Лифтда сайр мисоли...
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Илёс Зейтуллаев Европанинг кучли 5та лигасига қадам ташлаган ўзбекистонлик биринчи футболчи ҳисобланади
Давоми. Бошланиши газетамизнинг 67 (2074)-сонида
Мана, 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, яна ик-ки нафар вакилимиз топ-5га юзланди. Аниқроғи, Элдор Шомуродов 3 йилдан буён худди Зейтуллаев каби «А» серияда ўйнаётган бўлса, Абдуқодир Ҳусанов яқиндагина Франция вице-чемпиони «Ланс» сафидан қўним топди. Еврофутбол элитасида биз учун қалдирғоч саналган Илёс Зейтуллаев яқинда «РБ Спорт» нашрига каттагина интервью берди. Собиқ ярим ҳимоячи суҳбат жараёнида кўпчиликни қизиқтирадиган кўплаб масалаларга ойдинлик киритди. Биз эса шу қизиқарли интервьюнинг эътиборга молик қисмини ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдик.
- Илёс, бошида итальян тилини билмагансизлар. Туринда қандай яшагансизлар?
- Роса қийналганимиз эсимда. Онам ўқитувчи сифатида тил ўрганиш жараёнида тез-тез кинога тушишни маслаҳат берганди. Бир балони тушунмасак ҳам, кўп фильм кўрардик. Қўшимчасига маҳаллий спорт нашрларини ўқишга уринардик. Маъносини тушунмасак ҳам, ўқиб чиқардик. Сергей Коваленко итальян тилини анча тез ўрганди, мен эса худди Виктор каби жуда кўп тер тўкканман. Чамаси 1 йилдан кейин анча-мунча ибораларни тушуна бошладим, гапиришни ҳам аста-секин ўзлаштирдим. Айтганча, клуб биз учун алоҳида ўқитувчи ёллаганди.
- Италиялик ўсмирлар сизлардан қандай сифатлари билан ажралиб туришарди?
- Биз Италияга футбол нуқтаи назаридан ташна ҳолатда боргандик. Бунга қадар ҳаммасини фақат телевизорда кўргандик. Оддий айтганда, «Ювентус»да ўйнаш мақсад эмас, шунчаки, орзу эди. Табиийки, ҳар бир машғулотда ўзимизни кўрсатиш учун боримизни берганмиз. Италияликлар шу масалада бошқача эдилар - машғулотларга хотиржам қарардилар, мабодо таркибга киролмасалар, буни оддий қабул қилардилар. Дейлик, асосий жамоа машғулотига жалб қилинмасалар ҳам, хотиржамликни йўқотмасдилар. Мен эса аксинча, агар Италия кубоги доирасидаги ўйиндан олдин Липпи назаридан четда қолсам, қаттиқ сиқилардим. Ўйлашимча, айни шундай ёндашув ҳам самарасиз кетмаган. Ҳар ҳолда, Будянский билан иккимиз қолганларга нисбатан биринчи жамоада кўпроқ ишлаганмиз.
- Тўхтанг, бошидан асосий таркиб билан шуғуллангансиз-ку...
- Ҳа. Клубга келганимизда Карло Анчелотти бош мураббий эди. У бизни дарҳол машғулотларга жалб этганди. Ўша вақт Зайниддин Зидан ҳали «Реал»га кетмаганди. Кейин Анчелотти ўрнини Липпи эгаллади. Унинг даврида ҳам асосий жамоада кўп шуғулланганмиз. Мисол учун, мураббий бошидаёқ икки томонлама назорат ўйинида бизни ҳам амалда синаб кўрганди.
- «Ювентус» асосий таркибидаги машғулотларда кимлар кўпроқ ҳайратга солишарди?
- Паоло Монтеро - уругвайлик ҳимоячи. У ўта агрессив ҳаракатланиши билан ажралиб турарди. Майдондан ташқарида эса, мутлақо мулойим йигитга айланарди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, базага кетаётгандик, ёмғир, кўча лой... Бирдан автомобилида олдимизда тўхтади ва ўтиришимизни, манзилимизга олиб бориб қўйишини айтди. Бироз ноқулай бўлди, кўнмадик, лекин қуймади, барибир. Қисқаси, Паоло ёшларга яхши муносабатда бўларди, фақат майдонда очиқчасига жанг таклиф қиларди. Катта мавқеи ва тажрибасига қарамай, одамийлик сифатларини кўрсатарди. Умуман, Алессандро Дель Пьеро, Зайниддин Зидан ва бошқа юлдузлар ҳам кундалик ҳаётда оддий эдилар.
- Дель Пьеро билан қандайдир эсда қоларли воқеалар кузатилганми?
- Алекс машғулотларда кўп ёрдам берарди. Ҳаттоки, умумий машқлар якунида озгина қолиб, жарима зарбаси тепиш, оёқни қандай қўйиш усулларини ўргатишдан эринмасди. Бунда ҳаммасини хотиржам тушунтирарди, овозини асло баланд кўтармасди. У «Ювентус» - бир оила» иборасини тез-тез такрорларди. Оилада эса ҳамма тенг, ёшнинг аҳамияти йўқ. Жамоа аъзосимисан, сен билан тўғри муомалада бўлишади. «Ювентус» муҳити шундай эди. Зидан ўзини хотиржам ва оддий тутишидан ташқари, анча қизиқувчан эди - унинг ниманидир сўраши ёки ҳолатимиз билан қизиқиб кўриши биз учун одатий ҳол бўлган.
- Энг ғалати футболчи ким эди?
- Давидс, албатта. Чиндан ҳам, ғалатироқ - ҳар доим қулоқчин тақиб олар ва ўзидан асло ортмасди. Эдгар фақат ёшлар эмас, ҳаммага нисбатан шундай бепарво юрарди. Худбинроқ, яна гапини бошқаларга ўтказишни хуш кўрарди. Бошқа ҳеч ким ҳақида бундай деёлмайман.
- Марчелло Липпини қандай тавсифлайсиз?
- Жамоа кайфиятини ҳамиша юқори даражада ушлаб турарди. «Ювентус» тақвими ҳар доим жуда тиғиз бўларди, қолаверса, матбуот тинимсиз босим ўтказарди. Дейлик, ҳаттоки, дуранг натижадан кейин ҳам, ҳамма бирдан инқироз ёки муаммолар ҳақида бонг уришга тушарди. Липпи эса ҳар қандай вазиятда жамоа босимсиз ишлашини таъминлашга уринган. Чунки таркибда катта профессионаллар йиғилишганини яхши биларди. Бундай жамоада энг асосий омил - психология. Липпи бу ҳақиқатдан асло кўз юммасди.
- Италия кубогида айнан Липпи қўл остида дебют қилгансиз...
- Ҳа, ўша вақт ҳатто итальян тилида тузукроқ гапиролмасдим ҳам. Лекин мураббий менга атиги 2-3 сўз айтган ва нима демоқчи эканлигини тушунганман.
- «Ювентус»нинг атиги 2та ўйинида қатнашгансиз ва иккиси ҳам кубок доирасида. Нега бунчалик кам?
- Кам? Мен бу ўринда саволни бошқача қўярдим: «Шундай юлдузли таркибда 2та ўйин ўтказишга қандай эришгансиз?» Хуллас, «Юве»-дек мегажамоада ярим да-қиқа ўйнаш ҳам катта гап эди мен учун.
- Бу фикрга қўшилиш мумкин.
- Ҳозир ишониш қийин, лекин факт шуки, майдонга буюк юлдузлар билан бирга тушганман. Ўшандан кейин кўп хатоларга йўл қўйганим ва асосий таркибга ўрнашолмаганим эса бошқа масала. Баъзан ишга муносабатни ноўрин ўзгартирдим. Бошидаги иштиёқни йўқотиб қўйганим ҳам рост. Кейин ҳаётимда ўзгаришлар кетма-кетлиги кузатилди: Россиядан таклифлар, пул ва ҳоказо...
- Демак, асосий таркибдаги 2та учрашувдан кейин яна ёшлар жамоасига ўтдингиз.
- Ҳа. Кейинчалик ҳам бир неча марта кубок ўйинларига жалб этилдим, асосий таркиб машғулотларида қатнашдим, аммо бошқа майдонга тушмадим. Жой топиш қийин эди, боз устига, ўша пайт захирадан атиги 3 нафар футболчи тушириларди. Таркиб эса юлдузларга тўла. Давидс ва Трезеге каби футболчилар захирада ўтирганларида, бизга йўл бўлсин.
- Айни ўша пайт сизни Россияга чорлай бошладилар...
- Хато шу нуқтадан бошланди. Ёш эдик, Россияда эса пул ва реал шартнома ваъда қилишди. Вақт ўтиши билангина ўша пайт дунёнинг энг яхши клубларидан бирига тегишли бўлганимни теранроқ англадим. Яъни шошилмаслигим, сабр билан ишлаш йўлидан боришим керак эди. Эсимда, «Ювентус» раҳбарларидан бири Лучано Моджи олдига чақириб, роса уқтирганди: «Илёс, 3 йилдан бери «Юве» тизимидасан. Яхши кетяпсан. Шошилма, ҳозир бошқа жамоалар ҳақида ўйлашинг нотўғри. Биз билан шартнома муддатини узайтир, сени кузатишда давом этамиз. Кўнсанг, ижара сафарига юборамиз ва муносиб ўйнасанг, ортга қайтарамиз, албатта. Асосийси, хато қилма». Лекин унинг гапларига қулоқ тутмадим. Табиийки, бу «Ювентус»га ёқмади ва ўртадаги шартнома муддати узайтирилмади.
- Ўша вақт сизнинг ёшингиздаги футболчилар «Ювентус»да қанча маош олишарди?
- Турлича, лекин кўп эмасди - бир неча минг евро. Шунинг баробарида бизга керакли шароитлар яратилганди. Дейлик, уй-жой ва озиқ-овқат учун алоҳида тўланарди. Агар ўзингизни кўрсата бошласангиз, маошингизни ҳам оширишарди.
- Айтганча, Россия терма жамоасида ўйнаш бўйича ҳам таклиф олган экансиз...
- Ҳа, яна жиддий таклиф эди. Лекин бу ҳақда ўйламадим, чунки ўзим туғилиб-улғайган мамлакат миллий жамоасида ўйнашни афзал кўрдим.
- Фаолиятингизни 2014 йили тугатдингиз. Нима учун Италияда қолишга қарор қилдингиз?
- 2011 йили ҳаётим бутунлай ўзгарди, ундан маъно топдим. Кейин турмуш ўртоғимни учратдим. Шундай қилиб, аста-секин фаолиятимга нуқта қўйдим ва отам изидан боришни, яъни мураббийлик қилишни хоҳладим. Ҳаммасини болалар футболидан бошладим, кейинчалик лицензия олдим ва ҳозир 5-дивизион иштирокчиси «Виртус Купелло» жамоасини бошқаряпман. Тажриба орттиряпман, юқорига кўтарилишдан умидворман. Бу жуда қийинлиги, маҳаллий мураббийлар жуда кўплигини билсамда, ўз йўлимдан боравераман.
- Элдор Шомуродов билан шахсан танишмисиз? Шундай бўлса, унга қандайдир маслаҳат бердингизми?
- Элдорнинг Раньеридек тажрибали мураббий қўл остидаги жамоага ўтганидан хурсандман. Ўйлайманки, бу мутахассис унга нималарга қодирлигини исботлаши учун имконият беради. Ахир Элдор меҳнаткаш йигит, доимо бор кучини сарфлайди. Ўйлайманки, Раньери билан яхши тил топишади. Биз танишмиз, албатта, лекин унчалик яқин эмас. Ажойиб, камтарин йигит. Яқинда, таътил вақти Тошкентда йўлларимиз кесишди. Дарвоқе, ўғлим Элдорга мухлислик қилади, яна бир ўзбек футболчиси Италияда ўйнаётганидан фахрланади.
- Сизнингча, Россия чемпионати бугунги кунда ўзбек футболчилари учун қанчалик жозибали майдон? Хусусан, Аббос Файзуллаевнинг ЦСКАга ўтгани ҳақида қандай фикрдасиз? РПЛда яна кимларнидир кутиш мумкинми?
- Охирги йиллар ўзбекистонлик футболчиларга қизиқиш анча ортди. Нафақат ўзбекистонликлар, балки собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатлари вакилларига ҳам. Шахсий фикримча, МДҲ мамлакатлари футболчилари учун РПЛга кириш - имтиёз.
2001 йили «Спортака-демклуб» (Москва)нинг 3 нафар футболчиси - Илёс Зейтуллаев, Виктор Будянский ва Сергей Коваленко «Ювентус» билан шартнома имзолайди. Улар Туринда асосан ёшлар жамоаси учун ўйнашади, лекин мунтазам асосий таркиб машғулотларида қатнашишади. Хусусан, Илёс Зейтуллаевга «Юве»нинг асосий жамоасида дебют қилиш насиб этади. Ҳамюртимиз машҳур Марчело Липпи қўл остида Италия кубоги доирасидаги 2та учрашувда «Ювентус» шарафини ҳимоя қилганди.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар гал ЖЧ саралашида имкон қадар муносиб қатнашганига қарамай, турнирнинг финал босқичи ҳалигача мухлисларимизга орзу бўлиб қолмоқда...
Хабарингиз бор, Суперлига-2024 ҳам финиш чизиғида турибди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789