Легионерларимиз: Бобур яна Беларусь лигаси рамзий жамоасида, Ислом ҳам Қатарда...

Легионерларимиз:  Бобур яна  Беларусь лигаси рамзий жамоасида, Ислом ҳам Қатарда...

Италия. Ҳамюртимиз Элдор Шомуродов «Рома»нинг «Ницца»га қарши кечган навбатдаги назорат ўйини 1-дақиқасидаёқ гол урди, аммо «офсайд» ҳолатидан.

Умуман, Жозе Моуриньо бу сафар терма жамоамиз ҳужумчисига танаффусгача имкон берди. Натижага келсак, томонлар якунда 1:1 ҳисобига рози бўлишди. Дарвоқе, яқинда «Рома» сафига қўшилган Пауло Дибала легионеримизнинг «Инстаграм»даги саҳифасига ёзилди. Айтиш жоиз, аргентиналик юлдуз ушбу ижтимоий тармоқда чамаси 50 миллион обуначига эга.

Россия. РПЛ 2-туридан ўрин олган «Химки» — «Пари НН» ўйини 3:0 ҳисобида якунланди. Аллақачон Нижний Новгород жамоасининг асосий ҳимоячиларидан бирига айланган Иброҳимхалил Йўлдошев ушбу омадсиз баҳсда негадир атиги 75-дақиқада майдонга туширилди. «Торпедо» эса «Москва дербиси»да Ҳожимат Эркиновсиз ўйнаб, «Динамо»дан жавобсиз 4та гол қабул қилиб олди. «Спартак» вакили Остон Ўруновга келсак, унга Эрон чемпиони - «Истиқлол» томонидан қизиқиш бор. Бироқ 21 ёшли ярим ҳимоячининг форслар юртига йўл олишига йирик маоши («Спартак»да йилига 600 минг евро олади) тўсқинлик қилиши мумкин. 

Малайзия. Мамлакат кубоги чорак финал ўйини Шерзод Файзиев ва «Сри Паханг» клуби учун омадсиз келди. Ҳамюртимиз майдонда тўлиқ вақт ҳаракатланди, аммо «Паханг» 2:5 ҳисобида енгилиб, ярим финал йўлланмасини «Пенанг»га бой берди.

Қозоғистон. «Ордабаси» мамлакат кубоги гуруҳ босқичи 3-турида «Атирау» меҳмони бўлиб, 4:1 ҳисобида зафар қучди. Шимкент жамоаси ҳимоячиси Одил Абдумажидов доимгидек, бошланғич таркибдан жой олган бўлса, Шаҳбоз Умаров 71-дақиқада майдонга тушди ва 1та голга ассистентлик қилди. Игорь Сергеев эса «Тобол»нинг ЕКЛ саралаши иккинчи раундида «Линкольн»га қарши кечган ўйини (2:0)да 63-дақиқагача тиним билмади.

Беларусь. Мамлакат Олий лигаси биринчи даврасининг рамзий терма жамоаси аниқланди. Элит жамоага биринчи даврада «Энергетик-БГУ»нинг 14та ўйинида 14та гол урган ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқов ҳам киритилди. 

С.Арабистони. Жалолиддин Машарипов «Ал-Наср»нинг Испанияда ташкиллаштирилган йиғинида иштирок этмоқда. Руди Гарсия бошқарувидаги жамоа у ерда «Лас-Пальмас», «Сарагоса», «Малага» ва «Кадис» билан куч синашиб кўради.

Қатар. «Қизилқум»нинг 32 ёшли ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев фаолияти ҳам худди сардор Рашидовдек Дохада легионер мақомида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Фарғоналик футболчи Қатарнинг «Ал-Ғарафа» клуби билан 1 йиллик шартнома (тахминан 500 минг доллар атрофидаги йиллик маош)имзолади.Айтганча,  «Ал-Ғарафа» ўтган мавсум Қатар Юлдузлар лигасида 5-ўринни эгаллаган.