Янги бош мураббий Ханс-Дитер Флик томонидан йўлга қўйилган ҳужум ҳаракатида эса шунчаки, ёрқин учқун эмас, балки олов каби кўринаётган бир йигитча бор - 17 ёшли Ламин Ямал.
Евро-2024да энг яхши ёш футболчи мақомини олган Ламин Ямал ёзги спорт формасини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда, янги мавсумни ҳам ўта самарали бошлади: илк 9та ўйинда 8та гол ёки ассист. Таққослаш учун, «Барселона» топилмаси ўтган мавсум клублар миқёсидаги турнирларда жами 2961 дақиқа ҳаракатланиб, «Гол+пас» тизими бўйича 14 очко жамғарганди (7та гол ва 7та самарали узатма). Энди эса 611 дақиқага тенг ўйин вақтида 9 балл йиғишга улгурди - 4та гол ва 5та самарали узатма.
Асосий факт шуки, Ямал 2024 йилнинг энг яхши ассистентлари рейтингида кутилмаганда, 1-ўринга чиқиб олди. Диққат қилинг, у ҳозирда кимсан Кевин де Брюйнедан олдинда. Ҳа, йил якунигача ҳали 3 ойдан кўпроқ вақт бор. Ламиннинг ҳозирги шаштини назарда тутсак, олов-болакай ҳали бу борада ўз таъқибчиларидан анча ўзиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.