ФУТБОЛ АТРОФИДА: Жуд юилан бирга ўйнаш ўрнига...

ФУТБОЛ АТРОФИДА: Жуд юилан бирга ўйнаш ўрнига...

Килиан Мбаппе «ПСЖ» билан Ньюкаслда катта омадсизликка йўлиқди (1:4) ва энди «Реал» фанатларини сира тўхтатиб бўлмаяпти.

Улар Франция футболининг биринчи рақамли юлдузи устидан чинакамига кулишмоқда. Хуллас, Париж жамоаси ЧЛ гуруҳ бос­қичи 2-турида «Ньюкасл» билан ўйинда йирик ҳисобли мағлубиятни тан олгач, мадридликлар Килиан Мбаппени тролл қилишни пайсалга солишмади...

Ҳозир «Ньюкасл»даги мағлубият Луис Энрике жамоаси ва «Олтин тўп» сўрови фаворитларидан бири Килиан Мбаппе учун нечоғли зарба эканлигини баҳолаш қийин. Аммо ижтимоий тармоқлар шунчаки, «ёнмоқда». Қисқаси, «ПСЖ» мағлубияти - тайёр мавзу, турли калакаларга «озуқа»:

- Килиан ҳар ёз «Реал» устидан кулгани учун ҳам шундай шармандаликка лойиқ.

- Килиан ҳозир «Мадрид»да Беллингем билан бирга голлар уриб юриши мумкин эди, лекин бунинг ўрнига...

- Мбаппе, бизни чув туширгандингми? Кел, Беллингем ва Вини «Мадрид»да қандай ўйнашаётганини кўр.

- Мбаппе Саудия Арабистонида йилига 700 миллион евро олишдан ва «Реал»га бепул трансфер имкониятидан воз кечди шу «ПСЖ» учун...

- «Реал» 3та гол урди, «ПСЖ» эса 3та гол фарқи билан енгилди. Ғалаба - бу ғалаба. У баъзиларда йўқ.

Дарвоқе, 2 йилча олдин Football Manager ўйинининг ашаддий фанати - Антуан Гризманн 2021 йили иловада айнан «Ньюкасл»ни олиб, катта муваффақиятга эришгани (бир мавсумда 5та сов­рин, жумладан, ЧЛ ва АПЛда ғалаба) билан мақтанган эди: «Қаранг, қандай кучли мураббийман. Мбаппени 134 миллион еврога сотиб олганим иш берди».  Килиан эса дарҳол ҳазиларалаш муносабат билдирганди: «Ўзи Ньюкасл қаерда? У ер жуда иссиқ эмас, шундайми?» Мана, «ПСЖ» ҳужумчиси энди бу савол жавобини яхши билади.