ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Абдухолиқов ва Умаров Қозоғистон чемпиони!

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Абдухолиқов ва Умаров Қозоғистон чемпиони!

Италия. «Кальяри» «А» серия 9-турида «Салернитана» меҳмони бўлиб, мавсумдаги илк ғалабага яқин келди.

Бироқ сўнгги дақиқада белгилаган пенальти туфайли дуранг натижага рози бўлди - 2:2. Муҳими, 84-дақиқада майдонга тушган Элдор Шомуродов Сардиния клубининг расмий ўйинида илк самарали ҳаракатни амалга оширди. Ҳамюртимиз 88-дақиқада «Кальяри»нинг иккинчи голида ассист ролини бажарди. Ўйиндан олдин Италиянинг кўплаб спорт нашрларида Элдор Шомуродовнинг қишдаёқ «Кальяри»дан кетиши тахмин қилинганди. Эҳтимол, биринчи самарали ҳаракат вазиятни бутунлай ўзгартирар...

Қозоғистон. «Ордабаси» финишга 1та тур қолганида, «Шахтёр»ни 3:1 ҳисобида енгиш асносида ўз тарихида илк марта мамлакат чемпиони бўлди. «Олтин ўйин»да ярим ҳимоячи Шаҳбоз Умаров жамоасининг 2-голини ўз ҳисобига ёздириб қўйди ва жароҳат туфайли 20-дақиқада ўрнини Бобур Абдухолиқовгабўшатиб берди. Икки легионерларимизнинг жорий чемпионатдаги статистикаси: Бобур Абдухолиқов - 24та ўйин, 7та гол ва 3та ассист, Шаҳбоз Умаров - 21та ўйин, 3та гол ва 1та ассист.

Россия. Аббос Файзуллаев ЦСКА иштирокидаги ўйинларда қаторасига 3-марта энг яхши футболчига аталган соврин соҳибига айланди. Чунончи, ҳамюртимиз РПЛ 12-туридан ўрин олган «Рубин»га қарши сафар ўйини- (0:0)да рақиб ҳимоячиларига асло тинчлик бермади. Креатив футболчимиз чиройли гол ҳам урди, аммо клубдоши ўйиндан ташқари ҳолатда қолгани туфайли у ҳисобга олинмади. Қолаверса, Аббоснинг яна бир кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза устунидан қайтди. «Рубин» вакиллари Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев шу куни захирада қолишди. Шунингдек, Иброҳимхалил Йўлдошев ва Руслан Жиянов ҳам «НН Пари»»­нинг «Спартак» билан ўйини (0:2)да иштирок этишмади. Маълумотларга қараганда, Иброҳимхалил гриппдан даволаниб, жамоа ихтиёрига кечроқ етиб борган ва Москва сафарига бормаган. Умуман, футболчимизнинг бош мураббий Сергей Юран билан муносабати унча яхши эмас ва катта эҳтимолки, қишда «НН Пари»дан кетади.

Малайзия. Нурилло Тўхтасиновнинг клуби - «Теренггану» мамлакат кубоги ярим финали дастлабки ўйинида «Куала-Лумпур» майдонида ғалаба қозонди. 2:1 ҳисобида якунланган учрашувда жамоанинг биринчи голига айнан ҳамюртимиз ассистентлик қилди.

Греция. Миллий жамоамиз етакчиларидан бири Жалолиддин Машарипов ниҳоят, Грецияга етиб борди ва янги клуби - «Пансерраи­кос» сафида машғулот бошлади. Кутилишича, ҳамюртимиз 29 октябрь кунига белгиланган «Панатинаикос»га қарши баҳсда Юнонис­тондаги дебютини нишонлайди. «Пансерраикос» эса Греция чемпионати 8-турида «Арис» билан тўқнашиб, қўшиб берилган дақиқаларнинг сўнгги сониясида қўйиб юборилган гол туфайли мағлубиятни тан олди. Машарипов мазкур ўйинни стадионда кузатди. Маълумот учун, «Пансерраикос» айни пайт турнир жадвалида 9 очко билан 8-ўринда бормоқда.

Туркия.  Суперлига 9-туридан ўрин олган «Қайсариспор» - «Ризеспор» ўйинида  3:1 ҳисоби қайд этилди. Мазкур баҳсда меҳмон жамоа ҳимоячиси Ҳусниддин Алиқулов охирги 13 дақиқа давомида ҳаракатланди.

Франция. «Ланс» Лига 1 9-тури доирасида «Гавр» майдонига сафар уюштирди. «Стад Океан» аренасида бўлиб ўтган ва «Ланс» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов иштирок этмаган баҳсда ҳисоб очилгани йўқ. 

БАА. «Шабаб Ал-Аҳли» Лига кубоги ўйинида «Ал-Васл»га имкониятни бой берди - 2:3. Ваҳоланки, Азиз Ғаниев жамоаси 81-дақиқада ҳам ҳисобда олдинда бораётганди. Ўйиндаги биринчи голни айнан ҳамюртимиз ўзига хос кучли зарбаси билан урганини ва тўлиқ 90 дақиқа тўп сурганини ҳам айтиш ўринли.