АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Таклиф ва муносабатимиз шу савол жавобида мужассам. Саволни бу тарзда қўйишимиздан ажабланишнинг ҳожати йўқ.
Шу кунларда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда. Aкмал Саидовнинг таъкидлашича, минг-минглаб таклифлар орасида тонировкани бепул қилиш билан боғлиқ мулоҳазалар ҳам мавжуд. Конституция салобати нуқтаи назаридан бу - анчайин жайдари таклиф, лекин халқ дилидаги ва уни безовта қилаётган муаммо. Демоқчимизки, халқимиз конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш жараёнида жамият ҳаётидаги барча муаммоларни таклиф-мулоҳаза сифатида ўртага ташламоқда. Aлбатта, буларнинг барчаси ҳам конституциявий характерга эга эмас, лекин янгиланаётган Конституциямиз асос бўладиган бошқа қонунларни яратишда ҳисобга олинадиган даражада муҳим ва қадрлидир. Яна бир бор такрорлаймиз: конституция - давлатнинг бош қомуси, ўта глобал тушунча ва унда футболга алоқадор модданинг бўлиши, ҳақиқатан ҳам, бироз ғалати. Қон-қонимизга сингган расмиятчилик залвори масалани бу тарзда қўйишимизга йўл қўймайди. Шундай ўйламоқ конституция юкини енгиллатиб юборадигандек туюлади гўё.
Aслида футбол ҳам конституцияга дахлдор, халқ ҳаёти билан ҳамнафас ижтимоий атрибутдир. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Тўғри, дунёнинг бирор мамлакати конституциясида футболга алоқадор модда йўқдир. Буни аниқ билмаймиз. Футбол ватани ҳисобланмиш туманли ўлкада конституциянинг ўзи йўқ. Aммо Европа, хусусан, инглиз дунёсини футболсиз тасаввур қилиш қийин. Инглиз жамияти, инглизча тафаккур тараққиёти футбол билан чамбарчас боғлиқ. Мухлислар билан тўлиб-тошадиган стадионлар ва бир неча лигадан иборат футбол инфраструктураси - инглиз жамиятининг бир қисми. Бошқача айтганда, футбол - Британия халқининг яшаш хулқи. Янги Ўзбекистонда ҳам келажакда шундай ҳолат кузатилиши муқаррар. Зеро, халқимиз учун футбол - гўё нафас олар ҳаво. Барча учун маълум сабабларга кўра, мамлакатимиздаги стадионлар мухлислар билан тўлиб-тошмаса-да, халқимиз футбол томошасига ўч ва бу жараён жамият тараққиётига қайсидир даражада таъсир кўрсатади. Демак, футбол ҳақидаги модда конституциямизга киритилса, бундан фақат халқимиз ютади. Хўш, жаҳон тажрибасида бу каби ҳолат кузатилмаган бўлса, нима қилибди? Биз илк бор шундай тажрибага қўл урсак, бунинг нимаси ёмон? Конституциямиз тажрибалардан келиб чиқиб мукаммаллаштирилиши шартми?! Бизда ҳам бошқаларни ажаблантирадиган, қойил қолдирадиган ўзига хос имзомиз бўлиши керакку?!
Конституциявий қонун лойиҳасини кўздан кечирар эканмиз, 55-моддада қуйидаги жумлаларни ўқидик: «Ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш лозим ва улар давлат мулкида бўлади!» Кўриниб турибдики, энди атмосфера ҳавоси ҳам умуммиллий бойлик ва 55-моддадаги жумлага қараганда, у давлат мулкида бўлади. Лойиҳа муаллифлари бу ўринда нимани назарда тутишган - бизга номаълум. Aтмосфера ҳавосини давлат мулки дейишмоқчими? Сал ғалати эмасми? Умуман олганда, «Давлат мулкида бўлади» бирикмаси - ўзбек тили табиатига бегона ҳолат. Бу ўринда «Давлат мулки ҳисобланади», деб ёзилса, жумладаги услубий ғализлик тўғриланади, лекин мантиқ ва мазмун ғалатилигича қолаверади. Aёнки, 55-моддага муносабат билдиришдан ўзига яраша мақсадимиз бор. Конституциямизда шундай ғалати модда кўзга ташланяпти. Бу ғалатилик ёнида футбол ҳақида модда билан боғлиқ таклиф ажабланарли туюлмаслиги лозим.
Муҳтарам мухлис! Биз 29-моддада белгиланган ҳуқуқларимизга мувофиқ, юқоридаги мулоҳазаларни билдирдик. Мазкур таклиф комиссия томонидан ҳисобга олинмаслиги аниқ ва бундан ранжимаймиз. Муҳими - жамиятда шундай фикрнинг мавжудлиги ва бундан мутасаддиларни огоҳ этиш. Масалага жиддий ёндашсак, конституциявий қонун лойиҳаси 42.1-моддасига ўзгартиш киритиш тарафдоримиз. Бу модда шундай баён этилган: «Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни яратади».
Назаримизда, бу модда иккига ажратилгани маъқул, яъни жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ алоҳида моддага эҳтиёж бор. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ моддани қуйидагича шакллантириш мақсадга мувофиқ: «Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни, хусусан, коррупциядан холи муҳитни яратади, спорт фаолиятида хусусийлаштириш ва унга инвестициялар жалб қилиш жараёнини қўллаб-қувватлайди, рағбатлантиради».
Таълимга алоқадор 41-моддада хусусийлаштириш билан боғлиқ жараён ва бу жараённи давлат томонидан қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидланган. Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ моддада эса бундай ёндашув кўзда тутилмаган. Ҳолбуки, жисмоний тарбия ва спорт ҳаётида хусусийлаштириш ва инвестициялар жалб қилишнинг аҳамияти беқиёс.
Конституциявий қонун лойиҳаси 42.1-моддаси билан боғлиқ мулоҳазалар билдириш асносида Суперлигадаги икки қолдирилган ўйинни кузатдик. Томоша жараёнида ишонч ҳосил қилдикки, бош қомусимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш билан боғлиқ модданинг баён этилиши - давр талаби. Қаранг, бироз ўзгачароқ тажриба, лойиҳа намунаси бўлмиш «Олимпик» бу сафар «Металлург»дан очко олди. Темур Кападзе Осиё кубогида фойдаланмаган Шукрон Йўлдошев пенальтини тўсди, Муҳаммадазиз Иброҳимов эса ўйиннинг сўнгги қисмидаги мураккаб вазиятда футболчи қандай ҳаракатланиши лозимлигини амалда исботлади, яъни Дамир Темировни гол уришдан ўз вақтида тўхтатди ва қизил карточкага лойиқ топилди. Катта ёшли футболчиларимиз бундай вазиятларда қандай йўл тутишни билмай, неча бор «қовун туширишган». Шу маънода «Олимпик» ёшлари ўзгача йўлдан боришмоқда ва уларнинг йўли конституцияда кафолатланса, спортимиз, унинг ажралмас қисми бўлмиш футболимиз гуллаб-яшнайди.
Мулоҳазаларимизни шу ўринда якунласак бўларди, бироқ бир ваъда боис бундан тийилдик. Гап шундаки, «Навбаҳор» - «Металлург» учрашувининг эртасига таҳририятимизга фидойи мухлис Зокиржон ака Қодиров ташриф буюрди ва футбол журналистикасига тааллуқли бир қанча танқидий мулоҳазаларни билдирди. Биз у кишининг мулоҳазаларини «ИнтерФутбол»да ёритишга ваъда бердик. Насиб қилса, сўзимиз устидан чиқамиз. Фақат бу сафар эмас. Ўйлаймизки, Зокиржон ака бизни тўғри тушунади. Мазкур мулоҳазаларни 26 июнь - якшанба оқшоми ёзмоқдамиз! Эртага бизнинг касб байрамимиз. Байрам арафасида танқидий мулоҳазалар ёзишга қўл бормайди, танқид кўнгилга сиғмайди! Хуллас, танқид нари турсин! Келинг, бугун журналистиканинг қаттиқ нонини ейишдан тап тортмаётган заҳматкаш қалам аҳлини биргаликда олқишлайлик! БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК, АЗИЗ ҲАМКАСБЛАР!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789