Жумладан, Колумбия ва Уругвай миллий жамоалари ўртасидаги ярим финал драматик ечими билан ажралиб турди. Бунда колумбияликлар биринчи бўлим охирида ҳисобни очишди ва шу заҳоти қизил карточка ортидан бир футболчидан айрилишди. Шунга қармай, улар 1:0 натижасини финал ҳуштаги янграшигача ушлаб қолиш йўлини топишди. Бироқ ўйиннинг асосий мавзуси бошқа томонга бурилиб кетди - якунда уругвайлик футболчилар мухлислар билан муштлашишгача боришди.
Нуньес бош ролда
Уругвай термаси ҳужумчиси Дарвин Нуньеснинг оломон ичида ташлангани акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда чақмоқ тезлигида тарқалди. Бир лаҳзадан кейин сариқ либосли одам унинг юзига қандай ургани ҳам яққол кўринган. Нуньес эса стул билан мухлислар томон «учган», фақат полиция ходими унга тўсқинлик қилган. Родриго Бентанкур эса колумбияликларга шиша идиш отган, аммо у ўз жамоаси ходимига теккан. Ҳаттоки, элит секторда ҳам нимадир рўй берди: Уругвай вакили колумбиялик мухлислар қарата муз парчаси ташлади. Умуман, бутун стадионда оммавий тўқнашувлар кузатилди.
Бошланиш нуқтаси
Маълум бўлишича, колумбиялик мухлислар трибуналардан жой олган рақиб жамоа футболчилари яқинларини ҳақорат қилишган. Оддий айтганда, улар шу асносида уругвайликларни издан чиқаришга уринишган. Колумбияликлар ҳатто рақиб жамоа аъзолари яқинларига қарата турли буюмлар улоқтиришган. Дейлик, Мануэль Угартенинг онаси шифохонага ётқизилгани ҳақида ҳам хабарлар чиқди. Охир-оқибат, яқинларини ҳимоя қилишга чоғланган Нуньесга Рональд Араухо, Хосе Хименес, Федерико Вальверде ва бошқа футболчилар ҳам эргашишди. Можаро босилгач, Хосе Хименес ташкилотчиларга эътироф билдирди: «Колумбияликлар яқинларимизга ошкора хавф солишди ва уларни ҳимоялаш учун трибунага кўтарилишимиздан ўзга чора қолмади. Ташкилотчилар қаерга қарашди? Яқинларимиз икки стакан спиртли ичимлик таъсирида миясини йўқотадиган одамларга жавоб беролмасдилар. Фалокат. Трибунада полиция ходимлари жой олишмаганди. Улар ярим соатдан кейин пайдо бўлишди». Луис Суаресга эса колумбиялик футболчиларнинг хатти-ҳаракатлари сира ёқмади: «Энг ғазаблантирган томони, улар сўлакларини оқизганча ғалабани нишонлашди. Ғирт бемаънилик. Мана, биз Бразилия термасини турнирдан чиқариб юбордик ва ҳеч ким рақиб футболчилари олдида ўзини кўрсатмади. Аксинча, уларни олқишладик. Ахир биз ҳамкасблармиз ва мағлубият аламини яхши биламиз».
Расмийлар муносабати
Уругвай футбол ассоциацияси президенти Игнасио Алонсо ҳодисани футболчилар ўз яқинларини ҳимоя қилишга уринишгани билан изоҳлади: «Ота, эр ёки ака оиласи вакилларини оғир аҳволда кўрса, уларни хавфсизлигини таъминлашни ўйлайди, албатта. Бу - табиий реакция...». Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса эса матбуот анжуманида трибунадаги воқеаларни кўрмаганини, чунки финал ҳуштаги янграши билан кийиниш хонасига йўл олганини таъкидлади: «Йигитлар трибуналар томон йўл олишганида, улар мухлисларга миннатдорчилик билдиришади, деб ўйлагандим. Кейин билсам, нохуш ҳолат кузатилган экан». Аввалги матбуот анжуманида футбол ўз жозибасини тобора йўқотаётгани хусусида куйиниб гапирган аргентиналик мутахассис шунинг баробарида журналистларни мавжуд ҳолатга тўғри баҳо бермасликда айблади, жумладан, майдонлар сифатидан ҳам нолиди. У кейинчалик (3-ўрин учун ўйин арафасида) ўз жамоаси футболчиларини ҳимоя қилиш баробарида янада кескинроқ гапирди. «АҚШ - хавфсизлик мамлакати. Футболчи қанақасига ўз онаси, синглиси ва фарзандлари хавфсизлигини ўйламаслиги мумкин? Санкциялар футболчилар эмас, уларни шундай хатти-ҳаракатга мажбурлаганларга қаратилиши лозим. Шармандалик. Йўқ, мендан санкциялардан қўрқиш-қўрқмаслигим ҳақида сўраманг. Ундан кўра, ташкилотчилар биздан кечирим сўрашган-сўрашмаганига қизиқсангиз бўларди...», - деди Марсело Бьелса. КОНМЕБОЛнинг муносабати ҳам аниқ: «Майдон ёки унинг ташқарисида зўравонликка ўрин йўқ. КОНМЕБОЛ футболга таъсир кўрсатадиган ҳар қандай зўравонлик ҳаракатини кескин қоралайди». Охирги маълумотларга қараганда, Жанубий Америка футбол конфедерацияси колумбиялик мухлислар билан муштлашган уругвайлик 11 нафар футболчига нисбатан иш очди. «Қора рўйхат»да Дарвин Нуньес, Рональд Араухо, Родриго Бентанкур, Сантьяго Меле, Себастьян Касерес, Эмилиано Мартинес, Матиас Винья, Брайан Родригес, Хосе Хименес ва Факундо Пельистри бор. Айниқса, «Барселона» ҳимоячиси Рональд Араухо ва «Ливерпуль» ҳужумчиси Дарвин Нуньесга узоқ муддатли дисквалификация хавф солмоқда. Бу ишга ФИФА ҳам қўшилиши мумкин. Агар футболчиларга қўйилган айбловлар тасдиқланса, улар нафақат терма жамоалар, балки клублар миқёсидаги ўйинлардан ҳам четлатиладилар.
Жаҳонгир МИРЗО тайёрлади