Криштиану Роналду: «Қўлимдан ҳали кўп нарса келади...»

Криштиану Роналду: «Қўлимдан ҳали кўп нарса келади...»

«Ал-Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду яқиндагина YouTube тармоғида ҳам шахсий саҳифа очди ва унинг канали ишга тушиши ҳамоно рекордларни бирин-кетин янгилай бошлади.

Португалиялик юлдуз ФИФА кунларидан олдин айнан ўз каналида собиқ жамоадоши, ҳозирда BT Sport телеканали эксперти ва шарҳловчиси сифатида фаолият олиб бораётган Рио Фердинанд билан дўстона чақчақлашди. Роналду суҳбатт давомида турли масалаларга тўхталди: фаолиятининг бошланғич қисмидаги қийинчиликлар, Саудия Арабистонига кўчиб ўтиш қарори, Евро-2024 атрофида кузатилган воқеалар... Биз эса интервьюнинг энг қизиқарли парчаларини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

Саудия футболига  юзланиш қарори

- Рио, мени яхши биласан, бутун ҳаётим турли саргузаштлардан иборат. Дейлик, 11 ёшдаёқ ўз уйимни ташлаб, катта шаҳарга кўчиб ўтгандим. Шуни ҳисобга олсак, янги манзилга жойлашиш мен учун осонроқдек. Оддий айт­ганда, давлатма-давлат яшаб юриш ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган ва бу ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Очиғини айтаман, Саудия ҳаётига кўникишда ҳам қандайдир муаммо сезганим йўқ. Ҳа, дин ёки иссиқ об-ҳаво масаласида сўрашинг мумкин. Аммо ҳақиқат шуки, ер юзидаги бирор мамлакат мукаммал эмас. Шундай экан, инсон ҳаракат қилса, ҳар жойга мослаша олади. Шахсан мен Саудияда ваҳимали қийинчиликларга учраганим йўқ.

Саудия лигасига баҳо

- Ҳар қандай лиганинг ўзига хос жиҳатлари бор, барибир. Ўйлашимча, одамлар одатда билганларидан анча кўпроғини гапириб юборишади. Дейлик, энг содда кўринган чемпионатда ҳам ўзига яраша мураккабликлари бўлади. Саудия­да ўйнаётган бошқа футболчилардан сўраб кўришинг мумкин, улар ҳам миллий лига осон эмаслигини тасдиқлашади. Боз устига, Саудияда ҳаво ҳарорати анча баланд ва иссиқ шароитида кучни тенг тақсимлаш, даражани меъёрида ушлаб туриш оғир кечади. Умуман олганда, Саудия чемпионати айни пайт жуда яхши даражада ва ҳали янада ўсиши тайин. Ушбу лигага ўз хоҳишим билан бош суққаним ва унинг ривожланишига ҳисса қўшаётганимдан бағоят хурсандман.

Танқидларга муносабат

- Биласанми, кимнидир тан­қид қилишдан осони йўқ. Медиа вакиллари қандай ишлашларини яхши биламиз. Газетага нуқул ижобий фикр­лар ёзиб, уни сотолмайсан. Агар Криштиану ҳақида танқидий фикр билдирсанг, унда ишларинг юришиб кетади. Бу нормал ҳолат эканлигини ҳам тушунаман. Ахир ҳозирги кунда дунё бўйича энг кўп обуначига эга инсонман. Барчаси чиройли юзим ёки бежирим қоматим самараси эмас, албатта. Хўш, Криштиа­ну нега дунёда энг кўп обуначи тўплаган инсон? Сабаби - футбол, совринлар, голлар, ман ва шундан сўнг минглик довони сари интиламан. Албатта, тарихга 1000та гол урган футболчи сифатида киришни оҳлайман ва бунга ҳаракат қиламан. Эҳтимол, бу маррани 41 ёшда ёки эртароқ забт этарман... Аниқ вақтни билмайман. Зеро, айтганимдек, бугунги кун билан яшашга ўрганганман, шунинг баробарида жароҳатлардан қочишни хоҳлайман. Энг асосийси шу.

Фаолиятига нуқта қўйиш масаласи

- Айниқса, сўнгги йиллар ҳаётдан роҳатланиш, ҳар лаҳзани қадрлашни ўргандим. Биламан, ҳозирги ҳолатим яхши, ҳали футболда кўп ишларни бажара олишимни ҳис қиляпман. Бордию, ўзимда ишлашга нисбатан иштиёқ йўқолганини сезсам, ўша куниёқ бор нарсаларимни йиғиштириб, машғулотлар базасидан чиқиб кетаман. Ҳозирда бундай ҳолатдан анча узоқда эканлигимни яққол ҳис қилиб турибман.

Хатоларга ёндашув 

Ҳеч қачон ўзимни панага олиб қочмайман, доим шундайман. Ёшлигимдан мени яхши биласан. Дейлик, пенальтилар сериясида ўзини олиб қочадиган йигитлар тои­фасидан эмасман. Баъзилар «нуқта»га яқинлашадию, тўп тепишда камроқ ишонч сезади, буни тўғри тушунаман. Лекин Криш ҳеч қачон бундай қилмайди. Чунки муваффақиятсизликдан қўрқмайман. Одамлар нуқул футболчининг ёмон тарафини кўрсатишни ёқтирадилар. Хўп, ўйиндан гол уролмадим, ўзим хоҳлагандим, лекин ўхшамади. Хўш, бир четда қўл қовуштириб туришим керакми? Йўқ, албатта. Мухлислар мени шу хислатим учун ёқтиришади ва бу ҳам мотивация беради. Ҳеч ким мендан уларнинг меҳр­ларини тортиб ололмайди...

РОНАЛДУ 7-ЎРИНДА

FourFourTwo нашри футбол тарихидаги энг яхши пенальтичилар рейтингини тузиб чиқди. Португалия терма жамоаси ва «Ал-Наср» клуби ҳужумчиси эса 32 нафар футболчидан иборат рўйхатда 7-ўринни эгаллади. 1-ўринда - Мексика футболи афсонаси Кватемок Бланко.

1. Кватемок Бланко (Мексика)

2. Мэтт Ле Тиссье (Англия)

3. Роналд Куман (Нидерландия)

4. Марко ван Бастен (Нидерландия)

5. Роналдо (Бразилия)

6. Диего Марадона (Аргентина)

7. Криштиану Роналду (Португалия)

8. Мишель Платини (Франция)

9. Роберто Баджо (Италия)

10. Гарри Кейн (Англия)

Дарвоқе, Криштиану Роналду Европа Миллатлар Лигаси 1-туридан ўрин олган Хорватия термасига қарши ўйин (2:1)да профессионал фаолиятидаги 900-голини расмийлаштирди. У бу маррани 22 йил давомида забт этди. Хуллас, йилига ўртача ҳисобда 40,9та гол тўплади. Агар Криш шу суръатда давом этса, яна 2,5 йилдан кейин 1000та гол маррасига етиши мумкин.

 МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.