Рақибимиз: Камерун термаси ҳақида нималарни биламиз?

Рақибимиз: Камерун термаси ҳақида нималарни биламиз?

Хабарингиз бор, ФИФА кунларидан фойдаланиб Жанубий Кореяда йиғин олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага Тошкент вақти билан 11:00да Африка қитъаси вакили Камерун термасига қарши майдонга тушади.

Хўш, бўлажак рақибимиз қай даражада кучли ва халқаро майдонда қандай ютуқларга эришган. Қуйида шу ҳақда маълумот берамиз.

Камерун миллий футбол жамоаси халқаро футбол турнирлари ва ўртоқлик ўйинларида Камерунни ҳимоя қилади. Бошқарув органи - Камерун футбол федерацияцси.

Камерун терма жамоаси тарихдаги энг кучли Африка жамоаларидан бири ҳисобланади. Камерунликлар  илк ўйинларини  1960 йилда Камерун мустақилликка эришгандан кейин ўтказдилар. Биринчи рақиб Жибути терма жамоаси (1970-йилларгача – Франсия Сомалиси)бўлиб, учрашувда камерунликлар 9:2 натижаси билан ғалаба қозонишди.

Орадан ўн йил ўтиб, “Енгилмас шерлар” биринчи марта аҳамиятли бўлган турнир – 1970 йилги Африка Миллатлар Кубоги финал раундига чиқишга муваффақ бўлди. Гуруҳдаги иккита ўйинда ғалаба қозониб, биттасида мағлуб бўлган Камерун терма жамоаси гуруҳдан чиқа олмади. 1972 йилда Камерунда бўлиб ўтган навбатдаги қитъа чемпионатида мезбонларга омад кулиб боқди - якуний 3-ўрин. Бироқ, 1974-1980 йиллар оралиғида камерунликлар тўртта Африка Миллатлар Кубогида қатнаша олмади.

  1980-йилларнинг бошидан Камерун терма жамоаси нафақат Африкада, балки жаҳон аренасида ҳам футбол вазнини ошира бошлади. 1982-йилда “Енгилмас шерлар” илк бор Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига йўл олишди. Камерунликлар мундиалдаги илк иштирокларида жуда муваффақиятли ўйнашди - гуруҳдаги рақибларга қарши (Италия, Полша, Перу) учта ўйин ҳам дуранг билан якунланди ва кейинги босқичга италияликларни (бўлажак жаҳон чемпионлари) фақат урилган ва ўтказиб юборилган голлар фарқига кўра ўтказиб юборди.

Шундан сўнг Африка қитъасида Камерун 6 йил давомида тўлиқ етакчи ўринни эгаллаб келди. Кетма-кет уч марта камерунликлар Африка Миллатлар Кубоги финалчисига айланишди. 1984 ва 1988 йилларда қитъа чемпионлигини қўлга киритган бўлса, 1986 йилда кумуш медальларни қўлга киритган. Айнан 1980-йилларнинг “олтин даврлари”ида Камерун футболи афсонаси “Кекса сеҳргар” Рожер Милл майдонга чиқди. Айнан у юқорида тилга олинган Африка Миллатлар Кубогида жамоа этакчиси бўлган ва кўп жиҳатдан унинг шарофати билан камерунликлар 1980-йилларда шундай юқори натижаларга эришган.

  1990 йилда Камерун терма жамоаси ўз тарихида иккинчи марта жаҳон чемпионати финал босқичига чиқди ва Италиядаги жаҳон чемпионатининг асосий сенсациячисига айланди ва жамоа етакчиси, 38 ёшли Рожер Милл жаҳон эътирофига сазовор бўлди. Гуруҳдаги биринчи ўйинда “Енгилмас шерлар” амалдаги жаҳон чемпиони – Диэго Марадонаси бор Аргентина терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этишди. Кейинги ўйинда руминияликлар мағлуб этилди - 2:1. Иккала тўп муаллифи ҳам Милл эди. Ҳал қилувчи ўйинда камерунликлар СССР терма жамоасига 0:4 ҳисобида имкониятни бой беришди бироқ, гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб 1/8 финалга йўл олишди ва у ерда Жанубий Американинг яна бир жамоаси – Карлос Валдеррама ва Рене Игуита бошчилигидаги Колумбия терма жамоасини мағлуб этишди 2:1 ва яна иккала гол муаллифи Рожер Милл. Жамоа 1/4 финалда, муросасиз курашда қўшимча дақиқаларда Англия терма жамоасига 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, камерунликлар жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиққан илк Африка терма жамоасига айланди. Ўша даврда бу жамоани россиялик мутахассис Валерий Непомняшчий бошқарган. Ундан кейинги икки мундиалда эса камерунликлар жуда мувафаққиятсиз қатнашишган.

Шунингдек Камерун терма жамоаси 2002, 2010 ва 2014 йилги жаҳон чемпионатларида ҳам иштирок этган. Бироқ, яхши ўйинга қарамай, гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалай олмаган. Шунга қарамай, камерунликлар жаҳон чемпионатининг якуний босқичларида қатнашиш бўйича Африка рекордини ўрнатган – 7 марта.

1990 йилги Жаҳон чемпионатидан 10 йил ўтиб, камерунликлар яна бир шов-шувли сенсация - Сиднейдаги Олимпия ўйинларидаги ғалаба муаллифларига айланишди. 1/4 финалда бразилияликлар 2:1 (қўшимча вақт), ярим финалда чилиликларни 2:1, финалда эса испанларни асосий ва қўшимча вақтларда 2:2 (пенальтилар бўйича 5:3) ҳисобида мағлуб этишди. 

Африка Миллатлар Кубогига келадиган бўлсак, Камерун бу совринни 1988 йилдан бери икки марта - 2000 ва 2002 йилларда қўлга киритишга муваффақ бўлган. Ушбу ғалабали турнирларнинг бош қаҳрамонлари Патрик Мбома, Самуэл ЭтъО ва Марк-Вивиэн Фо каби футболчилар бўлди. 2004 ва 2006 йилларда Камерун термаси икки марта Африка Миллатлар Кубогининг 1/4 финалига қадар етиб борган, 2008 йилда эса финалда Миср термасига 0:1 ҳисобида ютқазиб, витце-чемпионига айланган.

Камерунликлар Африка Миллатлар Кубоги ғолиби сифатида икки марта Конфедерациялар кубогида иштирок этишди. Ишонинг, 2003 йилда улар бу мусобақада бразилияликлар, турклар ва колумбияликларни мағлуб этиб, финалга чиқишга муваффақ бўлишди. Айнан ушбу Конфедерациялар кубогида фожиа юз берди - ярим финалда колумбияликлар билан ўйин вақтида терма жамоа етакчиларидан бири Марк-Вивен Фоэ майдонда ҳушини йўқотди. Ўйиндан бир неча соат ўтгач, у Лиондаги касалхонада вафот этди. Унинг ўлимга юрак хуружи сабаб бўлгани айтилган. Финалда камерунликлар фақат қўшимча дақиқаларда франсузларга имкониятни бой беришди, уларнинг ягона голи Терри Анри томонидан киритилди.

Жаҳон чемпионатидаги ишитроки

1930 - 1962 - қатнашмаган 
1966 йил - саралашдан воз кечди
1970 - 1978 - саралашдан ўта олмади
1982 йил - гуруҳ босқичи
1986 йил - саралашдан ўта олмади
1990 йил - 1/4 финал
1994 йил - гуруҳ босқичи
1998 йил - гуруҳ босқичи
2002 йил - гуруҳ босқичи
2006 йил - саралашдан ўта олмади
2010 йил - гуруҳ босқичи
2014 йил - гуруҳ босқичи
2018 йил - саралашдан ўта олмади
2022 – йўлланма олган

Жамоанинг бошқа ютуқлари
Афро-Осиё Миллатлар Кубоги - чемпион (1985)
СЕМАК (CEMAC Cup) - чемпион (2003, 2005)
УДЕАК (UDEAC Championship) - чемпион (1984, 1986, 1987, 1989)
Марказий Африка ўйинлари - чемпион (1976, 1987)
Африка ўйинлари - чемпион (1991, 1999, 2003, 2007)