Штефан Райтер: "Бутун Австрия номидан ўйнаш - шараф!"

Штефан Райтер: "Бутун Австрия номидан ўйнаш - шараф!"

«Арсенал» ЧЛдаги иштирокини чорак финал раундида тўхтатганидан сўнг «РБ Зальцбург» келаси йили АҚШ майдонларида янги формат асосида ўтказиладиган Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди.

Аниқроғи, Европа жамоаларига ажратилган 12та йўлланмадан охиргиси УЕФА рейтинги бўйича айнан Австрия грандига насиб этди. ФИФА расмий сайти вакиллари шу баҳона клуб бош директори Штефан Райтерни суҳбатга чорлаб, ундан тарихий воқелик таассуротларини сўради. Шу тариқа таниқли функционер «РБ Зальцбург»даги умумий ҳолат ҳақида гапирди, яна Австрия миллий жамоасига ҳам тўхталди.

- Маълумки, келаси йили Клублар ўртасидаги ЖЧда 32та жамоа иштирок этади. «РБ Зальцбург»нинг бўлажак турнир йўлланмасини қўлга киритгани Австрияда қандай реакция келтириб чиқарди?

- Албатта, жамоамизнинг Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олгани бутун мамлакатга катта қувонч бағишлади. Ахир кейинги йили дунёнинг энг кучли жамоалари билан юзма-юз келамиз. Бошқача айтганда, АҚШда Австрия футболи номидан ўйнаймиз. Табиийки, бу - катта шараф! Ўйлайманки, турнир чиптасини ҳақли равишда олдик. Зеро, «РБ Зальцбург» сўнгги йиллар ЧЛнинг доимий иштирокчилари қаторига кирди. Асосийси, мунтазам равишда Европанинг энг йирик клублари билан учрашяпмиз, ўз юришимиз билан даҳшатли рақибларга ҳам муаммо туғдира олишимизни кўрсатяпмиз. Клублар ўртасидаги ЖЧ йўлланмаси — бу «Зальцбург» оиласига алоқадор ҳар бир кишининг меҳнати учун муносиб мукофот.

- Клубингизнинг бўлажак турнирдаги имконияти қандай, мухлислар сизлардан нима кутишмоқда?

- Ҳозир бу масалада дангал гапиришим қийин. Бир томондан, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати биз учун ҳали ўрганилмаган турнир ҳисобланади. Бошқа жиҳатдан қарасак, АҚШ географик жиҳатдан Австриядан жуда узоқ. Шунга қарамай, умидвормизки, мухлисларимиз океан ортида ҳам бизни ёлғизлатиб қўймайдилар. Қолаверса, улар ўйинларимизни телевизор орқали қолдирмай томоша қилишларини биламиз ва бу ҳам жамоамизга руҳий куч бағишлайди. Умуман, янги турнирга ҳозирдан қизиқиш катта ва ўйлайманки, турнир старти яқинлашгани сари эътибор даражаси ортиб бораверади.

- АҚШда УЕФАнинг энг яхши клубларидан ташқари, бошқа конфедерациялар вакиллари тўпланишади. Оддий айтганда, турли футбол мактаблари тўқнашуви кузатилади. Айтингчи, «РБ Зальцбург» бўлажак мусобақада айнан қайси жамоа билан куч синашишини кўпроқ хоҳлардингиз...

- Гап жаҳон миқёсидаги катта турнир ҳақида кетмоқда ва қайси рақиб билан ўйнашимиздан қатъий назар, майдонда чинакам жанг бориши та­йин. Тўғри, хилма-хиллик нуқтаи назаридан қарасак, бош­қа қитъалар жамоаларига қарши ўйнаш нисбатан қизиқарлироқ. Ҳар ҳолда, «Зальц­бург» ўз тарихида ҳеч қачон бундай даражадаги расмий ўйинда иштирок этган эмас.

- Умуман, Австрия футболи тараққиётига қандай баҳо берасиз?

- Австрияда клуб футболи сўнгги йиллар анча яхшиланди. Ҳа, миллий лигада биз етакчилик қиляпмиз, лекин ЛАСК, «Рапид» ва «Штурм» клублари ҳам халқаро майдонда чакки кўринмаяпти. Ҳозирги ривожланиш суръатини пасайтирмаслик жуда муҳим, чунки бошқа мамлакатларда ҳам клуб футболи олдинга дадил қадам ташламоқда.

- Ҳозирда Австрия миллий жамоаси ҳам яхши ҳолатда. Сизнингча, мамлакат термасини 28 йиллик танаффусдан кейин ниҳоят, ЖЧда кўрамизми?

- Аввало, қўшни Германияда ўтказиладиган Евро-2024да муносиб қатнашишимиз керак - турнирда шов-шув кўтаришни хоҳлаймиз. Мана, Ральф Ранг­ник терма жамоа бош мураббийи ролида қоладиган бўлди. Фикримча, бу қарор 2026 йилги мундиал олдидан ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шахсан мен Рангникнинг қолиши Австрия футболига ўзгача туртки беришига ишонаман.

- Хўш, Австрия термаси Евро-2024да қандай каромат кўрсатади, сизнингча?

- Жамоамиз жуда мураккаб гуруҳга тушганини ҳисобга олсак, футболчиларимиз олдида қийин вазифа турибди. Ҳозирги ҳолатда қитъа чемпионатида «плей-офф»га чиқиш Австрия футболи учун ажо­йиб натижа бўлади, менимча.

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

 

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.