Футбол ва бизнес: Катта бизнес мисоли

Футбол ва бизнес: Катта бизнес мисоли

Transfermarkt портали муайян футболчининг трансфер операциясидан энг катта пул олган клубларни алоҳида эътироф этди.

Қизиқ, бу масалада қайси жамоалар алоҳида мақтанишга ҳақли?

5-ўрин - «Астон Вилла» (Жек Грилиш трансфери). «Манчестер Сити» 2021 йили истиқболи баланд ярим ҳимоячини ўз сафида кўриш учун 117,5 млн. евро тўлади. Хуллас, «Астон Вилла» ўз тарбия­ланувчиси трансфери ортидан шунча ишлади.

4-ўрин — «Ливерпуль» (Филиппе Коутиньо трансфери). «Қизиллар» трансферларга катта маблағ ажратиш баробарида футболчиларни вақтида сотишни ҳам яхши билишади. Мисол учун, 2018 йили Филиппе Коутиньони «Барселона»га қўйиб юбориш асносида нақ 122 млн. еврони қуртдек санаб олишганди.

3-ўрин — «Бенфика» (Жоау Фелиш трансфери). Бундай рўйхат Португалия клубисиз тўлиқ бўлармиди? Ахир гап трансфер сиёсатини сувдек  «ичию юборган» жамоа ҳақида кетмоқда. Хуллас, «Атлетико» 2019 йили ёш ярим ҳимоячи учун  «Бенфика»га 127,2 млн. евро тўлаганди.

2-ўрин - «Барселона» (Неймар трансфери). Футбол тарихидаги энг можароли трансфер тарихи. Аслида Каталония клуби футболчи сотишга ихтисослашмаган. Бироқ 2017 йили «ПСЖ» Неймар учун 222 млн. евро таклиф этгач, ўзини тўхтатиб туролмади. Қисқаси, «Барса» бразилиялик юлдуз трансфер операциясидан 134 млн. еврога тенг фойда билан чиқди. 

1-ўрин — «Монако» (Килиан Мбаппе трансфери). «ПСЖ» яна ҳимматли харидор ролида. Парижликлар 2018 йили ёш голеадорни ўз томонига оғдириш йўлида «Монако» ғазнасига 180 млн. евро тўккан эди.