ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Машариповга «Трабзонспор» даъвогар

ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Машариповга «Трабзонспор» даъвогар

Россия. «Пари НН» РПЛ 4-турида «Ахмат» клубини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида устун келди.

Бироқ Нижний Новгород жамоаси сафидаги легионерларимиз - Иброҳимхалил Йўлдошев ва Руслан Жиянов бу учрашувда майдонга тушишгани йўқ. «Пари НН» бундан олдин Россия кубоги гуруҳ босқичида «Спартак»ка 4:5 ҳисобида ютқазган ва Руслан Жиянов 79-дақиқада захирадан тушиш асносида янги клубида дебют қилганди. У ўша учрашувда сариқ карточка олишга ҳам улгурди. Иброҳимхалил эса кубок баҳсида ҳам четда қолганди. ЦСКА эса ўз майдонида «Сочи»дан 3 очко тортиб олишда айтарли қийналмади - 3:1. «армиячилар» сафига яқинда қўшилган Аббос Файзуллаев бу учрашувда ҳам захирада қолди. Ҳамюртимиз ҳафта ўртасида бўлган ва «ҳарбийлар»нинг 0:2 кўринишидаги мағлубиятлари билан тугаган ЦСКА - «Факел» ўйини (Россия кубоги)ни ҳам захирадан кузатганди. Чемпионат ўйинидан сўнг ЦСКА бош мураббийи Владимир Федотов легионеримизнинг нега ўйнамаётгани хусусида берилган саволга ҳам жавоб қайтарди: «Файзуллаев тайёрланиш жараёнини ўтаяпти. 10 кун қаттиқ шуғулланди. Одатда шундай: бошида ҳар қандай юкламани кўтариш қийин. Масалан, ҳамма биринчи кроссни эсласа керак: 500 метр ўрнига 1,5 километрни босиб ўтасиз. Ўша пайт ҳеч нарса сезилмайди, эртасига эса бутун танангиз оғрийди. Худди мана шу ҳолат тайёргарликсиз ишлашдир...». Аббоснинг ўзи эса «РБ Спорт» нашрига берган интервьюсида ЦСКА асосий таркибидан жой олиш учун курашишга тайёрлигини таъкидлади: «Шундай жамоа сафига қўшилганимдан хурсанд­ман. Келишдан олдин кўпчилик билан маслаҳатлашдим. Дейлик, Шомуродов ва яқинларимнинг фикрларига қизиқдим. Элдор ижобий аслаҳат берди. Ўйлайманки, ЦСКАда рақобатлашишга тайёрман. Асосий таркиб учун курашаман, албатта». «Рубин» аксинча, «Ростов» майдонида жавобсиз 3та гол қўйиб юборди. Ушбу омадсиз баҳсда Қозон клубидаги ҳар икки легионеримиз - Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев тўлиқ вақт ҳаракатланишди. Умарали 38-дақиқада сариқ карточка ҳам «ишлади». «Рубин» бундан олдин Рустам Ашурматов тўлиқ вақт, Умарали Раҳмоналиев эса 70 дақиқа тўп сурган кубок доирасидаги ўйинда «Локомотив»га 0:1 ҳисобида ютқазганди. 

Туркия. Янги мавсум Отабек Шукуров жамоаси - «Фотиҳ Қорагюмрюк» учун омадсиз бошланди. Суперлига-2022/2023да чакки таассурот қолдирмаган камтарин жамоа чемпионат стартида «Бешиктош»га қарши майдонга тушди ва 85-дақиқада қўйиб юборилган гол туфайли аламли мағлубиятни тан олди. Шукуровга келсак, ҳамюртимиз учрашувга айнан шу голдан кейин, яъни 87-дақиқада қўшилди. Ҳусниддин Алиқулов ҳам Туркия чемпионатидаги деб­ютида жамоаси билан мағлубиятни тан олди. Боз устига, «Ризеспор» сафини тўлдирган ҳимоячимиз «Адана»га қарши сафар ўйинининг 66-дақиқасида жароҳатланди ва ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. «Ризеспор» якунда, 90+1-дақиқада гол қўйиб юборди - 1:2. Айтганча, 24 ёшли ҳамюртимиз турк клубида 2-рақамни танлади.

Қозоғистон. ҚПЛ турнир жадвали пешқадами «Ордабаси» 19-тур ўйинини «Қайсар» майдонида ўтказиб, катта қийинчилик эвазига 3 очко  олди - 3:2. Шимкент клуби ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Умаров майдонга тушмаган бўлса, ҳужумчи Бобур Абдухолиқов 61-дақиқада захирадан ўйинга қўшилиб, орадан кўп ўтмай, ғалаба голига ассистентлик қилди. Шу тариқа «Ордабаси» очколари сонини 45тага етказиб, пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлади. Яқин таъқибчилар - «Актобе» ва «Астана» ҳисобида 39тадан очко бор. 

Франция. «Ланс» Лига 1 стартида «Брест» меҳмони бўлиб, аввалига 2та гол урди, аммо якунда ортга очкосиз қайтди - 2:3. Кўпчилик бу ўйинда Абдуқодир Ҳусанов «Ланс»даги расмий дебютини нишонлашини кутганди, аммо ёш ҳимоячимизга имкон берилгани йўқ.

Италия.Элдор Шомуродовнинг «Кальяри»даги расмий дебютида Клаудио Ранье­ри жамоаси «Палермо»ни 100 ва 120-дақиқалар (қўшимча бўлимлар)да урилган голллар эвазига 2:1 ҳисобида енгиш асносида Италия кубоги 1/16 финалига чиқди. Миллий жамоамиз сардори эса 85-дақиқадагина 61-рақам остида майдонга туширилди. Раньери учрашувдан сўнг Шомуродов ҳақида ҳам алоҳида гапирди: «Аслида режага кўра, Элдор бу учрашувда қатнашмаслиги керак эди. Лекин Леонардо Паволетти ўйиндан чиқиб қолгач, уни жангга ташлашга мажбур бўлдим. Чунончи, Шомуродов оптимал формасини ҳали 50-60 фоизга ҳам тиклагани йўқ. Муҳими, шу ҳолатда ҳам ўзини кўрсатиш имкониятини ҳосил қилди». «Кальяри» энди кейинги раундда «Удинезе» билан ўйнайди.

Малайзия. Мамлакат Суперлигаси 20-туридан ўрин олган «Келантан» - «Теренггану» ўйини 0:8 ҳисобида якунланди. Диққатга сазовор томони, меҳмон жамоа голларидан бирига унинг сафига яқиндагина қўшилган ярим ҳимоячи Нурилло Тўхтасинов муаллифлик қилди. Бу ҳамюртимиз учун «Теренггану» либосидаги дебют гол бўлди. Нуриллонинг янги жамоаси айни пайт Малайзия Суперлигаси турнир жадвалида 32 очко билан 6-ўринни эгаллаб турибди.

Таиланд.Игорь Сергеев «Полис Теро»га қарши сафар ўйини (2:2)да «Патум Юнайтед»даги дебютини нишонлади. 11-рақамли футболкада майдонга тушган Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси тўлиқ 90 дақиқа ҳаракатланди.

МАШАРИПОВ ҲАМ ТУРКИЯГА ЙЎЛ ОЛАДИМИ?

Саудиянинг «Ал-Наср» клуби ҳамюртимиз Жалолиддин Машарипов билан батамом хайрлашмоқчи. Маълум бўлишича айни пайт миллий жамоамиз ярим ҳимоячиси Туркиянинг «Трабзонспор» клуби эътиборида турибди. Бу ҳақда SaudiPro League Transfers манбаси хабар берди. Туркиянинг 61saat.com нашрида ёзилишича эса, «Трабзонспор» ярим ҳимоячиси Мислав Оршич жароҳатлангач, жамоа бош мураббийи Ненад Белица унинг ўрнига 29 ёшли ҳамюртимизни жалб этиш таклифини илгари сурган.