19 ёшли ярим ҳимоячи февраль ойида мамлакат терма жамоасининг Африка Миллатлар чемпионатида ғалаба қозонишида катта роль ўйнади. Шунингдек, кейинчалик U-20 жамоасини ўз тоифасидаги Африка Миллатлар кубогида зафар қучишга илҳомлантирди. Асосийси, Ламин ушбу турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Франциянинг «Мец» клуби билан шартнома тузганига ҳали кўп бўлмаган Камара энди 20 ёшли футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига ҳам умид билан қарамоқда ва сенегалликлар Аргентинадан бош соврин билан қайтишларига ишонмоқда. Профессионал футболда Кевин де Брюйне, Идрисса Гуйе ва Садио Манедан илҳом оладиган Сенегал U-20 жамоаси етакчиси ФИФА расмий сайтида берган интервьюсида бу борада дангал гапирди: «Ниҳоят, Аргентинада ўтказилиши аниқ бўлган кичик мундиалда ўз қитъамизда бежиз чемпионликка эришмаганимизни кўрсатишимиз керак. Ўйлайманки, жамоамиз бош соврин учун курашиш салоҳиятига эга».
- Қисқа вақт ичида 2та йирик турнир ғолибига айланган ва индивидуал совринларга ҳам эга чиққан Ламин Камара қанчалик узоққа боришни мўлжаллаяпти?
- Албатта, тўхташни хоҳламайман. Айни пайт вужудим ишончга тўла. Бу йил ўз олдимга юксак марраларга интилиш вазифасини қўйганман. Жумладан, Сенегал термасига жаҳоннинг энг кучли жамоалари қаторига кириш йўлида ёрдам беришим керак. Ушбу мақсадга эришиш учун ҳали ҳам жисмонан, ҳам руҳан тобланишим керак. Ўйлайманки, юқори даражали ўйинларга лойиқ бўлишга тайёрман. Ортда қолган ҳар бир учрашув ва ғалаба ҳамда совринлар таъсирида ўзимни мақсад сари яқинлашаётгандек ҳис қиляпман. Фаолиятимда бирор жиҳатга бефарқ қарамайман, ҳаммасига эътиборлиман ва қаттиқ ишлашда давом этаман. Зеро, бизни олдинда Аргентинада ўтадиган ёшлар жаҳон чемпионати кутмоқда. Мана, яқинда Сенегал футболи тарихида илк марта Африка Миллатлар кубоги чемпионига айландик ва ҳозир тўғри йўлдан кетяпмиз. Табиийки, жаҳон футболида рақобат даражаси жуда баланд, хусусан, ёшлар терма жамоалари миқёсида ҳам. Нима бўлишидан қатъий назар, халқаро майдонда Сенегал учун имкон борича жон куйдиришимиз ва одамларга биз билан фахрланишлари учун асос беришимиз керак.
- Халқаро мусобақалар бирин-кетин кетаётган паллада оғир юклама ва босимни қандай енгасиз?
- Мана, ҳозиргина Сенегал U-23 жамоасидан ҳам чақирув олдим! Ўзи Африка Миллатлар кубоги турнирига тайёргарлик жараёни бошланган пайт менда кучли чарчоқ бор эди. Лекин мамлакат учун ўйнаш бахти ҳар қандай чарчоқдан устун. Дейлик, яқиндагина Африка Миллатлар кубоги чемпионлигини нишонладик ва орадан кўп ўтмай, бошқа мусобақа ҳақида ўйлай бошладик. Бу ҳам мароқ, албатта. Фурсатдан фойдаланиб, бош мураббий Малик Даф ва турнир давомида ўз ўйинимнинг энг юқори нуқтасига чиқишимга имкон берган стратегияни амалга оширган барча-барчага миннатдорчилик билдираман. Жамоа ходимлари чиндан ҳам, етарлича дам олишим ва вақтида тикланишимга зарур шароитлар яратиб беришди. Бунда мендан фақат битта нарса талаб қилинди - мураббийлар штаби кўрсатмаларига амал қилиш.
- Сенегал охирги 13 ой ичида Африка футболининг қоқ марказига айланди. Яъни Африка Миллатлар кубоги, пляж футболи, Миллатлар чемпионати ва U-20 биринчилигида бирин-кетин ғалаба расмийлаштирилди. Ушбу изчил муваффақиятлар сири нима?
- Табиийки, бундан ҳам кўпроғини хоҳлаймиз. Қайтараман, Сенегал футболи тўғри йўлга тушиб олди ва энди суръатни пасайтирмаслигимиз керак. «Катта»ларимиз - Садио Мане авлоди бизга орзу қандай амалга оширилишини кўрсатиб берди. Яъни айнан миллий жамоа мисолида ғалаба нималиги теран англадик. Чемпионликка эришганингизда ҳаммаси зўр бўлади - одамлар бахтиёр, сиз ҳам жисмонан жуда тез тикланасиз. Бош вазифа ҳаммамизга аён - Сенегал халқига фахр туйғусини улашиш. Унутмаслик керак, ушбу олтин даврдан олдин жамоаларимиз кўплаб финалларда имкониятни бой берганди. Хусусан, 2019 йили Африка Миллатлар кубоги бош совринини аламли тарзда жазоирликларга топширдик. U-20 жамоаси эса 2015, 2017 ва 2019 йиллар қаторасига 3та финални бой берди. Муҳими, ўша мағлубиятлар барча - ўйинчилар, мураббийлар ва раҳбарлар учун ўзига хос сабоқ бўлди. Миллий ассоциация йиллар давомида катта ишларни амалга оширди ва тараққиёт учун тўғри йўналиш танлади, керакли шароитлар яратди. Энди шу ҳаракатлар самарасини амалда кўрсатишимиз шарт.
- Кейинги қадам - Аргентина майдонларида ташкиллаштириладиган U-20 тоифасидаги жаҳон чемпионати. Сенегаллик ёшлар нималарга интилмоқдалар?
- Бўлажак ЖЧга Африка чемпиони мақомида борамиз. Ҳозирги жамоа ва Африка Миллатлар кубогида намойиш этилган футбол билан кичик мундиалда ҳам нимагадир даъво қила оламиз. Ишончимиз комил, ушбу мусобақага яхши тайёргарлик кўрамиз. Ҳа, ҳозир камтарликни унутмаслик керак, лекин чўчийдиган нарсанинг ўзи йўқ.
- Айтингча, қайси юлдузлар ўйинлари сизни ўзгача илҳомлантиради?
- Аввало, Идрисса Гуйени тилга оламан - бош кумирим. Биз кўп гаплашганман. 5-рақамни олганимда ҳам, Идриссага яқинлашиш хоҳиши бор. Менга яна Федерико Вальверде ва Кевин де Брюйне ижросидаги ўйинлар ёқади.
- Идрисса Гуйени эслатдингиз. Абду Диалло эса «Твиттер»да Мамаду - Ламин Камара жуфтлигини айнан Гуйе ва Шейху Куяте ўртасида шаклланган тандемга ўхшатди. Ўша таққосни кўрдингизми?
- Ҳа. Аммо аниқлик киритиш учун айтаман, мен Гуйедан жуссалироқман, Мамаду эса Шейхудан. Албатта, катта авлод вакилларининг бизни кузатиб, қўллаб-қувватлаётганларини кўриш жуда ёқимли. Бундай таққослар бизни майдонда имконият доирасидан ҳам кўпроқ даражада ўйнашга ундайди.
- Мана, Франциянинг «Мец» клуби билан шартнома туздингиз. Айнан шу клубни танлашингиз сабабини айтсангиз...
- Гап шундаки, «Мец» олдинги клубим - «Генерацион Фут» билан узоқ йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилади. Билишимча, «Мец» раҳбарияти мени ҳам мунтазам кузатиб келган ва Африка Миллатлар чемпионатидан кейин шартнома тузиш жараёнини тезлаштирди. Нега айнан «Мец»ни танладим? Садио Маненинг Европадаги биринчи клуби бўлгани учун! Шунингдек, бу жамоада Папа Матар Сарр ҳам ўйнаган. Клуб ва Сенегал футболи ўртасида яқин алоқа мавжуд. Танловимдан хурсандман, чунки «Мец» фаолиятимни ривожлантириш учун жуда қулай клуб эканлигини биламан. U-23 тоифасидаги Африка Миллатлар кубоги саралашидан кейин Францияга йўл оламан. Ҳозирдан клуб сафида шуғулланиш онларини сабрсизлик билан кутяпман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади