Лауреатлар: Казадеидан тарихий итальянча шоу

Лауреатлар: Казадеидан тарихий итальянча шоу

U-20 ТОИФАСИДАГИ ЖЧ-2023 ЯКУНИ.

«Олтин тўп» ҳам, «Олтин бутса» ҳам еврофутбол вакилида. 1977 йили йўлга қўйилган 20 ёш чегарасидаги кичик мундиал футбол оламига кўплаб бўлажак катта юлдузларни тортиқ этгани ҳақида кўп гапирилган. Мана, бу йил Аргентинада ташкиллаштирилган ёшлар ўртасидаги ЖЧ Уругвай терма жамоаси ғалабаси билан хотима топди. Қизиғи, бу сафар турнирнинг асосий индивидуал совринлари чемпион жамоа вакиллари эмас, балки финалчи - Италия термаси аъзоларига насиб этди: «Олтин қўлқоп» (энг яхши дарвозабон) - Себастьяно Депланш, «Олтин тўп» (энг яхши футболчи) ва «Олтин бутса» (энг яхши тўпурар, 7та гол) - Чезаре Казадеи.  Икки номинацияда ғолиб чиққан йигитча аслида ҳуқуқий жиҳатдан «Челси»га тегишли, лекин охирги мавсумни ижара келишуви асосида «Рединг»да ўтказди. Асосий факт шуки, Казадеи ёшлар мундиалида 2та асосий шахсий совринни ўзиники қилган европалик дастлабки футболчи бўлди - италиялик ярим ҳимоячидан тарихий натижа. Умуман олганда, Чезаредан олдин турнирда атиги 6 нафар ёш иқтидор шундай «олтин дубль» қайд этганди. Жумладан, Жанубий Америка вакиллари 5 марта катта натижага эришган бўлсалар, бир сафар африкалик футболчи ўзини кўрсатган. Хўш, ёшлар ўртасидаги ЖЧда «олтин дубль» расмийлаштирган йигитларнинг кейинги фаолияти қандай ривожланди?

1). ЖЧ-83 - Жеовани (Бразилия)

Бразилиялик умидбахш иқтидор бунга қадар 1981 йили ўтказилган 20 ёшлилар мундиалига ҳам йўл олган, лекин майдонга тушмаганди. 2 йилдан кейин эса мусобақа доирасидаги барча ўйинларда ҳаракатланган Жеовани финалда Бразилия термасига ғалаба келтирган гол муаллифига айланади. Шу тариқа бразилияликлар ёшлар мундиалида илк чемпионликни нишонлашади. Жеовани эса 6та гол билан «Олтин бутса» соҳибига айланади, қўшимчасига «Олтин тўп» совринини ҳам унга топширишади. Таажжубли томони, Жеовани ярим ҳимояда ўйнаш асносида қўшалоқ соврин соҳиби бўлганди. Бинобарин, унга қадар Бразилия футболида асосан ҳужум вакиллари индивидуал соврин ютишарди. Қолаверса, Жео­вани техник салоҳият ва тезлик бобида ортиқча мақтанолмасди. Муҳими, у майдонни кўриш ва ҳар қандай олис масофага тўпни аниқ етказиб бериш қобилияти билан бразилиялик одатий иқтидорлардан ажралиб турарди. Жеовани кейинчалик «Васко да Гама» клуби афсоналари қаторига қўшилди. Ҳар ҳолда, 408та расмий ўйин ва 49та гол - жиддий статистика. У шунингдек, Европада «Болонья» ва «Карлсруэ» каби ўртамиёна клублар шарафини ҳам ҳимоя қилади маълум муддат. 2002 йили эса U-20 мундиалининг дастлабки «олтин дубл»чиси футболчилик фаолиятига нуқта қўяди. Жеовани бунга қадар бир қатор совринларга эга чиқади. Жумладан, 1989 йили Бразилия чемпиони бўлиш баробарида Америка кубогида зафар қучади. Яна бир факт: Жеовани - Рио-де-Жанейро штати чемпионатининг 5 карра ғолиби.

2). ЖЧ-2001 - Хавьер Савиола (Аргентина)

Кейинчалик «қуёнча» лақаби билан танилган митти ҳужумчининг футбол осмонидаги юриши айнан 2001 йили бошланган эди. Хавьер ўшанда Аргентина ёшлар терма жамоасининг кичик мундиалда зафар қучишида бош ролни бажаради. Ёш «альбиселестлар» ҳал қилувчи баҳсда Гана термасини маҳв этган бўлсалар, тезкор ҳужумчи турнир давомида 11та гол уриб, ҳанузгача янгиланмаётган рекорд ўрнатганди. Аргентиналик голеадорча жумладан, 2та ўйинда «хет-трик» ва яна 2тасида «дубл»га эришади. Ёшлар мундиалида Савиола рекордига энг яқин кўрсаткич 18 йилдан кейин Эрлинг Холанд томонидан қайд этилди. Норвегиялик ҳужумчи ЖЧ-2019 (2021 йил)ни 9та гол билан якунланди. Хавьернинг кейинги фаолиятига келсак, ЖЧ-2001даги муваффақият юксак парвозларга уланади. Дейлик, Савиола 36 млн. евро эвазига «Ривер Плейт»дан «Барселона»га ўтиб, Каталонияда 4 мавсум ўйнайди ва жами 72та гол муаллифига айланади. Кейин қўққисдан «Барса»нинг азалий рақиби - «Реал» сафидан жой олади. У шунингдек, «Севилья», «Малага», «Бенфика», «Монако», «Олимпиакос» ва «Верона» каби клубларда тўп суради, якунда фаолиятини якунлаш арафасида қадрдон жамоаси -  «Ривер Плейт»га қайтади. Савиола 2016 йили яшил майдон билан хайрлашган бўлсада, профессионал спортдан кўнгил узолмайди яна маълум муддат. Аниқроғи, Андоррада бир неча йил давомида футзалчи сифатида фаолият юритади.

3). ЖЧ-2005 - Лионель Месси (Аргентина)

Лео 2005 йили Аргентина ёшлар терма жамоасини шоҳсупа сари етаклаш асносида илк марта кўзга ташланади катта доирада. Энг қизиғи, ўшанда ҳам жаҳон миқёсидаги мусобақа Қатар мундиали сценарийси бўйича кечганди: «альбиселестлар» гуруҳ босқичига мағлубият билан киришиб, кейин қолган барча учрашувларда ғалаба нашидасини суришганди. Месси эса Нигерия термасига қарши кечган финал баҳсида «дубль» расмийлаштириш асносида жами голлари сонини 6тага етказганча «Олтин бутса»га эга чиқади. Табиийки, «Олтин тўп» ҳам финалда 2та гол урган йигитга топширилганди. Шундан кейин Леони миллий жамоанинг ўртоқлик учрашувларига жалб эта бошлашади. Ғаройиб далил: Месси мамлакат бош жамоаси сафидаги дастлабки ўйинида 1 дақиқадан кейиноқ «қизил» олиб, майдондан чиқиб кетади. Мана, шунинг ортидан бутун бир ажиб тарих юзага келди: 7та «Олтин тўп», «Барселона» билан турли-туман совринлар ва рекордлар коллекцияси, «ПСЖ»га ўтиш, Аргентина термасида узоқ кутилган зафарлар - Америка кубоги, финалиссима ва ЖЧ. Месси шундай мегамаҳсулдор фаолиятдан кейин MLSни забт этиш мақсадидами ёки бошқа ниятда, ҳар ҳолда, камтарин «Интер Майами»га равона бўлди.

4). ЖЧ-2007 - Серхио Агуэро (Аргентина)

Агуэро худди Жеовани каби 2та ёшлар мундиалида иштирок этган. Ёш Серхио 2005 йили Месси «соя»сида қолиб кетган бўлса, кейинги турнирда жамоасининг бош юлдузи мақомида аргентиналикларга қаторасига иккинчи олтин финишни тортиқ этади. «Кун» ўша жаҳон биринчилигида 6та гол урганди. Эътиборли томони, Аргентина U-20 термаси шундан буён ўз тоифасидаги мундиалда чемпионликка эришолмаяпти. Айтиш жоиз, Агуэро ўзи учун иккинчи ЖЧга «Атлетико» футболчиси сифатида борганди. У «матрасчилар» либосида бир неча йил сермаҳсул ўйнаганидан кейин «Манчестер Сити» сафига қўшилди. Асосийси, аргентиналик ҳужумчи Англияда футбол тарихидаги энг афсонавий голлардан бирини уриб, «шаҳарликлар»га узоқ кутилган чемпионликни келтирди. Умуман, Серхио Манчестердаги 10 йил давомида клуб афсонаси ва энг яхши тўпурарига айланди. Кейин «Барселона»га ўтдию, саломатлиги панд берди ва Аргентина миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлиш бахтидан ҳам мосуво қолди. Боз устига, унга Каталония суперклубида қандайдир сов­рин ютиш насиб этмади. Афсонавий голеадор эндиликда Жерар Пике лойиҳаси - «Қироллик лигаси»да ўз жамоасини бошқармоқда.

­ЖЧ-2009 - Доминик Адийя (Гана)

2009 йилги ёшлар мундиалида Гана термаси сенсацион тарзда шоҳсупага кўтарилди. Африка футболи вакили финал ўйинида Дуглас Коста ва Жулианодек иқтидорларга эга Бразилия ёшлар термасини маҳв этганди. Ёш «қора марваридлар» бош юлдузи Доминик Адийя эса 8та гол урган ҳолда, «Олтин тўп» ва «Олтин бутса» соҳибига айланди. Доминик «Фейеноорд»нинг Ганадаги академиясида таҳсил олгач, 2008 йили «Фредрикстад» (Норвегия) таркибидан жой олганди. 2010 йили эса Гана миллий жамоаси билан ЖЧга йўл олди, фақат вақтни асосан захирада ўтказди. Лекин биргина ҳаракати бутун фаолиятини ўзгартириб юборди: Уругвай термасига қарши кечган чорак финал баҳсида захирадан майдонга тушган Адийя шундай ажойиб зарба йўлладики, фақат Луис Суареснинг қўллари ганаликларни ярим финал йўлланмасидан қуруқ қолдирди. ЖАР мундиалидан кейин ганалик футболчи «Милан» билан шартнома тузди, аммо жамоада ўз ўрнини тополмади, «Реджина» ва «Партизан»даги ижара муддатлари ҳам самара келтирмади. 2012 йилда эса Киевнинг «Арсенал» жамоасида фаолият юритди, кейин Қозоғистон ва Таиланд клубларигача чекинди. 2021 йилга келиб эса Адийя ишсиз қолди.

6). ЖЧ-2011 - Энрике Алмейда (Бразилия)

U-20 тоифасидаги ЖЧ-2011га Бразилия ёшлар термаси сафида Каземиро, Оскар, Алекс Сандро, Филиппе Коутиньо ва Виллиан каби бўлажак афсоналар йўл олган бўлсаларда, айнан Энрике Алмейда ҳаммани «соя»да қолдириб кетди. Аниқроқ айтсак, мундиалда 5та гол урган ҳужумчи «Олтин тўп»ни қўлга киритди ва «Олтин бутса» учун курашда франциялик Александр Лаказетт билан тенг кўрсаткичга эришди. Табиийки, Энрике муваффақиятли турнир таъсирида топ-клублар радарига тушди. Ўзининг айтишича, «Порту», «Реал» ва «Ювентус» қизиқишига  қарамай, амалда камтарин «КПР» либосини кийишга яқин келганди. Бироқ «Сан-Паулу»даги ички муаммолар ортидан мазкур келишув ҳам амалга ошмай қолди ва Алмейда бир амаллаб «Гранада»га ўтди - ижара. Лекин бу уриниши самара бермади ва ҳужумчи олдида Бразилия­га қайтишдан ўзга чора қолмади. 2013 йилга келиб, футболчи «Ботафого»да кўриниш берди, «Реал» ўринбосарлар жамоаси таклифини қабул қилишига эса Бразилия футбол конфедерацияси қарши чиқди. Гап шундаки, «Ботафого» солиқ тўловларига оид муаммолар туфайли халқаро трансферлар амалиётидан маҳрум этилганди. Умуман, Энрике 2017 йилгача Бразилияда тўп сурди, қисқа вақтда бир неча марта клуб алмаштирди ва ниҳоят, «кўҳна қитъа»га юзланди. Бироқ топ-клублар эмас, Туркия чемпионати Иккинчи дивизиони вакили «Гиресунспор» ва «Белененсеш» (Португалия)да тўп суриш билан чекланди. Ҳозир эса Алмейда ўз мамлакатида, «Америка Минейро» жамоасида фаолиятини сокингина ниҳоясига етказмоқда.

 С.РАҲМОНОВ тайёрлади