел».

«Паниониос» президенти Пантични кўз ёшлари билан кузатган бўлса, «Атлетико» президенти 29 ёшли нўноқ ўйинчи учун 550 минг доллар сўраган Антични калака қилганди: «Сен ҳам бошқа мураббийлар каби жамоага яқин дўстларингни чақиряпсан». Мураббий ўша онда жавоб қайтарди: «У учун пул сарфлашни истамаётган бўлсангиз, ўша пулни ўзим тўлайман».

Давоми бор…