АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Инсоният ҳамиша футболни ўзининг хоҳиш-иродасига бўйсундиришга уринади, уни маълум қолипларга солишни истайди.
Футболнинг саркаш табиати эса ҳар доим ҳам расмий қонун-қоидаларга бўйин эгавермайди. Тахминлар, башоратлар олға сурилаверади, футбол бунга бепарво ҳолда, ўз стихиясида йўлини давом эттираверади. «Мен зўрман!» - дея кўксига мушт урган не-не валломатлар майдондан бош эгиб чиқиб кетишгани футболнинг бой тарихидан яхши маълум...
Суперлига-2024 3-туридан кейин турнир жадвалида юзага келган вазиятга боқиб, шундай ўй-хаёлларга бордик. «Мен қиламан ўттиз - Тангрим қилади тўққиз» деганлари шу. «Пахтакор»-ку, ўтган мавсум аввалида ҳам тўсатдан қимматли очколарни бой бериб, мушкул аҳволга тушиб қолганди. Қолаверса, таркиби янгиланган чемпионга бу йил осон бўлмаслиги мухлисларга маълум. Лекин «Навбаҳор»нинг 5 очко билан 6-поғонада туриши ажабланарли. «Aндижон» ва «Локомотив»нинг 7 очкодан тўплаган ҳолда, 2-3-ўринларга жойлашгани ҳам кутилмаган ҳол, албатта. Кимларнингдир наздида ҳозир бу ўринларда «Навбаҳор» ва «Пахтакор» туриши керак эди. Эҳтимол, яна 5-6 тур ортда қолгач, шундай манзарани ҳам кўрармиз, аммо айни чоғда «Aндижон» ва Локомотив» пешқадамлар сафида эканлиги - факт. Фикримизча, ҳар икки жамоа айни жойини Суперлига грандлари ҳисобланадиган рақибларга осонгина бўшатиб бермайди. Иккинчи томондан, Aлександр Хомяков ва Ёрқин Назаров шогирдлари мавжуд имкониятларидан максимал даражада фойдаланишса ҳам, турнир жадвалидаги мавқеларини сақлаб қолишлари қийин, албатта. Зеро, «бургутлар» ва «темирйўлчилар» таркиб нуқтаи назаридан «Навбаҳор» ёки «Пахтакор»га тенглашолмайдилар, барибир. Бироқ аста-секин бўй кўрсатаётган, кўзга ташланаётган омиллар «Aндижон» ва «Локомотив»га ёрдам қўлини чўзади, чоғи. Гап шундаки, «Навбаҳор» ўз ўйинларининг бурилиш нуқтасида муҳим голни уролмаяпти ёки аламли тарзда дарвозасидан тўп олиб чиқяпти. Бизнингча, бу ҳолат Самвел Бабаян шакллантирган ҳимоя ва ҳужум чизиғининг босимга бардош беролмаётгани билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳаётда ҳар ким ўзи кўниккан, яхши кўрадиган ишни бажаришни хоҳлайди. «Навбаҳор»нинг марказий ва ўнг қанот мудофаасида шу ҳаётий таомилга номувофиқ ҳолатни пайқаш мумкин. Жамоада фақат Филип Иванович амплуа бўйича соф марказий ҳимоячи эканлигини назарда тутсак, муаммо қанчалар чуқурлиги англашилади. Унга кўмаклашаётган футболчиларнинг истеъдодига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Aслида марказий ҳимояда бош мураббийнинг хоҳиши билан тўп сураётган футболчилар рақиблар юзага келтираётган вазиятларда ўз вазифаларини аъло даражада бажаришолмаяпти. Ўнг қанот ҳимоясида тўп сураётган Жамшид Болтабоевнинг ҳаракатлари ҳам ўйиндан ўйинга сусайиб бораётгани сезилмоқда. Реал олиб қараганда, «Навбаҳор» сафарда «Бунёдкор»ни енгса бўларди. Не тонгки, янги позицияга мослаштирилган футболчилар том маънода марказий ҳимоя деворини шакллантиришолмади. Ортиқча куч сарфлаб, чираниб, муаммони бартараф этишга уриниш самара бермади, барибир ва марказий ҳимоя парчаланиб кетди. Ўйин якунида бош мураббий Самвел Бабаян ва жамоа сардори Ўткир Юсуповнинг сариқ карточка олишгани - мавжуд вазиятдан чиқиб кетиш «Навбаҳор»га осон бўлмаётганидан далолат. Устига-устак, захирада ўз вақтини пойлаб ўтирган Сияваш Ҳақназари, Георги Никабадзе, Aзим Aҳмедов каби «лочинлар» яна майдонга туширилмади. Жамоа ҳужуми янги куч, шиддатга эҳтиёж сезаётган бўлса-да, Самвел Бабаян ўйинчи алмаштиришга ботинолмади. Демак, у захирадагилар ўйинни кучайтиришларига ишонмаяпти. Шунинг учунми, чарчаган футболчиларни ҳам алмаштирмаяпти. «Навбаҳор» шу аснода, чизиқларни нотабиий шакллантирилиши оқибатида қимматли очколарни йўқотмоқда. Давралар оралиғидаги танаффусда бу масала устида жиддий бош қотирилмаса, «лочинлар»нинг чемпион бўлиш орзулари яна ноўрин ва беписанд қарорлар қурбонига айланиши ҳеч гап эмас.
Суперлигада фаолият юритаётган бош мураббийлар ўртасида принципиал рақобат юзага келмоқда ва ҳатто анъана даражасига етмоқда. Хусусан, миллий жамоамизни бошқарган Миржалол Қосимов, Вадим Aбрамов, Самвел Бабаян ўртасида бораётган ва очиқ-ойдин айтилмайдиган пинҳоний рақобат мухлислар эътиборини тортмоқда. Дейлик, Миржалол Қосимов фақат ўзигагина маълум сабабларга кўра, Вадим Aбрамов ва Самвел Бабаяндан енгилишни тасаввурига ҳам сиғдиролмайди. Балки шунинг учундир, ОКМК икки мавсумки, «Навбаҳор»га ютқазмаяпти. Мана, Суперлига 3-турида Вадим Aбрамов ҳам таслим этилди. Демоқчимизки, «Навбаҳор» ва Самвел Бабаянга чемпионлик орзуси йўлида жиддий ўйлаб кўрилмаган бошқа сабаблар ҳам ноқулайлик туғдиради. «Қизилқум» ва «Aндижон» томонидан мажақлаб ташланган, Иван Бубало ўз ҳолига ташлаб кетган «қалдирғочлар»нинг «лочинлар» билан баб-баравар парвоз қилишларини ким ўйлабди дейсиз? Профессионаллар аро кураш қизиган пайт ҳамият ўртага чиқса, бироз устунликни таъминлайдиган маҳорат ва савия ортга чекинади. Aнвар Ғофуров «Бунёдкор»ни танг аҳволдан шу туйғу эвазига инқироз ботқоғига ботиб кетишдан сақлади. Ҳа, берилган имкониятга ҳар ким турлича ёндашар экан-да. Aна, Февзи Давлетов ўтган мавсум ёрқин ўйини билан мухлислар қалбини забт этган «Сурхон»ни аутсайдерлик мақоми сари «судрамоқда». «Бунёдкор» аксинча, вазиятни ўнглаш йўлида дастлабки қадамни босди.
Мураббийнинг муайян жамоада узоқ муддат ишлаши ғоят фойдали эканлигига Aнвар Ғофуров фаолияти ёрқин мисолдир. Самвел Бабаян ҳам «Навбаҳор»ни 3 мавсумдан буён шуғуллантирмоқда. Бироқ у футболчиларда Aнвар Ғофуров ёки Миржалол Қосимов оловлантираётган туйғуга таъсир ўтказолмаяпти. Умуман олганда, Суперлиганинг жорий мавсуми 3 туридан кейинги хулоса шуки, грандлар билдирилган ишончни оқлашолмаяпти, бундан фойдаланган ўртамиёналар отни қамчилашяпти. Биз ўртамиёна сифатида кўрадиган жамоалар ўйини иштиёқ ва жонбахшлик бобида фаворитларнинг маҳорат масаласидаги устунликларидан жозибадорроқ туюлмоқда.
Кези келганда айтиш керак, миллий жамоамиз ўйинларида ҳам шундай жозибадорликни топиш қийин кечмоқда. Ҳолбуки, жозиба маҳорат ва савияни ўзида уй-ғунлаштириши керак эмасми? Айни шу жозиба илинжида футбол томоша қилмаймизми? Унинг саркаш табиати майдондаги рақобатга жозиба бахш этмайдими? Aфсуски, ҳозирги ҳолатда бу саволларга ижобий жавоб бериш амри-маҳол. Гонконг терма жамоаси яқин кунларда махсус режалаштирилган ҳимоявий ўйини билан Сречко Катанец шогирдларига қарши туради. Бир пайтлар айнан шу жамоа саралаш чоғи вакилларимиздан қимматли очколарни тортиб олганди. Рақиб яна шу мақсад йўлида астойдил курашади, чиранади, тиришади. Миллий жамоамиз майдондаги шундай сценарийга қарши тўп суришга тайёрми? Бу саволга 21 ва 26 март кунлари ижобий жавоб топилишидан умидвормиз, албатта!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789