ЛЕГИОНЕРЛАР: Франция элитасидаги «қалдирғочлар»

ЛЕГИОНЕРЛАР: Франция элитасидаги «қалдирғочлар»

Барча миллий чемпионатлар каби Франция олий дивизиони ҳам ўз тарихида сайерамизнинг турли мамлакатларидан келган легионерлар фаолиятига гувоҳ бўлган.

Улар орасида барча қитьа вакилларига, ҳатто Янги Дунёдан келган футболчиларга дуч келиш мумкин. Бироқ биз ўз ватанидан биринчи бўлиб Франция чемпионатида тўп сурган легионерлар ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик. Гап Лига 1 даврида фаолият юритган легионерлар хусусида кетмоқда.

Билли КЕТКЕОФОМФОН, Лаос

Лига 1даги фаолияти: 2015-2018. («Анже», 53та ўйин, 6та гол, марказий ҳужумчи).

Ота-онаси лаослик ҳужумчи Францияда туғилиб, фаолиятини «Страсбур» клубида бошлаган. Кейин Швейцариянинг «Сьон» ва Франциянинг «Тур» клубларида тўп суриб, ундан «Анже»га ўтди. Биллининг «Раймон Копа» номли стадиондаги илк мавсуми самарали бўлди, лекин кейин омадсизлик даври бошланди. 2018|19 йиллар мавсумида ҳужумчи Лига 2нинг «Осер»га йўл олди. Шундан кейин элитада тўп суриш унга насиб этмади, қисқа муддат Малайзияда ўйнади. Ҳужумчи 2021 йилда Лаос терма жамоасида дебютини нишонлаб, атиги 6 марта майдонга тушди.

Муҳаммад КАЛЛОН, Сьерра-Леоне

Лига 1даги фаолияти: 2004-2007 («Монако», 48та ўйин, 13та гол, марказий ҳужумчи).

Каллон ўз фаолиятини ватанида бошлаб, кейин Ливан ва Швейцария орқали Италияга келганди. Бир неча мавсумни ўртамиёна жамоаларда ўтказган ҳужумчини 2001 йилда «Интер» 13 млн. еврога харид қилгач, Муҳаммад Сьерра-Леоненинг энг қиммат футболчисига айланди. Италиядаги иштирокни муваффақиятли бошлаган бўлсада, кейин жароҳат олиб, асосий таркибдан тушиб қолди. Бир йил аввал ЕЧЛнинг финалига чиққан «Монако» Каллонни 5 млн. евро эвазига ўз таркибига қўшиб олди. Бироқ бу ерда ҳам узоқроқ тўп суриш унга насиб этмади. Ке­йин ҳужумчи Саудия, Греция, БАА, Хитой ва Ҳиндистон жамоаларида тўп сурди. Ҳозирда 44 ёшли Муҳаммад «Интер»да ўйнаган чоғида харид қилган «Каллон ФК» клубининг бош мураббийи.

Мариано ДИАС, Доминикан Республикаси

Лига 1даги фаолияти: 2017-2018 («Олимпик Лион», 37та ўйин, 18та гол, марказий ҳужумчи)

Франциядан ташқарида, боз устига, ўта номдор жамоа - «Реал»да тўп сурган футболчи. Мариано «қироллик клуби» билан 2 марта ЕЧЛда ғолиб чиққан ва «Лион»га айнан Мадриддан йўл олганди. Лига 1да Диас атиги бир мавсум, лекин ўта сермаҳсул ўйин кўрсатди - 34та учрашувда 18та гол. Табиийки, собиқ ҳужумчисининг сермаҳсуллиги «Реал»ни бефарқ қолдирмади ва Марианони қайтариб олди. Бироқ бунинг учун 21 млн. евродан воз кечишга мажбур бўлди. Таажжубки, Мадриддаги 5 йилни Мариано асосан захира ўриндиғида ўтказди, ўтган мавсумни «Севилья»да ўтказиб, бирорта гол ура олмади. 31 ёшли ҳужумчи ҳозир ишсиз юрибди.

Саман ГОДДОС, Эрон

Лига 1даги фаолияти: 2018-2020 («Амьен», 32та ўйин, 5та гол, ҳужумкор ярим ҳимоячи).

Саман Швециянинг Мальмё шаҳрида туғилган ва шу ерда фаолиятини бошлаган. 2017 йилда «Эстерсунд» клуби шарафини ҳимоя қилган Годдос Швеция терма жамоасида ҳам 2 марта майдонга тушган. 2018 йилда «Амьен» уни 4 млн. евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Саманнинг Лига 1даги дебюти ёрқин бошланган бўлсада, 2-даврада таркибдан четда қолди. Кейин у жароҳат олди, жамоа эса Лига 1ни тарк этди. Шундан кейин футболчи Англиянинг «Брентфорд»ига ўтиб кетди захира ўйинчиси мақомида тўп сурди. Айни паллада 30 ёшли Годдос ҳам ишсиз қолган.

Тедди ТЕУМА, Мальта

Лига 1даги фаолияти: 2023 - ҳозирги вақт­да (Реймс», 28та ўйин, 6та гол, марказий ярим ҳимоячи).

Тедди Франциянинг Тулон шаҳрида туғилиб, 25 ёшга қадар қуйи дивизионларда тўп сурган ва «Ред Стар» клуби билан Лига 2га чиққан. Кейин Тедди Бельгиянинг «Юнион» клубида тўп суриб, у билан элитага чиқди ва дебют мавсумида чемпион бўлишига озгина омад етишмади. Бундан хабардор бўлган «Реймс» Теумани 5 млн. еврога харид қилиб, туғилган юртига қайтарди. Лига 1даги Тедди рисоладагидек савияда ўтказиб, тез орада етакчилар сафига кўтарилди.

Мусо ТАМАРИ, Иордания

Лига 1даги фаолияти: 2023 - ҳозирги вақт­да («Монпелье», 28та ўйин, 5та гол, ўнг қанот вингери).

Бозор баҳоси бўйича ватандошлари ўртасида рекорд ўрнатган араб ўғлони 21га чиққанида Кипрнинг «Апоэл»клубидан жой олди. У ердаги 2 йиллик иштирокдан сўнг, Бельгиянинг «Лёвен» клуби Мусони 1 млн. евро эвазига ўз таркибига жалб этди. Ҳозирда футболчи «Монпелье»нинг бошланғич таркиб ўйинчиси, энди 27га чиққан бўлсада, Иордания терма жамоаси сафида 70тадан кўпроқ ўйин ўтказган.

Шамар НИКОЛСОН, Ямайка

Лига 1даги фаолияти: 2023-2024 («Клермон», 26та ўйин, 4та гол, марказий ҳужумчи).

Россиялик мухлисларга Москванинг «Спартак»идаги ўйинлари билан таниш бўлган ямайкалик ҳужумчи Европадаги иштирокини Словениянинг «Домжале» клубида бошлаган ва 2 мавсумни муваффақиятли ўтказган. Кейин Шамар Бельгиянинг «Шарлеруа»сида 2,5 йил тўп сургач, «Спартак» аъзосига айланди. Ўтган йил ёзида ҳужумчини «Клермон» ижарага олди, лекин кўзлаган мақсадига эриша олмади - мавсум якунида Лига 2га тушиб кетди. 27 ёшли ҳужумчи яна «Спартак»ка қайтди.

Эдгарас ЯНКАУСКАС, Литва

Лига 1даги фаолияти: 2004-2005 («Ницца», 21та ўйин, марказий ҳужумчи).

Фаолиятининг илк босқичини ЦСКА ва «Торпедо» клубларида ўтказган Эдгарас 2004 йилда «Порту» билан ЕЧЛ ғолиби бўлганди. Қизиғи, турнир давомида у доимо захирадан майдонга тушган, ярим финал ва финални эса ўриндиқда ўтказганди. Кейинчалик футболчи «Бенфика»да ўйнади, «Реал Сосьедад» ва «Брюгге» ҳам унга бегона эмас. ЕЧЛдаги зафардан кейин ҳужумчини «Ницца» ижарага олди. Бироқ футболчи етарли ўйин амалиётига эга бўлган ҳолда, гол ура олмади. кейин Эдгарас «Каунас»да, Шотландия, Латвия, Кипр ва АҚШда тўп сурди. Ниҳоят, 2011 йилда Воронежнинг «Факел»ида бутсаларини михга илди. Ҳозир 49 ёшли Янкаускас бош мураббий лавозимида Литва терма жамоасини бошқармоқда.

Жон БОСТОК, Тринидад ва Тобаго

Лига 1даги фаолияти: 2018-2019 («Тулуза», 16та ўйин, марказий ярим ҳимоячи).

16 ёшли «Кристал Пэлас тарбиланувчисини «Тотенхэм» 2 млн. еврога харид қилган бўлсада, Жон АПЛда бирор марта майдонга тушмади. «Тақачилар» уни қуйи дивизионлар жамоаларига ижарага беришдан нарига ўтмадилар. Ёш иқтидор параллел равишда ёшлар жамоаларида ҳам тўп сурди. Бироқ клуб ундан воз кечди ва Босток эркин агент мақомида «Антверпен»га йўл олди. Кейинчалик «Лёвен», «Ланс», «Бурсаспор»да тўп суриб, ниҳоят, «Тулуза» сафига қўшилди. Аввалига бошланғич таркибда ўйнаган бўлсада, кейин майдонга тушмай қўйди ва ижарага бериб юборилди. 32 ёшли футболчи ҳозир Англиянинг 5-дивизиони вакили.

Абдуқодир ҲУСАНОВ, Ўзбекистон

Лига 1даги фаолияти: 2023 - ҳозирги вақт­да («Ланс», 13та ўйин, марказий ҳимоячи)

Рўйхатимиздаги энг ёш футболчи, айни паллада мамлакатнинг истиқболи порлоқ вакили ҳисобланган Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Ҳикмат Ҳошимовнинг ўғли. Абдуқодирнинг илк трансфери 18 ёшли чоғида, Беларуснинг «Энергетик-БГУ» клуби уни «Бунёдкор»дан харид қилганида юз берган. Буни қарангки, ёш иқтидорнинг хориждаги 1 йилга ҳам етмаган самарали фаолияти ЕЧЛнинг гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритган француз клубини қизиқтириб қолди. 2022|23 йиллар мавсумини 2-ўринда якунлаган «Ланс» нуфузли турнирда муносиб қатнашиш мақсадида таркибни кучайтиришга киришганди. Ҳа, дебют мавсумида Абдуқодир мунтазам равишда майдонга тушмади. Қолаверса, жамоада шаклланган Дансо-Медина-Гради учлиги ҳимояда ишончли ўйин кўрсатмоқда. Ўзбекнинг дастлабки ўғлони бўлмиш ҳамюртимиз эса учликнинг исталган аъзоси ўрнини тўлдиришга доимо тайёр.

Валентен РОБЕРЖ, Кипр

Лига 1даги фаолияти: 2014-2015 («Реймс», 11та ўйин, марказий ҳимоячи).

Робержнинг фаолияти Францияда, жумладан, «ПСЖ»нинг захира жамоасида бошланган. Кейин «Маритиму»даги ўртамиёна иштирок унга «Сандерленд» эшикларини очди. Лекин АПЛдаги 2 мавсум давомида атиги 15 марта майдонга тушди. Шу боис, 2014 йилда ҳимоячи «Реймс»га ижарага берилди. Лекин ҳимоячи Лига 1даги вақтини ҳам асосан захира ўриндиғида ўтказди. Ҳозир 37 ёшли футболчи Ларнаканинг «АЕК» клубида ўйнамоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади