Футбол атрофида: «Гегенпрессинг»дан «автобус қўйиш»гача...

Футбол атрофида: «Гегенпрессинг»дан «автобус қўйиш»гача...

ОКСФОРД ЛУҒАТИГА КИРГАН 15та ФУТБОЛ ИБОРАСИ.

Салмоғи баланд сўзлар. Инглиз тилининг бутун жаҳонга машҳур Оксфорд луғатига ҳар чоракда янги иборалар қўшилади. Лексикани бойитишга футбол ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мисол учун, сэр Алекс Фергюсон ва Жозе Моу­риньо томонидан қўлланилган баъзи иборалар аллақачон Оксфорд луғати таркибидан жой олган. Sports.ru сайти ижодкорлари эса шу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратишни лозим топишди.

Умуман, инглиз тили луғатида жами 15та янги футбол термини бор. Жумладан, Фергюсон тилидан чиққан «ёнбошнинг шиддатли ғижирлаш вақти» (squeaky bum time) ва Моуриньога тегишли ҳимоявий тактика ортидан пайдо бўлган «автобус қўйиш» (parking the bus) иборалари лексикага олинган. Оксфорд луғатида сэр Ферги сўзига оддий шарҳ берилган: «Мусобақанинг энг кескин якуний палласида одамнинг пластик ўриндиқда безовта ҳолда қимирлашидан чиқадиган овоз». Фергюсон 2003 йили, мавсум якунида АПЛ тахти учун «Арсенал» билан кечган кураш шиддатини шундай таърифлаганди. «Автобус қўйиш» - бу ўта ҳимоявий ўйин ифодаси. Аксарият футболчиларни ўз жарима майдони атрофида ўйнатиб, ҳужум ҳаракатларига эътибор қаратмаган жамоага нисбатан шу ибора ишлатилиши ҳаммага маълум. «Автобус қўйиш» тактикаси «Интер», «Реал», «МЮ», «Челси», «Тоттенхэм» каби клубларни бошқарган «Рома»нинг амалдаги устози учун алоҳида белгига айланиб улгурган. Энг қизиғи, Жозенинг ўзи рақибларнинг бу услубини тез-тез танқид остига олади. Дейлик, «Тоттенхэм» 2004/2005 йиллар мавсуми португалиялик мураббий қўл остидаги «Челси»га қарши чуқур ҳимоявий ўйин қўллагач, у «шпорлар»ни «автобус қўйиш»да айблаганди.

Оксфорд луғатига киритилган қолган 13та термин: Cruyff turn (Кройфф бурилиши), Rabona (рабона), Panenka (паненка), total football (тотал футбол), Gegenpressing (гегенпрессинг), tiki-taka (тика-така), false nine (алдамчи тўққизлик), row Z (Z қатори), top-scoring (кучли тўпурар), outfield (майдоннинг узоқ қисми), over the top (майдон чети), trequartista (треквартиста) ва zonal marking (ҳудудий таъқиб). 

Ушбу рўйхатдаги энг сирли ибора - «Z қатори». Луғатда бунга ҳам алоҳида изоҳ берилган, албатта: «Назарий жиҳатдан футбол стадионидаги энг узоқ орқа ўриндиқлар, шунингдек, жарима зарбасини амалга ошираётган ҳимоячига рақибнинг тўғридан-тўғри гол уриш таҳдидини йўқотиш учун тўпни йўллаш тавсия этиладиган нуқта». Қизиғи, «гегенпрессинг» немисча термин бўлиб, «қарши босим» маъносини беради. Шунга қарамай, Германия футболи тактикасининг АПЛга таъсири (асосан Юрген Клопп ва Томас Тухель туфайли) ортидан ушбу сўз ҳам инглизча луғатга киритилган. Бунга таъриф қуйидагича: «Жамоа тўпни йўқотиб қўйгандан сўнг дарҳол рақибга кучли босим ўтказишни бошлайди. Ҳаттоки, майдоннинг унга тегишли ярмидаёқ тўпни қайтариб олиб, рақибнинг олдинга боришига йўл қўймасликка уринади. Моҳият - рақибни тўпга эгалик қилишдан маҳрум этиш, шунингдек, хавфли позицияларда уни хатога йўл қўйишини таъминлаш».