Иван Ракитич: «Флорентино Перес шунчаки, мақтовга лойиқ!»

Иван Ракитич: «Флорентино Перес шунчаки, мақтовга лойиқ!»

Ла Лига мухлислари ҳамон айни пайт Саудия Арабистонининг «Ал-Шабаб» клубида киссасини тўлдираётган Иван Ракитични ширин энтикиш билан эсга олишади.

Ахир хорватиялик ярим ҳимоячи «Севилья» ва «Барселона» ҳаётида ёрқин из қолдирди, Испанияда кўплаб совринлар ютди. Қизиқ, Иван Ла Лига билан хайрлашганидан сўнг Испания футболи ҳақида нима дейди? У яқинда Маrcа нашрига берган эксклюзив интервьюсида нафақат Саудиядаги янгича ҳаёти, балки испан футболининг айни ҳолати юзасидан фикр билдирди.

- Ар-Риёдга келганингизда, биринчи навбатда нима эътиборингизни алоҳида тортди?

- Футболга муҳаббат, истак ва иштиёқ. Мана, клуб базасига ҳар куни юзимда табассум билан келяпман. Одамлар билан гаплашиш асносида бу ерда нималар бўлаётганини теранроқ англашни истайман. Саудия футболи ҳақида сўз очилса, кўпчилик асосан беҳисоб пулни тилга олади. Лекин араблар футбол тараққиёти йўлида кундан-кунга нималарга қўл уришаётганини бевосита кўриш - ғоят ёқимли.

- Хўш, сизда маҳаллий футбол ўсишига ёрдам бериш масаласида қониқиш борми?

- Ҳа. Ўйлайманки, аксарият легионерлар яққол тараққиёт ортидан қандайдир ҳаяжонни ҳис қилишмоқда. Ҳар ҳолда, шахсан менда катта қониқиш барқ урмоқда. Ўзи бу ерга келишдан олдин Саудия футболини 2030 йилгача кескин ривожлантириш лойиҳаси билан танишгач, мамлакатда айнан шундай кўтаринкилик кўришни истагандим. Валиаҳд шаҳзода Саудия Арабистони қадриятларини бутун дунёга кўрсатиш ниятида ва бу иш спорт орқали амалга оширилади. Ажабмас, Саудия бора-бора спорт ва футбол оламининг марказига айланса.

- Саудия футболи ҳам ҳайратга соляптими?

- Бу ерда футбол савияси ҳали Европадагидек эмаслигини тушуниш керак, муҳими, ўсиш суръати жуда баланд. Ҳа, эҳтимолки, Ла Лигада бўлгани каби стадионга ҳар сафар футболдан завқланиш учун 40 минг мухлис тушмас, аммо кучли эҳтирос бор, барибир. Айрим кичикроқ стадионларда ҳам гўзал футбол кўриш учун улкан иштиёқ-истак яққол сезилади. Менимча, футболчи учун энг яхшиси - гўзал муҳит. Қолаверса, истеъдодли саудиялик футболчилар ҳам етарли. Биз уларга айниқса, тактик жиҳатдан ёрдам беришимиз, профессионал хилқатларни сингдиришимиз керак.

- «Ал-Шабаб» дейлик, «Барселона»дан нимаси билан фарқланади?

- «Шабаб» - катта тезликда ўсаётган клуб. Саудияда ўзига яраша тарихи бор энг қадимий жамоалардан бири. Клуб президенти саналган шаҳзода ҳамиша биз билан ҳамнафас эканлиги ҳам жуда муҳим, албатта.

- Энди Испания футболи ҳақида: «Барселона» ва «Реал» рақобатини қандай баҳолайсиз?

- Барчаси худди болаликдаги қиз дўстингизга ўхшайди. Уни йўқотмагунингизча беэътибор қараганингизни англамайсиз. «Реал» ҳаммасини аста-секин, режа асосида бажарди, аммо «Барселона» бу борада бироз шошган бўлиши мумкин. Ишончим комил, Гави ва Педри ҳали «Барса» келажагига айланишади, шунингдек, Испания миллий жамоасида ҳам катта роль бажаришади. Фақат бунинг учун сабр билан изчил ишлаш керак. Шунингдек, иқтидорларни олдига эски гвардия вакилларини қўйиш ҳам фойда келтиради. Шубҳа йўқ, «Реал»да Беллингем ва у каби йигитчалар Тони Кроос ҳамда Лука Модричдан кўп нарса ўрганишмоқда.

- Сизнингча, яқин келажакда қайси клуб ҳукмронлик ўрнатиши мумкин?

- «Реал» бир неча йиллик гегемонияни таъминлай оладиган жамоа тузишда тўғри йўлдан борди. «Мадрид»га ҳамиша катта ҳурмат билан ёндашаман, гарчи кўп йиллар давомида мен учун асосий рақиб саналган бўлсада. Хусусан, Флорентино Перес олдида шляпани ечишимиз керак. Унда аниқ режа бор, амалга ошираётган ишлари таҳсинга сазовор. Биламизки, бошқа клуб президентлари Пересни ҳар доим ҳам тўғри қабул қилишмайди. Лекин тан олиш керак, «Реал» раҳбарининг қарорларида ҳаммаси мужассам - стратегия, спорт натижалари, моддий манфаат, нуфузли футболчилар... Хуллас, Пересни алоҳида табриклаш керак.

- Жорий мавсум Ла Лигада қайси клуб чемпион бўлади, сизнингча?

- «Реал»! Бунга шубҳа йўқ.

- ЧЛ ҳақида нима дея оласиз?

- Агар «Барселона» ғолиб чиқиши ҳақида гап кетса, бунга шубҳам бор. Клуб ҳозир асосий евротурнирда ғалаба қозонадиган ҳолатда эмас.

МУҲАММАДХОН тайёрлади