Футбол ва бизнес: Бозорда ҳам мисоли аждаҳо

Футбол ва бизнес: Бозорда ҳам мисоли аждаҳо

Португалиянинг «Порту» клуби жорий асрнинг ортда қолган чорак асрдан камроқ даври ичида футболчилар трансферидан ўз ғазнасига 1,3 млрд. евро туширди - «аждаҳолар»дан аждаҳога хос иштаҳа.

Табиийки, жамоа иқтидорли футболчиларни ўз таркибига жалб этишда маълум даражада маблағ сарфлаган, муҳими, ўртадаги фарқ жуда катта. Умуман, «Порту» томонидан сотилган футболчилардан бемалол 2та рисоладагидек таркиб шакллантириш мумкин.

ДАРВОЗАБОН

Витор Байя («Барселона»га, 6,5 млн. евро). Таажжубки, «аждаҳолар» шу пайтгача бирор дарвозабонни йирик суммага сотган эмаслар. Ян Облак Ла Лигага, Эдерсон эса АПЛга «Бенфика»дан йўл олишганди. «Порту»нинг киперлар борасидаги рекорд савдоси эса - Витор Байя трансфери. Испанияда ишлари юришмаган посбон атиги 1 мавсум тўп сурган бўлсада, чемпионликка эришди ва Кубок эгалари кубогида зафар қучди. Кейин «Порту»га қайтиб, Жозе Моуриньо билан УЕФА кубоги ҳамда ЧЛда ғолиб чиқди.

 

ҲИМОЯЧИЛАР

Данило («Реал»га, 31,5 млн. евро). Бу футболчи «Реал»да Дани Карвахаль билан рақобатда устун келолмади, лекин «Ювентус» билан бир жуфт нуфузли кубокни қўлга киритиш асносида катта саҳнага қайтди. Данило «А» серияда мураккаб услубга тая­надиган ҳимоячилар тоифасидан, у ҳозирча катта футболда охирги сўзини айтгани йўқ.

Эдер Милитао («Реал»га, 50 млн. евро). «Порту» тарихидаги рекорд трансфер. Милитао якунланган мавсум «Реал» билан ЧЛда ғолиб чиққан бўлсада, баъзан сусткашликка йўл қўяди. Энди унинг ҳолати янада мураккаблашди, ахир «Қироллик клуби» Антонио Рюдигер билан шартнома тузди.

Эльяким Мангала («Манчестер Сити»га, 45 млн. евро). Шак-шубҳасиз, омадсиз трансфер. Бельгия клубларида тарбияланган франциялик ҳимоячи Манчестерда талаб даражасида ўйнолмади. Кейинчалик «Валенсия» сафига қўшилди, энди «Сент-Этьен» аъзосига айланди. Қисқаси, 31 ёшни уриб қўйган Мангала афсона мақомига эришиш имкониятидан фойдаланолмади. 

Алекс Сандро («Ювентус»га, 28 млн. евро). Данилодан фарқли равишда, тўғри Туринга йўл олган футболчи. Алекс 7 йилдан буён ишончли тўп сурмоқда. У Бразилия термасида ҳам фаол. Аслида Сандро ноёб иқтидор эмас, ҳимояда хатоликларга йўл қўяди, лекин керакли паллада ҳужумга ўтишни қойиллатади.

 

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Фабиу Виейра («Арсенал»га, 35 млн. евро). Ҳа, «Арсенал»да яна Виейра тўп суради, Микель Артета жамоа­си учун майдон марказида «янги қон». Фабиу охирги мавсум «Порту»да чин юлдуз даражасига чиқди - 14та самарали узатма ва 6та гол ёш футболчи учун чакки эмас. «Тўпчилар» унга қайси позицияни тавсия этишлари эса ҳозирча маълум эмас.

Андерсон («МЮ»га, 31,5 млн. евро). Англия клуби бразилияликка ишонч билдиришда шошилди. Ҳарқалай, Андерсон «Порту»да ҳам дурустроқ ўйнашга улгурмаганди. «Спортинг» вакиллари - Криштиану Роналду ва Нани масаласида адашмаган Алекс Фергюсон «Порту»дан ҳам тиришқоқ юлдуз кашф этишни ўйлаганди, амалда Андерсон «МЮ» муҳитига сира мослашолмади.

Хамес Родригес («Монако»га, 45 млн. евро). Колумбиялик футболчи узоқ вақт барқарор равишда юксак савияда тўп сурадиганлар тоифасидан эмас. Бундай футболчиларда пасайишлар тез-тез кузатилади, лекин илҳом келган паллада фантастик ўйин кўрсатишга қодирлар. Хамес кейинчалик «Реал» билан ЧЛ ва Ла Лигада шоҳсупага кўтарилди, «Бавария»да эса Бундеслига ғолиби бўлди.


ҲУЖУМЧИЛАР

Халк («Зенит»га, 40 млн. евро). Аслида трансфер куни Санкт-Петербург клуби бошқа қийматни эълон қилганди - 60 миллион евро. 40 бўладими ёки 60 - бу Питерда Живанилдо кўпроқ тўп сурмагани учун афсусланишга арзийдиган сумма. Тўғри, Халк «Зенит»да можароларга дуч келди - ҳамма унинг маошига «осилди». Ҳар қандай ҳолатда ҳам, етакчи 5та лигани «ёндириш»га қодир бўлган ҳужумчининг Хитойга йўл олишини оқлаш мумкин эмас.

Радамель Фалькао («Монако»га, 40 млн. евро). Колумбиялик иқтидор «Монако»да худди «Порту»даги каби сермаҳсул ўйин кўрсатди, лекин «МЮ» ва «Челси»- (ижара муддати)да муваффақият қозонолмади. Радамель кейинчалик навбати билан «Галатасарой» ва «Райо Валье-кано»да пайдо бўлди ва бир жуфтгина голи билан тўп­урарлик қобилияти яқин ўтмишда қолганини эслатиб қўйди.

Луис Диас («Ливерпул»га, 45 млн. евро). АПЛ учун охирги қишки трансферлар бозоридаги энг омадли келишув. Ҳа, Луис Диас ЧЛ финалида ғалаба голини уролмади, лекин Юрген Клопп айнан у, Муҳаммад Салоҳ ва Дарвин Нуньес учлигини бўлажак муваффақиятлар гарови сифатида кўрмоқда.

Умуман олганда, «Порту» янги асрда трансферлардан жами 1,3 млрд. евро ишлаган. Клуб ғазнасига 10 млн. евродан кўп пул туширган футболчилар бир талай: Бруну Алвеш, Жозе Босингва, Фелипе, Паулу Перейра, Али Сиссоко, Алекс Теллес, Николас Отаменди, Жорже Андраде, Лучо Гонсалес, Рубен Невеш, Луиш Данилу, Манише, Франциско Фернандо, Златко Захович, Рауль Мейрелеш, Фредди Гуарин, Жексон Мартинес, Лисандро Лопес, Марио Жардел, Хуан Мануэль Итурбе, Луис Фабиано...

БОНУС

Муқобил терма жамоа (захира варианти)

Дарвозабон: Жозе Са («Олимпиакос»га, 2,5 млн. евро)

Ҳимоячилар: Рикарду Перейра («Лестер»га, 22 млн. евро), Пепе («Реал»га, 30 млн. евро), Рикарду Карвалью («Челси»га, 30 млн. евро), Диогу Далот («МЮ», 22 млн, евро)

Ярим ҳимоячилар: Жанелли Имбула («Сток Сити»га, 24,25 млн. евро), Жоау Моутинью («Монако»га, 25 млн. евро), Деку («Барселона»га, 21 млн. евро)

Ҳужумчилар: Рикарду Куарежма («Интер»га, 24,6 млн. евро), Фабиу Сильва («Вулверхемптон»га, 40 млн. евро), Андре Сильва («Милан»га, 38 млн. евро)

Асосий таркиб баҳоси - 307 млн. евро

Захира таркиби баҳоси - 280 млн. евро

И.юсуфжонов тайёрлади