Легионерларимиз БИРИНЧИСИ - САМАРАСИЗ

Легионерларимиз  БИРИНЧИСИ - САМАРАСИЗ

ОЧЛ гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган «Ульсан Хюндай» - «Патхум Юнайтед» («I» квартети) ўйинида мезбонлар 3:1 ҳисобида устун келди.

Меҳмон жамоа сафидаги ҳужумчимиз Игорь Сергеев Ж.Кореяда ўтган ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди. Ҳамюртимиз «Патхум»нинг энг фаол футболчиларидан бири бўлди, аммо на гол урди на ассистент ролини бажарди. Маълумот учун, ОЧЛда жами 15та гол урган Игорь Сергеев айни пайт ушбу турнирнинг ўзбекистонлик энг яхши тўпурари Анвар Солиев рекорди («Пахтакор» ва «Бунёдкор» учун 16та гол)га хавф солмоқда. Кейинги ўринларда Темурхўжа Абдухолиқов, Марат Бикмаев ва Зайниддин Тожиев (13тадан гол) боришмоқда.

Айтганча, олдинроқ Таиланд чемпионати 4-тури доирасидаги «Патхум Юнайтед» - «Муангтон Юнайтед» ўйини ноқулай об-ҳаво туфайли номаълум муддатга қолдирилганди.   

---------------------------------------------------------

«ТЕРЕНГГАНУ» ЯРИМ ФИНАЛГА ЯҚИН

«Теренггану» клуби Малайзия кубоги 1/4 финали биринчи учрашувида «Селангор»ни 2:0 ҳисобида доғда қолдириб, кейинги раунд­да катта қадам ташлади. Жамоа ярим ҳимоячиси Нурилло Тўхтасинов мазкур ўйин бошидан охиригача майдонда бўлди ва 22-дақиқада сариқ карточка олиш асносида протоколга тушди. Яна бир легионеримиз Сардор Қулматов эса қайдномадан четда қолди. 

---------------------------------------------------------

МУТЛАҚ ЎРИНЛИ ЭЪТИРОФ

РПЛ 8-туридан ўрин олган ЦСКА - «Крилья Советов» ўйини (2:2) иккинчи бўлимида майдонга тушиб, барчасини ўзгартириб юборган ва якунда голга ассистентлик қилган Аббос Файзуллаев учрашувнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилганди. Энди Россиянинг турли нашрлари ҳамюртимизни тур рамзий жамоасига киритмоқда. Жумладан, Аббос «Матч Премьер» телеканали обуначилари ўртасида ўтказилган сўров натижасига кўра, топ-11га кирди. Sovsport.ru сайти эса «Рустат» тақдим этган статистик маълумотлар асосида тузган рамзий терма жамоа чап қанотига айнан Файзуллаевни қўйди. «Рамзий жамоанинг чап қанотига жойлаштирилгани - ўзбек футболчиси учун аванс. РПЛга ҳали тўлиқ мослашмаган футболчи «Крилья Советов»га қарши ўйинда ЦСКАнинг хавфли ҳужумларида қатнашди ва жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди. Ўйин «армиячилар» ёзда сифатли ҳужумкор ижрочи олишганини кўрсатди. Файзуллаевнинг рақиб жарима майдони томон узатмалари 100 фоиз аниқ чиқди, у ҳужумда 75 фоиз яккама-якка курашни ўз фойдасига ҳал қилди. Қисқаси, Россияда ҳали ном қозонмаган йигит учун зўр ўйин», - дея изоҳлади sovsport.ru сайти журналисти Андрей Тупиков футболчимиз номзодини. Шунингдек, football.kulichki.net  сайти ҳам Аббосни тур қаҳрамонлари қаторида эътироф этди: «Рамзий жамоанинг чап қанот ярим ҳимоясига яна бир «жокер» қўйилди - Аббос Файзуллаев. ЦСКА футболчилари «Крилья Советов» билан ўйиннинг биринчи бўлимини жуда бўш ўтказишди. Иккинчи  45 дақиқалик бошида майдонга тушган Файзуллаев эса жамоасининг олдинги чизиқдаги ҳаракатини тубдан ўзгартириб юборди. У Ломаев дарвозасига 3та зарба йўллади - бу ЦСКАдаги иккинчи кўрсаткич. Аббос яна 3та кескин узатмани амалга оширди - буниси жамоадаги энг яхши натижа. Ўзбекистонлик футболчи гол уриши ҳам мумкин эди, фақат ноқулай вазиятда йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Муҳими, Файзуллаев ўз ҳисобига муҳим ассист ёздириб қўйди». 

Россия миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Борис Игнатьев эса «Спорт-экпресс» нашрига берган интервьюсида Аббос Файзуллаев салоҳиятига юқори баҳо берди: «Бу йигитнинг ўйини жуда ёқди. У майдонда бегонасирагани йўқ. Кўплаб янги футболчилар картинани бузиб қўйишдан чўчиб, ўйинга киришолмайдилар. Ўзбек футболчиси эса ёш бўлишига қарамай, масъулиятни ўзига олишдан қўрқмади. У асосий таркибдан ўзига жой очяпти. Энг муҳими, ЦСКАда анчадан буён ўйнаётгандек таассурот уйғотди. Жуда зўр трансфер!»