Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Ўзбекистон футболи ФИФA ва ОФКнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ажралмас қисми сифатида бўй ростлаб тургани бугун ҳар биримизга қувонч бағишлайди, албатта.
Мустақиллигимизнинг шонли 32 йиллик байрами арафасида футболимизнинг халқаро миқёсдаги расмий мақоми ва бундан туюлажак ифтихор туйғусини мухлислар билан бўлишмоқ - бизнинг бурчимиз. Мана, миллий жамоамизни хорижлик мураббий бошқармоқда, бу - халқаро миқёсда мустақил фаолият юритадиган ЎФAнинг эркин танлови. Клубларимиз сафида ҳам хорижлик футболчилар тўп суришмоқда. Яқин орада 4та жамоамиз ОЧЛ гуруҳ босқичида кураш бошлаши ҳам ёқимли факт. Яна бир қатор йигитларимиз дунёнинг турли чемпионатлари клублари шарафини ҳимоя қилишмоқда ва футболчилик фаолияти билан бирга юртимиз довруғини таратишмоқда. Буларнинг барчаси - Ўзбекистон футболининг мустақиллигидан далолат.
Муҳтарам мухлис! Эътиборингизга ҳавола этилаётган навбатдаги мулоҳазаларимиз футболимиз онгу шуури ва қалбида кечаётган талатўплар билан боғлиқ. Aфсус билан таъкидлаш керакки, футболимиз бу борада ҳали том маънода мустақилликка эришмади. Биз яшаб турган жамиятда янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистонни бунёд этмоқ учун кураш авж паллага кирмоқда. Бироқ ҳар лаҳза бу кураш йўлидан бормоқ осон эмаслигини эслатмоқда, кўрсатмоқда. Aлбатта, тафаккурдаги инқилоб бирданига содир бўлмайди. Буни биргина мисолнинг ўзи ёрқин исботлайди. Ёдингизда бўлса, мустақиллигимизнинг 31 йиллик байрамида жадидлар мавзусига алоҳида эътибор қаратилган, Чўлпон қаламига мансублиги айтиладиган ва Туркистон мухториятининг норасмий гимни сифатида эътироф этиладиган «Гўзал Туркистон, сенга не бўлди?» деб бошланувчи қўшиқ куйланганди. Ўша қўшиқни оиламиз аъзолари билан биргаликда тик туриб тинглагандик ва жуда кўпчиликка улашгандик. Мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами яқинлашиб келар экан, ўнлаб зиёлилардан ўтган йил истиқлол куни куйланган ўша қўшиқ ҳақида сўрадик. Не тонгки, биз сўроққа тутган зиёлилар ўтган йил нишонланган мустақиллик байрами тантаналарини томоша қилишмаган ва «Гўзал Туркистон сенга не бўлди?» қўшиғи руҳи, кайфиятидан бебаҳра қолишган.
Таниқли ижодкорлар Зебо Мирзо, Шодмонқул Салом, Нажмиддин Эрматовнинг уйғониш садолари баралла уфуриб турган шеърлари шу қўшиқ кайфиятига ниҳоятда уйғундир. «Гўзал Туркистон сенга не бўлди?» қўшиғини ўтган йил мустақиллик байрами тантанасида куйланганини билганлар шоирларнинг жасоратга тўлиқ шеърларини табиий жараён сифатида баҳолашди, билмаганлар эса ҳайратланишди, қойил қолишди.
Хўш, бу билан нима демоқчимиз? Ҳатто миллат ойдинлари ҳам гоҳо жамият ҳаётида рўй бераётган янгиланишни вақтида ҳис қилишмаяпти, англашмаяпти. Футболимизда ҳам айни шунга ўхшаш ҳолат кузатилмоқда. Суперлига иккинчи давра баҳслари, «Насаф» ва «Пахтакор» иштирокидаги суперкубок учун учрашув, «Навбаҳор» ва ОКМКнинг ОЧЛ гуруҳ босқичи йўлланмаси учун Қатарда ўтказган зафарли ўйинларини кузатиб, кўнглимизда бир-бирига қарама-қарши ҳислар туғён урди. Суперлига жорий мавсуми биринчи даврасида клубларимиз сафида шундай футболчилар тўп суришдики, уларга қараб, «Булар Суперлигада тўп сурмасликлари керак. Улар ёшлар онгини заҳарлашмоқда!» - дея ҳайқириғингиз келарди. Қарангки, ўша футболчиларнинг аксари иккинчи даврада Суперлига клублари таркибида кўзга ташланмаяпти. Улардан айримлари давр руҳига мос келмаётган эскича қарашлари ва элита талабларига бардош беришолмаётгани туфайли қуйи лига жамоалари таркибидан жой олишди, бошқалари бутсаларини михга илиб қўя қолишди. Мазкур жараён кўнгилга бироз таскин берса-да, кишини чинакамига қувонтиролмайди. Чунки Суперлига ва Про лига клублари таркибида келишилган ўйинларда иштирок этган ва шахсий манфаат учун ўйинни пуллашга тайёр, тотализаторлар томонидан танглайи кўтарилган эскича қарашга эга футболчилар ҳали ҳам бор. Худбинона қилмишларини ҳеч қачон тан олмайдиган бундай футболчиларни расман маҳкамага тортиш қийин. Уларни фақат ва фақат янги замон руҳи, тараққиёт нафаси жазолай олади, холос!
Суперлига клублари таркибида шундай футболчилар тўп суришмоқдаки, уларнинг истеъдодига ҳеч бир мухлис шубҳа билдирмайди. Лекин кўзларида ғалабага иштиёқ олови порламайди, қалбларида улуғвор мақсадлар уммони тўлқинланмайди. Бундайларни стадионларга ташриф буюраётган минг-минглаб мухлислар ҳурмати, вақти, маблағи асло қизиқтирмайди. Улар учун ютиш ёки ютқазиш муҳим эмас. Муҳими - ўйинларнинг ўтказилиши ва тегишли маош тўланиши. Бундай футболчиларни «Гўзал Туркистон сенга не бўлди?» қўшиғини тингламаган, саволга изтироб ила жавоб изламаган зиёлиларга ўхшатамиз. Улар аллақачон «Ўзбекистон футболи, сенга не бўлди? Нечун стадионларда мухлислар ҳайқириғи тобора пасайиб бормоқда? Нечун энди майдонларда қуш каби учмаймиз, йўлбарс янглиғ наъра тортмаймиз?» - дейишлари керак эди.
Бизни романтикликда айблашса-да, мустақиллик байрами арафасида улардан шундай янгиланиш-ўзгариш, мардлик-жасорат, шижоат-ўктамликни кутамиз! Умид қиламизки, марду майдон футболчилар шахсий манфаатларни бир четга улоқтириб ташлашади ва ҳалол рақобат учун чинакам курашга бел боғлашади. Бу йўлда нафс ботқоғига ботган жамоадошларини тартибга чақиришади ва биргаликда тотализаторларга қуллик психологиясидан қутулишади. Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев халқимиз пахта қуллигидан халос бўлаётгани хусусида тўлиб-тошиб сўзлади. Футболимиз ҳам шу руҳ, шу кайфият билан тотализатор ва нафсга қуллик психологиясидан фориғ бўлиши шарт!
Фарғоналик кўплаб мухлислар ОКМК - «Нефтчи» ўйинида кузатилган ҳакамлик ишидан норози бўлишди. Улар яна ижтимоий тармоқларда ҳакамлар «Нефтчи»ни синдиришга интилишаётгани ҳақида нолишди. Тан олиш керак, Суперлига ва Про лига учрашувларини бошқараётган айрим ҳакамлар фаолиятида ўйин натижасига таъсир қилувчи жиддий хатолар учрамоқда. Ҳақиқатан ҳам, баъзи клублар айнан ҳакамлар хатоси туфайли қимматли очколарни йўқотмоқда. Энди бу каби нохуш ҳолатлар футболимизни тараққиётдан тўхтатолмайди. Чунки Суперлигада ғайратли, янгиликка ўч, шундай ташаббускор мураббийлар иш бошлашдики, уларни ҳакамларнинг нохолис ҳуштаклари чўчитмайди асло. Бундайлар ҳар қандай вазиятда фақат ва фақат олға боришади. Уларнинг қўл остиларида шундай ёшлар тўп суришмоқдаки, энди қаршиларида Суперлиганинг донгдор ва тажрибали футболчилари ҳам қалтирашмоқда. Шу тариқа ҳалол рақобат, янгича ташаббус ва улуғвор мақсадлар эскича қарашлар устидан ғалаба қозониб, футболимизни ойдинликка олиб чиқмоқда! Яна бир бор такрорлаймиз, бу жараён осон кечмайди асло ва кураш қурбонсиз бўлмайди. Шундай учрашувлар кузатиладики, ҳалол ўйнаган жамоа қимматли очколарни бой беради. Бироқ ишончимиз комил, бу жараён узоққа чўзилмайди - мустақил мамлакатнинг озодлик ва ҳалоллик байроғини ҳилпиратгувчи футболи зафар қучажак, албатта!
Мустақиллигимизнинг янги марраларни забт этиб кириб келаётган 32 йиллик байрами муборак бўлсин, азизлар!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789