Жорий мавсум Ла Лигада ўзига ўхшамаётган «Атлетико» бу сафар яна бир аутсайдер «Кадис» майдонидан очкосиз қайтди - 0:2.
Ваҳоланки, бу жамоа қаторасига 23та ўйиндан буён ғалаба қозонолмаётганди. Аниқроғи, «Кадис» охирги марта 2023 йилнинг 1 сентябрь куни 3 очко олганди. Диққат қилинг, «матрасчилар» охирги 9та ўйинда атиги 2та ғалаба қайд этишди. Наҳотки, Диего Симеоненинг важоҳатли жамоаси ўз қиёфасини йўқотаётган бўлса...?
*** «Мальорка» дарвозабони Предраг Райкович Европанинг кучли 5та лигасидаги фаолияти давомида 9-марта пенальтини бартараф этди. Сербиялик кипер мавсум-2019/2020дан буён «дуэл»да устун келиш бобида мутлақ пешқадам.
*** «Барселона» охирги 8та ўйинда 5та ғалаба ва 3та дуранг қайд этди. «Блауграна» охирги марта 27 январь куни «Вильярреал»га ютқазганди (3:5).
*** «Барселона» Хави бошқарувида Ла Лига ҳисобидан «Мальорка»ни 5-марта доғда қолдирди. Каталонияликлар бу даврда «Осасуна» ва «Бетис»ни айнан 5 мартадан мағлуб этишган.
*** Марк-Андре тер Штеген «Барселона» сафида юбилей - 400-ўйинини ўтказди. Испания чемпионатида легионерлардан фақат Лионель Месси (778та) ва Дани Алвеш (408та), дарвозабонлар орасида эса Виктор Вальдес (535та) ҳамда Андони Субисаррета (410та)да ўйинлар сони германиялик киперникидан кўпроқ.
*** «Атлетико» жорий мавсум Ла Лиганинг 14та сафар ўйинидан 7тасида мағлубиятга учради. «Матрасчилар» 2011 йилдан буён, яъни Диего Симеоне даврида Испания чемпионатининг дастлабки 14та сафар учрашувида бу қадар кўп мағлуб бўлмагандилар.