Кореялик кипернинг ажабтовур «трюки»

Кореялик кипернинг ажабтовур «трюки»

14 апрель куни жаҳонда Дарвозабонлар куни нишонланди. Футболга алоқадор ҳар бир киши борки, киперлар иши мураккаблигини яхши англайди.

Қаҳрамон саноқли дақиқалар ичида омадсизга айланиши ҳеч гапмас. Баъзан посбонлар шундай «трюклар» қилишадики, уларнинг номлари йиллар ўтганидан кейин ҳам табассум билан ёдга олинади.

Шунга ўхшаш ҳолатлардан бири 6,5 йил аввал, ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кузатилган, ўшанда Ўзбекистон ва КХДР термалари майдонда куч синашишганди. Ўша тарихий воқеани яна бир бор эсласак.

Ҳар икки жамоа дарвозабонлари ғайритабиий голнинг келиб чиқишига сабабчи бўлиб қолишганди. Бунинг учун майдон ўйинчиларининг аралашувига ҳожат қолмади. Жасур Умрзоқов қаҳрамонга айланди. Ўзбекистон U-16 термаси кипери 49-дақиқада кучли зарба билан тўпни ўз жарима майдончасидан тепди. Унинг амплуа бўйича ҳамкасби Чан Пэк Хо дарвозасидан 25 узоқликка чиқиб, кейинроқ ўта ноодатий ҳаракатларни амалга оширди. Унинг қилиғини кузата туриб, бундай голни ўтказиб юбориш тасодиф бўлиши мумкинлигига ишониш мушкул. Кейинроқ Хо яна иккита тўп ўтказиб юбориб, учрашув тугашига 9 дақиқа қолганда алмаштирилди. Ўзбекистон термаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Ҳамма гап турнир сеткасида эди. Мазкур учрашув ғолиби «плей-офф»да кучли ҳисобланган Ироқ термаси билан, ютқазган томон эса камтарона Уммон жамоасига қарши ўйин ўтказиши керак эди. Хонинг ўтказиб юборган ажабтовур голидан сўнг кўплаб саволлар туғилганди, юқоридаги факт эса, уларнинг сони янада ортишига сабаб бўлди.

Мазкур воқеанинг ечими бир неча ҳафтадан сўнг, текширувлар якунланганидан сўнг топилди. Осиё футбол конфедерацияси Хо ўша голни атайин ўтказиб юборган деб топиб, дарвозабонга 1000 доллар жарима қўллаб, уни 12 ойга футболдан четлатди. Аммо жазо фақат кипернинг ўзи билан чекланмади. Айни санкция КХДР ўсмирлар термаси бош мураббийи Юн Жонг Суга нисбатан ҳам белгиланди. Ушбу мамлакат футбол ассоциациясига эса 20 минг доллар жарима ёзилиб, шартли равишда Осиё чемпионати U-19дан четлатилди. Изоҳ ҳам ажойиб: «Агар Шимолий Корея вакиллари яна ўзларини шундай тутадиган бўлишса, автоматик тарзда турнирда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади».

Ҳозир бу дарвозабонлар қаерда? Хо ҳақида маълумот топишнинг имкони топилмади (унинг аҳволи яхши деб умид қиламиз). Умрзақов эса фаолиятини давом эттирмоқда. Жасур 22 ёшда, Ўзбекистонда тўп сурмоқда. Ўтган ёзда «Андижон»ни тарк этган посбон ярим йил жамоасиз юрди, 2022 йилнинг январида эса «Бунёдкор» билан шартнома имзолади. Умрзақов янги клубида ҳозирча иккинчи дарвозабон ролини бажармоқда. Асосий таркибда тажрибали Суҳроб Султонов ўйнаяпти, 2016 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати қаҳрамони эса «заявка»га ҳам киритилмаяпти.

 А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади