Илёс Зейтуллаев: «Шомуродов учун «Рома»да ўйнаш - шараф»

Илёс Зейтуллаев: «Шомуродов учун «Рома»да ўйнаш - шараф»

«Ювентус» ва «Женоа» клублари собиқ ярим ҳимоячиси, ҳозирда Италия­да истиқомат қилаётган ҳамюртимиз Илёс Зейтуллаев «РБ Спорт» нашрига берган интервьюсида Элдор Шомуродовнинг «Рома»даги ҳолатига муносабат билдирди.

 «Шахсий фикримча, Элдор учун «Рома»да ўйнаш - катта шараф. Унга жорий мавсумни айнан Римда якунлашни маслаҳат берардим. Ҳа, Шомуродов асосий таркиб вакили эмас, лекин майдонга тушмоқда, барибир», - деди Ўзбекистон футболининг «А» сериядаги биринчи вакили.

Илёс Зейтуллаев 2001-2014 йиллар давомида Италияда «Ювентус», «Реджина», «Кротоне», «Женоа», «Виченца», «Верона», «Пескара», Хорватияда эса «Горица» клублари шарафини ҳимоя қилган. Ангренлик ҳужумкор футболчининг Италия лигаларидаги умумий статистикаси: 144та ўйин, 13та гол. Зейтуллаев ҳисобида шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоаси либосидаги 10та ўйин бор. 2та голини эса Осиё кубоги саралашида Бангладеш ҳамда Қатар термалари дарвозасига урган. Умуман, Илёс - Европанинг кучли 5та лигасидаги биринчи вакилимиз.

- «Торино» ёки «Болонья»­га ўтиш Элдор учун пасайиш ҳисобланадими ёки ўйнаши муҳимроқ?

- Элдор «Рома»да яхши даражага кўтарилди. Такрорлайман, жорий мавсумни Римда якунлаши маъқул. Шундан кейин «Интер» ёки «Ювен­тус»га ўтиши керак аслида. Тўғри, Моуриньо футболчига умид боғлаяптими - шуни ҳам билиш керак. Бордию, мураббий «Элдор, майли, ўзинг­га янги клуб топ» қабилида гапирса, унда «Болонья» ёки «Торино»ни танласа бўлади. Ҳар ҳолда, ҳар иккиси Шомуродов учун чакки вариант эмас.

- Сизнингча, Шомуродовнинг «Рома»да Абрахам ва Белотти билан рақобатлашиши қийинми?

- Италияда «Рома»ни қўллаб-қувватлайдиган дўстларим кўп. Уларга Шомуродовнинг ўзи ҳам, ўйини ҳам жуда ёқади. Улар Элдор ҳақида ижобий фикрдалар. Дейлик, майдонга тушса, жанг қилмоқда, ҳаттоки, ҳимояга ёрдам беради. Дўст­ларим ҳам Элдорнинг нега кам ўйнаётганидан ҳайронлар. Абрахам-ку, майли, у «Челси»дан ўтди. Заньоло билан рақобатлашиши ҳам бироз қийин. Лекин Белотти ва ал Шааравидан ҳеч қанақасига кам эмас. Муҳими, Элдор камтар ва яхши инсон. Менимча, курашни охиригача давом эттириши керак.